Помпеонинг Тошкентга ташрифи учинчи давлатлар манфаатига зид эмас – Неъматов
Жамият
−
15 Февраль 2020
5064Маълумки, жорий йилнинг 3 февраль куни АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео Ўзбекистонда бўлиб, Президент Шавкат Мирзиёев қабулида бўлди. Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан музокаралар ўтказди. Тошкентда ўтган “Марказий Осиё – АҚШ” (С5+1) форматидаги ташқи ишлар вазирлари учрашувида иштирок этди.
Маълумки, Помпеонинг Ўзбекистондаги ташрифи ва ўтказган музокаралари Россия ва Хитойнинг эътирозига сабаб бўлди. Бир тарафда Хитой элчихонаси Помпео Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан Ўзбекистонга ташрифи давомида мамлакат расмийларини Хитойдаги уйғурларга нисбатан муносабатга қарши қайраган деб баҳолади. Иккинчи тарафдан Россия мазкур ташрифга ўз эътирозини билдириб, “АҚШ дунёнинг ҳар қайси минтақасида истаганимни қиламан деб ишонади, шунинг учун шерикларини Россия ва Хитойга қарши қайраяпти”, деган баёнот билан чиқди. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов бошқа мамлакатларнинг хавотирига нисбатан муносабат билдирди.
"Шуни таъкидламоқчиманки, Тошкентнинг бирорта давлат билан ҳамкорлиги бошқа давлат билан алоқаларга қарши қаратилмаган. У ёки бу державанинг юқори мартабали амалдорларининг олий ташрифлари эса учинчи давлатлар манфаатига зид эмас. Биз фақатгина ўзимизнинг миллий манфаатларимизга амал қиламиз ва Россия Федерацияси билан ҳам, АҚШ билан ҳам, Хитой билан ҳам дўстона алоқалардамиз. Бу ерда ҳеч қандай зиддиятга ўрин йўқ", дейди дипломат Неъматов.
АҚШ Давлат котиби томонидан айтилган, "Қозоғистон ва Ўзбекистон инфратузилмаси Хитойда чиққан ўлим келтирувчи коронавирусга қарши курашишга тайёр эмаслиги" ҳақидаги гапларга изоҳ берар экан, дипломат, эпидемия бошланган вақтдан буён республика ТИВ ХХР ва бошқа давлатлардаги ҳамкасблари билан биргаликда чет элда бўлиб турган ўз фуқароларига зарур ёрдамни кўрсатаётганини қайд этди.
Жорий йилнинг 12 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Хитой Халқ Республикасига гуманитар ёрдам юбориш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ушбу фармонга биноан инсонпарварлик ёрдамининг биринчи юки Хитойга етказиб берилди.
Вазир ўринбосари ОАВ билан мулоқот давомида Хитойда коронавируснинг тарқалиши ва унинг олдини олиш борасида ҳамкорликда олиб борилаётган ишларга ҳам тўхталди.
"Бизга маълум бўлишича, ҳолат ҳозирда назоратга олинган ва вирус ёйилиши тезлиги пасайган. Бу ҳақда хитойлик ҳамкасбларимиздан хабар топдик. Биз самолётларимиз ёрдамида 500дан ортиқ фуқароларимизни эвакуация қилдик, бундан ташқари 2 мингдан зиёд ўзбекистонликларга бошқа давлатлар томонидан ёрдам кўрсатилган. Хитойдаги консуллигимиз ва элчихонамиз ватандошлар билан мунтазам алоқада, биз ушбу умумий хатарга қарши ишларни фаол давом эттирмоқдамиз", дейди Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов.
LiveБарчаси