Сенатнинг тўйлар ҳақидаги қарори Конституция ва инсон ҳуқуқларига зидми?
Жамият
−
20 Сентябрь 2019
11558Хабарингиз бор, жорий йилнинг 14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенат Кенгашининг “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш тартиби тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилинди. Унга кўра, тўй ва бошқа маросимларни ўтказишда маълум чеклов ва тартиблар ўрнатилмоқда.
Албатта, бу қарорни илиқ кутиб олганлар, яхши бўлди, деб фикр билдираётганлар талайгина. Бироқ, уни рад этишга уринаётган, Конституциявий эркинлик, инсон ҳуқуқлари топталяпти, деб иддао қилаётганлар ҳам бор. Сенатда бугун, 20 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда сенатор Иқбол Мирзо мазкур масалага тўхталди:
“Ижтимоий тармоқларда бу қарорда конституцион ҳуқуқлар қанчалик кўзда тутилган, инсоннинг эркинликлари топталмаяптими, деган саволлар кўзга ташланди. Ўйлаб қарасангиз, бундай чекловларни ёқтирмайдиган одамлар ҳар хил найранглар қилиб кўради. Бу қарорда инсон ҳуқуқлари ҳеч қандай кўринишда чегараланаётгани йўқ. Буни ҳуқуқшуносларимиз ҳам тасдиқлаб беришди. Бу ерда ҳеч қандай конституцион ҳуқуқ ҳақида гап бўлиши мумкин эмас”, дейди шоир-сенатор.
Қарор билан “Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом ҳам тасдиқланди. Айни кунларда эса ушбу Низом жамоатчиликнинг фикри билан янада бойитилмоқда. У 2020 йил 1 январдан амал қилади. Иқбиол Мирзо қарор ва Низомга изоҳ бераркан, бу одамларнинг шахсий ҳаётига аралашиш эмаслигини таъкидлайди:
“Биз уларга фалончининг қизини оласан ёки фалончининг ўғлига қизингни берасан, деб шарт қўяётганимиз йўқ. Тўйингни тартибли ўтказ деяпмиз, холос. Аксинча, сен бошқаларнинг ҳуқуқларини, бошқаларнинг тинчлигини бузмагин, кўчада тартибли ҳаракатлангин деяпмиз. Давлатнинг тимсоллари акс этган валютани сочиб, унинг устида ўйинга тушмагин деяпмиз. Ортиқча дабдабабозлик, ортиқча исрофгарчилик билан камбағал одамларнинг иззат-нафси, нафсониятига тегмагин деяпмиз. Биз инсофга чақиряпмиз. Агар инсофга чақириш Конституцияга зид бўлса, бу масалани алоҳида кўриш керак бўлади”.
Сенатор сўзида давом этиб, тўйларда ички ишлар ходимининг иштироки билан боғлиқ тарқалаётган гап-сўзларга аниқлик киритди.
“Иккинчи савол шуки: нимага энди бу масалани назорат қилиш ички ишларга топшириляпти? Масала ички ишларга топширилаётгани йўқ. Қарорда ички ишларни хабардор қилиб қўйиш ҳақида гап боряпти. Ички ишларнинг жавобгарлиги кучайтириляптики, кортежлар ҳаракатланаётганида, “ЗАГС карвони” юрган пайтда хавфсизликка кўпроқ эътибор қаратилсин ва тўйхоналардаги тартиббузарликларни ҳисобга олинсин.
Ҳаммамиз тўйларда бўламиз. Гапнинг очиғини айтадиган бўлсак, шу пайтгача бирорта жанжалсиз тўй кўрмаганман. Мен борган тўйларда ичиб олган йигитлардан иккитаси чиқиб олиб, албатта, ёқалашаётган бўлади. Бусиз бўлмайди. Ишчи ишларга шундай ҳолатларга эътибор беринглар дегани, тўйни ички ишларга топшириб қўйди дегани эмас-ку. Ички ишларга ўзини вазифасини бажариб, тартибни сақлаш юкланяпти. Одамлар эса ички ишлар ходими тўйхонага кириб, одамларни санайдими, деган гапларни чиқаришяпти. Бундай эмас, қарорни одамларга тўғри тушунтириш керак”.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь