Назарбоев: Коронавирус пандемияси рақобатчи давлатларни яқинлаштиряпти
Олам
−
08 Апрель 2020
6191Коронавирус пандемияси давлатлараро муносабатлар форматини ўзгартиряпти ва рақобатчи давлатларни бир-бирига яқинлаштиряпти, дея фикр билдирди Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев.
“Кечагина давлатлар ўзаро тўсиқлар барпо қилиб, санкциялар “уруши”га киришганди, энди бўлса бир-бирига ёрдам қўлини чўзяпти. Бу глобал даражада жиддий ўзгаришлар бошланганидан дарак беради”, деган Назарбоев ОАВда эълон қилинган мақоласида.
Назарбоев дунё тарихида ўн ва юз йиллаб давом этган уруш, можаролар юз берганини эслатиб ўтган.
“Миллионлаб одамларни ҳаётдан олиб кетган эпидемиялар оз бўлмаган. Инсоният барчасини енгиб ўтган. Ҳозирги машаққатларни ҳам ортда қолдирамиз. Дунё державалари ҳозирги мураккаб вазиятдан дарс олиши керак”, деган собиқ Президент.
Маълумот учун, Қозоғистонда коронавирус инфекциясига чалинганлар сони 700 нафардан ошди. Улардан 6 нафари вафот этган, 51 нафари даволанган.
Дунё бўйича 1 430 141 кишида коронавирус аниқланди. Уларнинг 82 133 нафари вафот этди, 301 130 нафари соғайиб кетди.