Сербияни оғир кунлар кутмоқда – Вучич 

Олам

image

Сербияни қийин кунлар кутмоқда. Бу ҳақда мамлакат Президенти Александр Вучич огоҳлантирди.

Президентнинг сўзларига кўра, сўнгги 48 соат ичида ҳозир гапириш осон бўлмаган муҳим хабарлар келиб тушган.

“Улар Сербия ва Сербия Республикасининг (Босния ва Герцеговина таркибидаги иккита субъект) ҳаётий муҳим миллий манфаатларига бевосита таҳдид солади. Яқин кунларда мен серб халқини олдинда турган барча муаммолар ҳақида хабардор қиламан. Бу ҳар доимгидек қийин бўлади. Биз курашамиз, Сербия ғалаба қозонади”, деб ёзди Вучич ижтимоий тармоқда.

Вучич айнан нимани назарда тутаётганига ойдинлик киритгани йўқ. Бироқ, “Radio Sarajevo”нинг тахмин қилишича, Президент назарда тутаётган таҳдиднинг икки хил версияси бор. Бу Косовонинг Европа Кенгашига қўшилиши ҳақидаги хабар ёки Босния ва Герцеговина сайлов қонунчилигидаги ўзгаришлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Айни пайтда Сербия Мудофаа вазири Милош Вучевичнинг маълум қилишича, ҳозирда Косовонинг Европа Кенгашига аъзо бўлиш ҳақидаги аризаси муҳокама қилиниши кутилмоқда. Унинг фикрича, бу барча халқаро меъёрларни бузиш ҳисобланади.

Маълумот учун, 2008 йилда Сербиядан мустақиллигини бир томонлама эълон қилган Косово 2022 йилнинг 12 майида Европа Кенгашига аъзо бўлиш учун расман ариза берди.

Европа Кенгаши Парламент Ассамблеясининг Сиёсий ишлар ва демократия қўмитаси кеча, 27 март куни  Косовонинг Кенгашга аъзолик аризасини муҳокама қилиш бўйича ягона кун тартиби билан йиғилиш ўтказди.


Мақола муаллифи

Теглар

Александр Вучич Сербия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг