Тошкент шаҳар ИИББ “Qanotchi”нинг очилганига изоҳ берди

Жамият

image

Аввалроқ, Тошкент шаҳрида карантин вақтида “Qanotchi” ресторани меҳмонлар учун очилгани ҳақида хабар берган эдик. Шундан сўнг, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳолатга изоҳ бериб, ресторан синов тариқасида очилганини маълум қилди ва “Qanotchi” яна ёпилди.

Бугун, 11 май куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳолат бўйича ўз изоҳини берди.

Унга кўра, карантин чораларини босқичма-босқич юмшатиш режасига мувофиқ, хизмат кўрсатиш соҳаси субъектларининг фаолияти аста-секин тикланиши кўзда тутилган.

“Эпидемиологик ҳолат барқарор бўлган туманларда тегишли санитария меъёрларини ўрнатган ҳолда маиший дўконлар, тиббий диагностика хизматлари, такси, тикувчилик, маиший техника ва оёқ кийим таъмирлаш, сартарошхоналар фаолиятига рухсат берилган. Шу билан бирга концерт, театр, кинотеатр, музей, спорт тадбирлари, маросимларни ўтказмаслик бўйича чекловлар сақланиб қолинади.

Шу муносабат билан “Qanotchi” ресторанида умумий овқатланиш жойларининг санитария-эпидемиология меъёрларига риоя қилган ҳолда ишлаш имкониятини ўрганиш мақсадида синов ўтказилди. СЭХ хизматлари ишчилари билан ҳамкорликда ўтказиладиган синов ҳақида Тошкент шаҳар ИИББ хабардор қилинган эди.

Умумий овқатланиш жойи дезинфекция мосламаси, мижозлар столларини ажратиб турувчи ҳимоя экранлари билан жиҳозланиб, СЭОМ бош шифокори М. Қутратходжаеванинг шарҳида қайд этилганидек, “...ишлаб чиқилган хавфсизлик чоралари режасига риоя қилаётган эди”.

Синов натижалари Коронавирус инфекциясига қарши кураш бўйича Республика махсус комиссияси томонидан маълум қилиниб, умумий овқатланиш жойлари фаолиятини тиклаш масаласи ўрганилади ва узил-кесил қарор қабул қилинади.

Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва Тошкент меҳмонлари! Сизнинг интизомингиз ва сабрингиз туфайли коронавирус инфекциясини тўхтатиб туриш уддаланмоқда. Аммо ҳали таҳдид тўлиқ бартараф этилгани йўқ, Коронавирус инфекциясига қарши кураш бўйича Республика махсус комиссияси карантин меъёрларини тўлиқ бекор қилиш бўйича қарор қабул қилмагунча биз хавфсизлик масалаларига масъулият билан қарашда, карантин қоидаларига риоя қилишда давом этишимиз зарур”, дейилади бошқарма баёнотида.

Аввал ҳам айтганимиздек, Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 8 майдаги йиғилиши баёнига мувофиқ шаҳар ва туманларда уларнинг “қизил, “сариқ” ва “яшил” тоифага киришига қараб карантин чекловларини юмшатиш белгиланганди. Бироқ шу билан бирга, ҳар қайси тоифа учун бирдек сақланиб қоладиган чекловлар ҳам маълум қилинганди. Унда кўнгилочар объектлар – тунги клублар, дискотека, ресторан, кафе, ошхона, чойхона, спа ва массаж салонлар, караоке, бильярд заллари, чилим (кальян) ва компьютер ўйинлари марказлари фаолиятига йўл қўймаслик аниқ ва тиниқ қилиб белгилаб қўйилганди. Қарорда истиснолар ёки ресторанларни янги талаблар доирасида ишга тушириш мумкинлиги ва бу борада Тошкент  шаҳар ҳокимлиги, ИИББ, СЭОМ келишилиши ҳақида бирор гап-сўз йўқ. Аммо негадир Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳам, ИИББ ҳам ҳолатга муносабат билдирганда унинг синов учун очилганига урғу беряпти.

Аслида, ИИББ Тошкентда комиссия қарорининг тўлиқ амал қилишини назорат қилиб бориши керак бўлган идора эмасми? “Ишонган тоғда кийик ётмас” деб шуни айтишадими? 


Мақола муаллифи

Теглар

Qanotchi

Баҳолаганлар

239

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг