“Толибон”дан Ўзбекистонга хавф борми? Толибларнинг Ўзбекистон бўйича режаси қандай? (видео)
Жамият
−
02 Март 2020
22599Хабарингиз бор, жорий йилнинг 29 февраль куни Қатарнинг Доҳа шаҳрида Америка Қўшма Штатлари ва "Толибон" ҳаракати ўртасида тинчлик сулҳи имзоланди.
Имзоланган тинчлик шартномасига кўра, АҚШ Афғонистонда қўшинлар сонини 135 кун ичида 12 мингдан 8,6 минг кишигача камайтириш мажбуриятини олди. Агар “Толибон” мамлакатда ҳудкушликларни мутлақо тўхтатса, америкаликлар ўз ҳарбийлари ва НАТО кучларини 14 ой давомида олиб чиқишда давом этади. Ушбу ҳаракатлар эвазига толиблар АҚШ ва бошқа давлатларга ҳужум қилиш учун Афғонистон ҳудудидан фойдаланишни тўхтатиши керак.
Афғонистонда тинчлик ўрнатишда Ўзбекистон муҳим роль ўйнади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси, мамлакат ҳукумати билан олиб борган музокаралари натижасида тинчлик сулҳи имзоланди. Жараёнда Ўзбекистон номидан Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ҳам иштирок этди. Комилов ушбу ҳужжатнинг аҳамияти ҳақида шундай дейди:
“АҚШ ва “Толибон” ҳаракати ўртасида биринчи марта тинчлик жараёнини ўрнатиш шартномаси имзоланди. 40 йил деганда биринчи марта яхши имкониятлар очиляпти. Бунда Ўзбекистоннинг ҳиссаси жуда катта. Муҳтарам Президентимиз ўзларининг қатъиятлари, кучли иродалари, прагматизмлари билан тинчлик жараёнини Тошкентдан Доҳагача етказиб бердилар”.
Афғонистонда 40 йил давом этган урушнинг оқибатлари Ўзбекистонгача етиб келган. Мамлакатда урчиган халқаро терроризм энг биринчи навбатда яқин қўшни ўлароқ Ўзбекистонга хавф туғдирган. Хўш, бундан кейин Ўзбекистон хавфсизлигига Афғонистон тарафдан дахл йўқми? Бу саволга вазир қуйидагича жавоб беради:
“Биринчидан, Афғонистон халқи бугун жуда бахтли. Биринчи марта уруш тўхтади. Отиш, зўравонлик тўхтади. Иккинчи жиҳати – бу Ўзбекистоннинг хавфсизлиги, барқарорлиги ва тинчлиги. Кеча “Толибон”лар бизнинг учрашувда айтишдики, биз ҳеч қачон “Ўзбекистонга қандайдир хавф келтирадиган, хавфсизлигини бузадиган ҳаракатларга йўл қўймаймиз ва бу соҳада бирга ишлашга тайёрмиз”. Бу Ўзбекистонда учун жуда катта ютуқ”.
Тинчлик сулҳи Ўзбекистоннинг нафақат хавфсизлиги, балки иқтисодий барқарорлигига ҳам катта таъсир кўрсатади. Маълумки, Ўзбекистон тўғридан-тўғри денгизга чиқа олмайди. Бунинг учун аввал ё Турманистон, ё Афғонистон орқали Эронга етиб олиш керак. Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши эса Ўзбекистон иқтисодиёти ривожига хизмат қилади.
“Бизнинг ўзимизга яраша прагматик манфаатларимиз бор. Бу – янги йўлларни очиш, савдо қилиш, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни Жанубий Осиёга эскпорт қилиш. Жанубий Осиё – бу жуда катта бозор. Ҳиндистон, Покистон, Эрон ва бошқа давлатлар экспорт учун жуда муҳим давлат”, дейди Абдулазиз Комилов.
LiveБарчаси