Коронавирус қўрқинчи. Тожикистонда барча масжидлар ёпилади
Олам
−
05 Март 2020
9290Тожикистон Ислом маркази уламолар кенгаши идораси республика фуқаролари ва имомларни коронавирус хавфи сабабли масжидларга боришдан тийилишга чақирди. Мурожаат матни “Ховар” сайтида эълон қилинган.
Тожикистоннинг барча масжидлари, шу жумладан, жума ва беш вақт намоз ўқиладиган жомелар ҳам вақтинча ёпилади. Таъкидланишича, жаноза намозлари бундан мустасно.
Шу муносабат билан Тожикистон уламолари одамларга ўзларининг соғлиғига кўпроқ эътибор беришни, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилишни ва кўпчилик одамлар ташриф буюрадиган жой ва тадбирларга ташриф буюрмасликни тавсия қилди.
Маълумотларга кўра, Тожикистонда коронавируснинг олдини олиш ва тарқалиши учун зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Мамлакат бош вазирининг ўринбосари бошчилигида республика штаб-квартираси ва барча вазирлик ва идораларнинг идоралараро штаблари ташкил этилган.
Тожикистон Республикаси Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлигининг маълумотларига кўра, бугунги кунда мамлакатда коронавирус инфекцияси қайд этилмаган.
Аввалроқ, 4 мартдан эътиборан Тожикистон пойтахти Душанбедаги масжидлар намозхонлар учун ёпилаётгани маълум қилинган эди.
Мамлакат дунёда COVID-19 коронавируси тобора кенг тарқалаётган бир вақтда 35 та давлат - Хитой, Япония, Жанубий Корея, Вьетнам, Сингапур, Австралия, Малайзия, Камбожа, Филиппин, Таиланд, Непал, Шри-Ланка, Ҳиндистон, Финляндия, Италия, Британия, Испания, Швеция, Бельгия, Исроил, Австрия, Хорватия, Швейцария, АҚШ, Канада, БАА, Миср, Эрон, Ливан, Кувайт, Баҳрайн, Уммон, Афғонистон, Ироқ ва Жазоир фуқароларига мамлакатга киришни тақиқлади.
Сўнгги маълумотларга кўра, жаҳонда коронавирусга чалинганлар сони 95 392 нафарга етди. Ушбу касалликдан 3285 киши вафот этди. 53 271 бемор шифо топган.
Коронавирус энг кўп тарқалган давлатлар: Хитой (80409 бемор – 3012 нафар вафот этган), Жанубий Корея (5766 – 35), Италия (3089 – 107), Эрон (2922 – 92), Япония (1000 – 12), Франция (285 – 4), Германия (262 – 0), Испания (202 – 2), АҚШ (159 – 11), Сингапур (110 – 0), Гонконг (105 – 2).
LiveБарчаси