Кадрларга эҳтиёжи бор тиббиёт ва фармацевтика муассасалари учун махсус кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилади

Жамият

image

Жорий йилнинг 6 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Тиббиёт ва фармацевтика таълими ва илм-фани тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қуйида Президент қарори билан тўлиқ танишишингиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори

Мамлакатимизда миллий тиббиёт ва фармацевтика таълимини модернизация қилиш, ушбу соҳага халқаро таълим стандартларини жорий этиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишнинг долзарб муаммолари бўйича комплекс илмий тадқиқотлар олиб бориш, шунингдек, таълим олаётган ёшларга маънавий-ахлоқий тарбия беришнинг самарали тизимини яратиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, республиканинг олис ва етиб бориш қийин бўлган ҳудудларида умумий амалиёт врачлари ҳамда тор мутахассисларнинг етишмаслиги, тиббиёт таълим муассасаларидаги зарур бўлган амалий тайёргарликнинг етарли бўлмаётганлиги, шунингдек, узлуксиз касб-ҳунар таълимини ташкил этишнинг замонавий шакл ва услубларининг суст жорий этилиши тиббиёт ва фармацевтика кадрларини тайёрлаш, ўрта муддатли даврда уни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларини белгилаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар қабул қилинишини талаб этмоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда 2019-2025йилларда Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси вазифаларига мувофиқ, шунингдек, тиббиёт ва фармацевтика таълими ва илм-фани тизимини янада такомиллаштириш, унинг амалий соғлиқни сақлашга интеграция қилинишини таъминлаш ҳамда тиббий ёрдам кўрсатиш даражасини ошириш мақсадида:

1. Қуйидагилар тиббиёт ва фармацевтика таълими ва илм-фанини янада ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишлари деб ҳисоблансин:

бирламчи тиббиёт-санитария ёрдами муассасалари учун умумий амалиёт врачлари ичидан эҳтиёж юқори бўлган тор мутахассисликлар бўйича шифокорларни тайёрлашни ташкил этиш;

тиббиёт ва фармацевтика кадрларини тайёрлаш ва узлуксиз касбий таълими жараёнларига ўқитишнинг кредит-модул тизимини жорий этиш;

тиббиёт ва фармацевтика кадрларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимининг марказлаштирилишига барҳам бериш, уларнинг узлуксиз касбий таълим билан тўлиқ қамраб олинишини таъминлаш;

тиббиёт ва фармацевтика кадрларини қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқитиш жараёнларини мониторинг қилиш ва шахсий ҳисобга олишни таъминлаш;

тиббиёт ва фармацевтика илм-фанини, шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасидаги инновацияларни жаҳон даражасигача ривожлантириш, уларни глобал илмий майдонига интеграция қилинишини таъминлаш;

кадрларни тайёрлаш, таълим, илм-фан ва амалиётни интеграция қилишнинг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида тиббиёт ва фармацевтика муассасаларининг клиникалари, ўқув ва ўқув-ишлаб чиқариш базаларини ривожлантириш.

2. Қуйидагилар:

Тиббиёт ва фармацевтика таълими ва илм-фани тизимини янада ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси 1-иловага мувофиқ;

2025 йилга қадар тиббиёт ва фармацевтика таълими ва илм-фанини ривожлантириш сифатини баҳолаш индикаторлари 2-иловага мувофиқ;

Тиббиёт ва фармацевтика олий таълим йўналишлари, ўқитиш муддатлари ва битирувчиларга бериладиган малакалар рўйхати 3-иловага мувофиқ;

Ўрта махсус тиббиёт таълим йўналишлари, ўқитиш муддатлари ва битирувчиларга бериладиган малакалар рўйхати 4-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизими тиббиёт ва фармацевтика кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва узлуксиз касбий таълим муассасалари ташкилий тузилмаси 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт ва фармацевтика таълими ва илм-фани соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб белгилансин.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

