... 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”
МЕНЮ
ONLINE TV

Президентнинг кутилмаган ташрифидан сўнг 32- поликлиникада нималар ўзгарди?


16:33, 30.09.2017 Жамият
 4 446

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг май ойида Яшнобод туманидаги тиббиёт муассасасига кутилмаганда кириб борган эди. Ташрифдан сўнг...

Президент Шавкат Мирзиёев шу йилнинг май ойида Яшнобод туманига ташрифи чоғида, кутилмаганда 32-оилавий поликлиникага кирганда, муассасанинг самарадорлигини ошириш, уйларга чиқиб, аҳолига патронаж хизмати кўрсатишни янада кучайтириш зарурлигини таъкидлаган эди.
 
Давлат раҳбари мавжуд муаммоларни қисқа муддатда бартараф этиш, поликлиникани таъмирлаш ва аҳоли учун қулайликларни ошириш, мобиль тиббий ёрдам қамровини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берганди.


 
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ахборот хизмати томонидан таҳририятимизга йўллаган мактубида бу ҳақда батафсил маълумотлар берилган.
 
Президент топшириғидан сўнг қисқа вақт ичида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан поликлиника фаолиятини тубдан яхшилаш бўйича комплекс тадбир ишлаб чиқилди.
 
Тан олиш керак, илгари поликлиника фаолиятида камчиликлар кузатилиб, бу аҳолининг норозиликларига ҳам сабаб бўлаётган эди.
 
Хусусан, муассасанинг моддий-техника базаси, кадрлар салоҳияти, дори-дармон ва тиббий буюмлар таъминоти ҳамда патронаж хизмати ислоҳотга муҳтож эди.


 
Давлат раҳбарининг ўринли эътирози ва тавсиялари билан бугун поликлиника фаолияти тубдан яхшиланди, муассаса янги бинода янгича мезонда иш бошлади.
 
Ҳозирги кунда тиббиёт муассасасига киришданоқ поликлиника фаолиятининг асосий мезони — аҳолининг розилиги эканини англаш қийин эмас. Сабаби бу ерда яратилган барча шарт-шароитлар замирида, энг аввало, аҳолига қулайлик яратиш мақсади мужассам.
 
Поликлиникага ташриф буюрувчининг эътибори аввало киришда осилган ўзига хос ранглардаги маълумотлар тахтасига тушиши тайин. Айнан ушбу маълумотлар орқали қайси ихтисосликдаги шифокор нечанчи хонада қабул қилиши, иш вақти ва қабул кунлари билан танишиш мумкин.
 
32-оилавий поликлиника хизмат кўрсатувчи маҳаллалар аҳолиси билан суҳбатлашилганда, тиббиёт муассасасидаги навбатлар масаласи кўтарилган эди. Бугун замонавий тиббиёт электрон навбат тизимига ўтмоқда ва бу тажриба мамлакатимизда ҳам ўзини оқлаётир.


 
Поликлиникада шифокор қабулига электрон ёзилиш тизими жорий этилди. Бунда бемор ва шифокор вақти тежалади, иш самарадорлиги ортиб, режали фаолият ташкил этилади. Айниқса, ушбу қулайлик ёш болали оналар, ҳомиладор аёллар учун катта қулайлик бўлди.
 
“...Аввалги поликлиникамиз билан бугунги поликлиникамиз ўртасида ер билан осмонча фарқ бор”, дейди Жўрабек маҳалласида яшовчи Анвар Низомиддинов.
 
“Илгари хизматини ўтаб бўлган эски жиҳозлар, тиббий ускуналар ҳатто хоналар ҳам оғир кайфият қолдирарди. Бугун кенг, ёруғ бинога кириб келиб, ўзимни бемор эмас, меҳмондек ҳис қилдим. Кеча электрон навбат олгандим. Мана, ҳеч қандай кутишларсиз, ортиқча вақт сарфламай кўрикдан ўтдик”, деб қўшимча қилди маҳалла фуқароси.
 
Яшнобод туманидаги 32-оилавий поликлиника Асалобод, Маърифат, Ширинобод, Жўрабек, Яссавий, Бойсун маҳаллаларидаги 27 минг 350 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоқда.
 
Поликлиника замонавий тиббий техникалар, хусусан, УТТ, ЭКГ, рақамлирентген аппаратлари билан жиҳозланган. Қувонарлиси, энди муассасанинг ўзида барча турдаги биокимёвий таҳлиллар ўтказилиши йўлга қўйилди.
 
Ҳар бир шифокор интернет тармоғига уланган компьютер билан таъминланди. Бу мутахассисга электрон кутубхона орқали тиббиёт соҳасининг энг сўнгги янгиликлари, замонавий даволаш усуллари билан танишиб бориш, хориждаги ҳамкасблари тажрибасини ўрганиш имкониятини беради.
 
Яна бир қулайлик, шошилинч ҳолатларда мурожаат тушган хонадонга зудлик билан етиб бориш учун поликлиника қошида тез тиббий ёрдам подстанцияси ва унга бириктирилган махсус автомошина хизмати йўлга қўйилди.
 
Ушбу подстанциянинг поликлиника қошида ташкил этилиши бежиз эмас. Бундан кўзланган мақсад — тез тиббий ёрдам чақирилганда масофа билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олиш ҳамда бригада хонадонга етиб боргунча беморнинг амбулатор картаси билан танишиб, бемор аввал ўтказган касалликлари, олган муолажалари ва саломатлигига доир бошқа зарур маълумотларни аввалдан билиш имкониятини пайдо қилади.
 
Шунингдек, тез ёрдам бригадаси кўрикдан сўнг, бемор саломатлиги ҳақида умумий амалиёт шифокорини огоҳлантиради ва режали патронаж ўтказиб борилади.
Келажакда ушбу тажриба мамлакатимиздаги барча оилавий поликлиникаларга татбиқ этилиши кўзда тутилган. 
Улуғ БЕК

Теглар:32-оилавий поликлиника Президент ташрифи 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар