... 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”
МЕНЮ
ONLINE TV

Синовларда тобланган қисмат: Ёдгор Саъдиев 70 ёшда!


12:34, 13.06.2016 Театр
 9 756

Мусичадек икки қалб – Ёдгор ака ва Зайлихон опа кексайгач, бир-бирига тирговуч, суянчиқ бўлишга, кексалик гаштини бирга суришга, набираю абиралар тўйида бош бўлишга аҳдлашишган эди. Афсус, Зайлихон опа аҳдини бузди.

Кеча, 12 июнь куни ўзбек киноси ва театрнинг тирик афсонаси, кўплаб роллари билан халқимиз қалбидан жой эгаллаган актёр, Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев қутлуғ 70 ёшни қаршилади.
 
1946 йил Тошкентда, санъаткорлар оиласида таваллуд топган Ёдгор Саъдиев болалигидан ҳам санъатга, ҳам спортга ҳавасманд бўлиб вояга етди. “Пахтакор” футбол жамоасида дарвозабон бўлиб кўзга тушган Ёдгор Саъдиев спортчиларга хос баъзи муаммолар сабаб футболдан кетади.
 
Актёр 1971 йилда ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтини тугатиб, Ўзбек миллий академик драма театрининг ёш актёлари қаторидан жой олади. Отахон театрнинг устоз актёрлари назарига тушган Ёдгор Саъдиев эпизод ролларда узоқ қолиб кетгани йўқ. “Қароқчилар”, “Уйланиш”, “Бой ила хизматчи”, “Юлдузли тунлар”, “Алишер Навоий”, “Келинлар қўзғалони” каби спектаклларда 60дан зиёд эсдақоларли роллар ижро этди.
 
Театр саҳнасида омади чопган Ёдгор Саъдиевга кино ҳам бегона бўлмади. “Дилбарим”, “Минорхўрлик Жўра овчи”, “Енгилмас”, “Ўн уч терак кўчаси”, “Қизил қумлар” номли фильмлар бугун ТВларда эфирга узатилмасада, уларни кекса томошабинлар яхши эслашади.
 
Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиевнинг ижодида “Шайнанат” сериали жуда катта ўрин тутади. Таъбир жоиз бўлса, актёр неча йилларким халқ кўз ўнгида Асадбек бўлиб яшаб келмоқда. Бу ҳам бўлса, унинг ўз ролини ишонарли ва қойилмақом қилиб ижро этганидан далолат. 1998 йилда суратга олинган “Шайтанат” сериали ҳалигача томошабинларнинг тилидан тушмай келяпти.
 


45 йиллик ижодий фаолиятга эга бўлган актёр 1998 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги  қошидаги “Қалқон” студиясига раҳбарлик қилиб келмоқда. Актёр ўтган йилларда яна театрга қайтди. Ёдгор Саъдиевнинг мухлислари уни Ўзбек миллий академик драма театри саҳнасида “Имон” спектакли билан кутиб олишди. Ҳам ҳаётий, ҳам ижодий тажрибага эга бўлган актёрни ҳаёт кўп синовлардан ўтказди. Тоблади, бардошини элаклади. Саъдиевдаги салобат, нигоҳларидаги чақин, овозидаги виқор ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ ёки бу шунчаки актёрлик маҳорати эмас. Бу тақдирнинг паст-баландини кўрган, гоҳ аччиқ, гоҳ ширин инъомларини тотган инсоннинг ҳаётий қиёфаси.
 
Ёдгор Саъдиевнинг театр ва кино соҳасида кўп йиллик ижоди ҳукумат томонидан эътиборга олиниб, 1989 йилда Республика Давлат мукофотиига лойиқ топилди. 1998 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвонига сазовор бўлди.
 
Профессионал актёрнинг ижодий фаолиятини ўрганиш жараёнида ижтимоий тармоқлардаги бир фикрга кўзимиз тушди. Саъдиевнинг мухлиси Facebook’даги саҳифаси орқали шундай деб ёзади.
 
“15 йил Асадбек бўлиб юрган Ёдгор Саъдиев театрга қайтганидан хурсанд бўлиб юрган эдим. “Энди олдингидек жон куйдириб ўйнармикин?”, деган хавотир ҳам бор эди, кўнглимда. Театрга тушиб, яна хурсанд бўлдим. Хавотирлар тарқади.
 
“Имон” спектаклини кўрдик. Ёдгор ака барибир катта санъаткор, зўр ўйнади. Спектаклдан сўнг, томошабинлар 10 дақиқача тик туриб олқишлашди. Ёнларида Рихси опа, Муҳаммадали Абдуқундузов, Зуҳра Ашурова, Абдураим Абдуваҳобов, Теша Мўминов ўйнашди. Спектакль охирида Ёдгор ака мени йиғлатган мана бу сўзларни айтди: — Ижозат берсангиз, мана шу гулларни бу ролнинг эгаси, буюк устозимиз Олим Хўжаевнинг ҳурматига саҳнада қолдирсам...
 
Ёдгор Саъдиев “Қойилмақом қилиб қўйдим-ку”, деб кетмади. “Бу гуллар меники!”, демади. Айтса, ҳаққи бор эди. Ўзидан олдин бу ролни зўр ўйнаган устоз санъаткорнинг ҳурматини жойига қўйди. Ёдгор Саъдиев марднинг ишини, эркакнинг ишини қилди. Ана шунга йиғладим. Томошабинлар эса яна беш дақиқача қарсак чалди. Бу қарсаклар мардликка, тантиликка чалинган қарсаклар эди”.
 
Актёрнинг оддий мухлиси дилидан чиққан юқоридаги гаплар шунчаки баландпарвоз ашъор, Саъдиевнинг сийрати ва сувратига берилган номуносиб баҳо эмас, аксинча, унинг басавлат, жаҳлдор қиёфаси ортига беркинган кенг юрак ва олийжанобликка айтилган таърифдир. У бутун умр ўзидан катталарнинг ҳурматини жойига қўйди. Кичикларнинг кўксидан итармади, шогирдларидан ёрдамини, маслаҳатини аямади.
 
Саъдиев оилада ҳам намунали оила бошлиғи, суюкли ёр, меҳрибон ота ва албатта, болажон бува сифатида тилга тушган. Унинг хонадонида меҳмонда бўлганлар актёрнинг қўли ширин ошпаз эканини ҳам алоҳида таъкидлашади. Бу жиҳатдан Зайлихон опанинг бахти кулган. Дарвоқе, мусичадек икки қалб кексайгач, бир-бирига тирговуч, суянчиқ бўлишга, кексалик гаштини бирга суришга, набираю абиралар тўйида бош бўлишга аҳдлашишган эди. Афсус, Зайлихон опа аҳдини бузди.
 


Тақдир бизнинг орзуларимиз устидан ҳукм чиқаради. Ўтган йилнинг  17 декабрь куни Зайлихон Саъдиева оламдан кўз юмди.
 
Бугун қутлуғ 70 ёшни қаршилаган Ёдгор Саъдиев томошабинлар учун ҳамон ўша забардаст, салобатли Асадбеклигича қолган. Томошабинлар, айниқса, эркаклар у ижро этган роллардан куч олади. Ҳаётга бўлган қарашини ўзгартиради. Ҳақиқий актёрнинг моҳарати ҳам шунда. У доим томошабинга дахлдор бўлиб яшайди. Ёдгор Саъдиев эса буни дилдан англаган, номига доғ туширмаган, ўз қадрини ва қимматини биладиган, устозлар ёди ва хотирасини улуғлаб, шогирдлар учун муносиб ҳаёт йўли билан ўрнак бўла оладиган буюк актёр.
 
Фурсатдан фойдаланиб, таҳририятимиз номидан Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиевга узоқ умр ва сиҳат-саломатлик тилаб қоламиз. 
Қамариддин Шайхов

Теглар:Ёдгор Саъдиев Театр Ўзбек миллий академик драма театри 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!