Ўзгидромет радиацион булут масаласига аниқлик киритди
Жамият
−
21 Август 2019
7241Аввалроқ, Россиянинг шимолий туманларидан Ўзбекистон ҳудудига радиоактив булутлар кириб келган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик.
Мазкур ҳолат бўйича Гидрометеорология хизмати маркази расмий маълумот бериб, вазиятга аниқлик киритди.
“Синоптик вазият ва спутникдан олинган маълумотлар 8-20 август кунлари Ўзбекистон Каспий денгизининг жанубий қисми ва Эронда шаклланиб, Туркманистон орқали кириб келган жануби-ғарбий ҳаво оқими таъсирида бўлганини кўрсатди.
Россиянинг Европа ҳудуди (Северодвин) шимолий районларидаги ҳаво оқимлари Ўзбекистон ҳудудига кирмаган.
Ўзгидромет томонидан амалга ошириладиган радиация фони даражасининг мониторинги шуни кўрсатдики, республика бўйича гамма-нурланиш экспозицион дозаси қувватининг ўртача ойлик даражаси 0,16 мкЗв/ч ни ташкил қилган, ҳамда 0,08 мкЗв/ч дан 0,24 мкЗв/ч гача ўзгариб турган.
8-20 август даврида республика бўйича гамма-нурланиш экспозицион дозасининг ўртача қиймати 0,30 мкЗв/ч рухсат берилган кўрсаткичда 0,15 мкЗв/ч ни ташкил қилган.
Тошкент шаҳрида гамма-нурланиш экспозицион дозасининг максимал қиймати 0,16 мкЗв/ч га тенг бўлган, бу кўрсаткич 8 ва 10 август кунлари қайд этилган.
Шундай қилиб, 8-20 август даврида Ўзбекистон ҳудудида гамма-нурланиш экспозицион дозаси қийматларининг санитария меъёрларидан ошгани қайд этилмаган. Ҳавода техноген радионуклидлар мавжудлигини аниқлаш учун тегишли ўлчовлар амалга оширилмоқда”, дейилади марказ баёнотида.