белгиланган тартибда давлат таълим стандартларини ишлаб чиқиш, ўқув жараёнини амалиёт ва илғор халқаро тажрибага интеграциялашувини таъминлашни инобатга олган ҳолда тиббиёт ва фармацевтика кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва узлуксиз касбий таълим тизимининг малака талаблари, ўқув режалари ва ўқув дастурларини тасдиқлаш;

тиббиёт ва фармацевтика таълими йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига мустақил равишда таклифлар киритиш;

фақатгина ўқув ва амалиёт характерига эга чора-тадбирлар бўйича иш вақтини ҳисобга олишга таянган ҳолда тиббиёт ва фармацевтика таълимининг (шу жумладан, кредит-модулли ўқитиш тизими шароитида) ўзига хослигини ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда профессор-ўқитувчиларнинг меҳнат меъёрларини белгилаш, шунингдек, педагогик ходимлар томонидан илмий-услубий, илмий-тадқиқот, ташкилий-услубий, маънавий-ахлоқий ва тарбиявий ишларнинг бажарилишини рағбатлантириш;

узлуксиз касбий таълим тизимида тиббиёт ва фармацевтика кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш жараёнлари устидан ягона ташкилий ва ўқув-услубий раҳбарликни таъминлаш;

ўқитишнинг умумий харажатларидан келиб чиққан ҳолда клиник ординатура (резидентура)да тўлов-контракт асосида ўқитиш нархи миқдорини белгилаш.

4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг эҳтиёж юқори бўлган тор мутахассисликлар бўйича шифокорларни соғлиқни сақлашнинг бирламчи тиббиёт-санитария ёрдами муассасалари учун бир йилдан кам бўлмаган муддатда бирламчи мақсадли ихтисослаштириш курсларида тайёрлашни ташкил этиш ҳақидаги таклифи қабул қилинсин.

Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

бирламчи мақсадли ихтисослаштириш курсларига Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги давлат тиббиёт муассасалари ва ҳудудий соғлиқни сақлаш ташкилотлари томонидан тегишли соҳаларда кадрлар танқислигини инобатга олган ҳолда шакллантириладиган талабномаларга асосан умумий амалиёт шифокорлари қабул қилинади;

шифокорларни бирламчи мақсадли ихтисослаштириш Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ва тиббиёт олий таълим муассасаларида уларни таъминлаб туриш учун ажратилган бюджет маблағлари доирасида амалга оширилади;

бирламчи мақсадли ихтисослаштириш курслари якунида шифокорларга олинган ихтисослик бўйича фақатгина соғлиқни сақлашнинг бирламчи тиббиёт-санитария ёрдами муассасаларида фаолият юритиш ҳуқуқини берувчи белгиланган намунадаги сертификат тақдим этилади;

бирламчи мақсадли ихтисослаштириш курсларини тамомлаган шифокорлар уларни ўқишга йўллаган муассасада эгалланган тор мутахассислик бўйича камида уч йил ишлаб беришлари шарт;

талаб этиладиган мутахассисликлар бўйича шифокорларни бирламчи мақсадли ихтисослаштириш курсларида ўқитишнинг тартиби, дастурлари
ва муддатлари, шахсларни бирламчи мақсадли ихтисослаштириш курсларига саралаб олиш квоталари ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгилаб берилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

а) 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб тиббиёт ва фармацевтика кадрлари учун муаммоларга йўналтирилган модулли ўқув дастурлари, семинар, конференция, вебинар, маҳорат дарслари, симуляцион тренинглар ва бошқа ўқитиш курслари негизида ҳар йили малака оширишни назарда тутувчи кредит-модулли ўқитиш тизимига асосланган, узлуксиз касбий таълим тизимини жорий этсин;

б) тиббиёт ва фармацевтика кадрларини узлуксиз касбий таълим олиши тизими асосида ўқитиш ҳуқуқи белгиланган тартибда аккредитациядан ўтган қуйидаги муассасаларга тақдим этилсин:

тиббиёт ва фармацевтика, шу жумладан, нодавлат олий таълим муассасалари;

республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт ҳамда илмий марказлари, уларнинг филиаллари, илмий-текшириш институтлари;

ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт марказлари.

Белгилансинки, узлуксиз касбий таълим тизими асосида ўқитиш натижалари бўйича шифокорлар ва провизорларни якка тартибда лицензиялашда ҳисобга олинадиган, тўпланган кредитларни инобатга олувчи белгиланган намунадаги сертификат берилади;

в) 2019 йил 1 декабрга қадар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий сайтида малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларида таълим олаётган ҳар бир тиббиёт ва фармацевтика ходимини мониторинг қилиш ва ўқитиш ҳажмини шахсий ҳисобга олиш имкониятини таъминловчи “Узлуксиз касбий таълим” махсус порталини яратсин.

6. Узлуксиз касбий тиббиёт таълимида тўпланадиган кредитлар ҳажми 6-иловага мувофиқ белгилансин.

7. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг кадрларни узлуксиз тайёрлашни таъминлаш, шунингдек, таълим ва илм-фан жараёнларини тиббиёт амалиёти билан интеграция қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин, унда қуйидагилар назарда тутилсин:

Тошкент тиббиёт академиясининг биринчи, иккинчи ва учинчи клиникалари негизида замонавий тиббиёт таълим кластерини яратиш орқали Тошкент тиббиёт академиясининг Кўп тармоқли клиникасини ташкил этиш;

тиббиёт ва фармацевтика олий таълим муассасалари таркибий тузилмасига бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан молиялаштириладиган даволаш (амалиёт) ишлари проректори (директор ўринбосари) лавозими ва иккита штат бирликларидан иборат клиник (ўқув) базалари билан ишлаш бўлимини ташкил этиш;

тиббиёт олий таълим муассасаларида бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан таъминланувчи анатомик морглар, ўқув-биологик лаборатория (виварий)лар ва илмий-тадқиқот лабораторияларини ташкил этиш;

Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ва тиббиёт олий таълим муассасаларида ўқув-симуляцион марказларни ташкил этиш.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги икки ой муддатда мазкур бандда назарда тутилган тиббиёт ташкилотларини қайта ташкил этиш бўйича ташкилий-амалий чора-тадбирларни амалга оширсин.

9. Белгилансинки:

а) тиббиёт олий таълим муассасаларининг клиникалари:

тиббиёт олий таълим муассасаларининг таркибий бўлинмалари ва клиник фанларни ўқитиш учун асосий база ҳисобланади, шунингдек, кафедра ходимлари билан биргаликда ўқув жараёнини ташкил этиш, аҳолига ихтисослаштирилган хизмат кўрсатиш, тиббиёт соҳасида илмий-текширув изланишларини олиб боришда фаол иштирок этади;

клиника шифокор ходимлари таркибини шакллантиришда тиббиёт олий таълим муассасаси кафедралари профессор-ўқитувчиларининг сони 50 фоиздан кам бўлмаслигини таъминлайди;

тиббиёт олий таълим муассасаси кафедралари ходимларини дарс жадвали ва ўқув режага мувофиқ етарли ўқув хоналари, шунингдек, педагогик ҳамда илмий-текшириш фаолияти учун шароитлар билан таъминлайди;

б) тиббиёт олий таълим муассасалари клиникаларининг бош шифокорлари:

яширин овоз бериш йўли орқали олий таълим муассасаси Кенгашининг тақдимномасига кўра, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;

кафедра ходимларининг тўлақонли таълим, даволаш-диагностика ва илмий фаолиятини ташкил этишни таъминлаш юзасидан шахсан жавобгар ҳисобланадилар.

10. 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб:

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири томонидан тасдиқланадиган рўйхатга кўра, республиканинг олис ва етиб бориш қийин бўлган ҳудудларидаги бирламчи соғлиқни сақлаш бўғинлари давлат муассасаларида уч йилдан кам бўлмаган муддат ишлаб берган шифокорларга клиник ординатурага (резидентурага) киришда танлов синовлари натижалари бўйича йиғилган баллар суммасидан 30 фоиз миқдорида қўшимча баллар тақдим этилиши;

тиббиёт олий таълим муассасалари, малака ошириш институтлари, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, илмий-текшириш институтлари ва уларнинг филиаллари харажатларининг бюджет сметаларида назарда тутилган маблағлар доирасида, шунингдек, тўлов-контракт асосида клиник ординаторлар (резидентлар)ни ўқитишдан тушадиган маблағлар ҳисобидан клиник ординатор (резидент) раҳбарига бир йилда 100 соат ҳисобидан бир нафар клиник ординатор (резидент)га раҳбарлик учун соатбай тўловлар тўланиши белгилансин.

Тиббиёт олий таълим муассасалари раҳбарларига дарс бериш фаолиятида иштирок этиши учун даволаш-профилактика муассасаларидан жалб қилинадиган малакали мутахассисларга тўлов-контракт асосида ўқишга кираётганлар маблағлари ҳисобидан лавозим маошига 100 фоизгача бўлган миқдорда ҳар ойлик шахсий устамалар белгилаш ҳуқуқи берилсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда:

кредит-модулли ўқитиш тизимини жорий этиш орқали олий тиббиёт ва фармацевтика таълими давлат таълим стандартлари, тиббиёт ва фармацевтика кадрларининг малакасини ошириш, қайта тайёрлаш давлат талабларини ишлаб чиқиш;

таълим жараёнида клиникагача ва клиник модуллар, шу жумладан, клиник ўқув амалиёти бўйича ўқув соатларини ошириш ҳисобига амалий таркибий қисмини кучайтириш;

кредит-модул тизимини жорий этиш орқали магистратура ва клиник ординатура (резидентура)да эгалланаётган амалий кўникмаларнинг мураккаблигига боғлиқ ҳолда таълим муддатларини оптималлаштириш орқали ўқитиш жараёнини такомиллаштириш;

илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда, ўқитиш даври учун кредитлар меъёрларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, шунингдек, 100 баллик рейтинг тизимини қўллаган ҳолда ўқувчи ва талабаларнинг ҳар бир модул бўйича билим ва кўникмалари ўзлаштирилишини назорат қилишни таъминласин.

12. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

халқаро молия институтлари маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг хайриялари, шунингдек, тиббиёт ва фармацевтика таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан 2020 йилдан бошлаб ҳар йили тиббиёт ва фармацевтика олий таълим муассасалари талабалари ва тиббиёт коллежларининг ўқувчилари орасида клиник фанлар бўйича Ибн Сино номидаги халқаро тиббиёт олимпиадалари, шунингдек, ёш олимлар орасида Ибн Сино номидаги халқаро илмий танловлар ўтказилишини таъминласин;

ҳар йили 1 сентябрга қадар давлат тиббиёт муассасалари ва ҳудудий соғлиқни сақлашни бошқариш ташкилотларининг талабномалари асосида республика ҳудудлари кесимида тиббиёт ва фармацевтика кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими муассасалари ва бўлинмалари учун узлуксиз касбий таълим курсларида ўқитиш режаларини тасдиқласин.

13. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бир ой муддатда тиббиёт ва фармацевтика таълим муассасалари, республика илмий-амалий марказлари ва уларнинг филиаллари, илмий-текшириш институтлари учун имтиёзли юқори тезликдаги интернет-тарифларини жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 майдаги “Ўзбекистон Республикасида тиббий таълим тизимини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–2956-сон қарорининг 2-банди иккинчи хатбоши ва 3-банди, шунингдек, иловаси ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

15. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

тиббиёт олий таълим муассасалари клиникалари, фармацевтика таълим муассасаларининг ўқув ва ўқув-амалиёт базалари намунавий низомини тасдиқлаш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳасини;

қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти 
Шавкат Мирзиёев

Тошкент шаҳри,
2019 йил 6 май


Мақола муаллифи

Теглар

Президент қарори

Баҳолаганлар

32

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг