“Олимпия куни” тадбирларида 2,5 млн ўзбекистонлик иштирок этди

Спорт

image

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 6 июль куни Ўзбекистонда “Олимпия куни” катта байрам сифатида кенг нишонланди. Эътиборлиси, мамлакат тарихида ҳали бундай катта масштабдаги спорт тадбири ўтказилмаган.

Тадбир 6 июль санасига белгиланган бўлса-да, мазкур байрамни нишонлаш республикадаги вилоятларда бир неча кун муқаддам бошланиб кетган эди. Жумладан, дастлаб Бухоро вилояти Арк қўрғонида “Олимпия куни” доирасида 10 минг киши иштирокида оммавий спорт тадбири ўтказилди.

Шундан сўнг “эстафета таёқчаси” Самарқанд, Хоразм, Андижон, Қашқадарё ва бошқа вилоятларига навбати билан ўтиб борди.

Маълум бўлишича, мазкур спорт тадбири Тошкентдан Термизгача, Хонабод шаҳридан Қорақалпоғистоннинг чекка ҳудудларигача бўлган жойдаги деярли ҳар бир оилага кириб борди. Шу боис ҳам ортда қолган ҳафтани Олимпия ва спорт ҳафталиги сифатида тарихда қолди, дея бемалол айта оламиз. Зеро, бир неча кун мобайнида ҳар бир вилоят, шаҳар ва туман марказларида Олимпизм ғояларини, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди. Таъкидлаш жоиз, ушбу тадбир доирасида йирик саноат корхоналаридан тортиб ёзги болалар оромгоҳлари, мамлакатда фаолият олиб бораётган кўплаб ташкилотлар ҳам фаол иштирок этишди. Ҳисоб-китобларга кўра, бу йилги “Олимпия куни” бутун Республика бўйлаб 2.5 миллион кишини спорт тарғиботи, Олимпизм ғояси йўлида бирлаштирди.

Жумладан, Тошкентда ўтган оммавий спорт тадбири ҳам пойтахт аҳолиси учун чинакам байрамга айланди. Боғлардаги кўнгилочар тадбирлар, марказий хиёбондаги отлар паради, “Ҳумо арена”даги концерт минглаб пойтахтликларга олам-олам қувонч улашди.

6 июль куни “Ҳумо арена”да ўтган катта концерт дастури эса мамлакатда ўтган Олимпия ва спорт ҳафталигининг мантиқий якуни бўлди. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бундан кейин ҳам оммавий спорт тарғиботи йўлида қатор спорт тадбирларини ташкил этишда давом этади.


Мақола муаллифи

Теглар

МОҚ Олимпия куни

Баҳолаганлар

2

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг