Хитой Ўзбекистонга коронавирусга қарши дори юборди

Жамият

image

Кеча, 9 апрель куни Ўзбекистонга Хитой Халқ Республикасидан махсус рейс орқали COVID-19 коронавирусга чалинган беморларни даволаш ва профилактика қилишда ишлатиш учун бир қатор дори воситалари етиб келди. 

Ушбу юк Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Ўзбекистон Фанлар академиясининг Биоорганик кимё институтининг ташаббусига кўра, Хитой Фанлар Академиясининг Шинжон физик-кимёвий техника ва Шанхай фармацевтика институтларидан юборилган.

Дори воситаларининг Тошкент шаҳрига етиб келишини Хитой фанлар академиясининг Тошкент шаҳридаги “Хитой — Ўзбекистон тиббиёт технология парки” ташкиллаштирган. Умумий миқдорда 50 000 қути дори воситалари “Хитой — Ўзбекистон тиббиёт технология парки” томонидан Ўзбекистон халқига беғараз ёрдам сифатида Инновацион ривожланиш вазирлиги тасарруфига топширилди.

Юборилган дори препаратларининг Хитойда ишлаб чиқарилган бўлиб, коронавирусга қарши самарали қўлланилган қуйидаги воситалардан иборат:

1) “SPH Zhongxi Pharmaceutical Co., Ltd” фармацевтик компанияси томонидан ишлаб-чиқарилган “Fenle” препарати (гидроксихлорохин сульфат таблеткалари 100 мг) – 20 000 та қути. Ушбу препарат безгакка қарши хусусиятга эга бўлиб, коронавирусга қарши курашда ҳам яхши самара бермоқда.

2) Xinjiang Uyghur Pharmaceutical Co., Ltd. фармацевтик компанияси томонидан ишлаб-чиқарилган “Zukamu” — 10 000 та қути ва “Zupa” — 10 000 та қути препаратлари бўлиб, улар ўткир респиратор касаллик ва грипп симптомларини бартараф этишда самарали дори воситаси ҳисобланади.

3) Xinjiang Yinduolan Uighur Medicine Co., Ltd. фармацевтик компанияси томонидан ишлаб-чиқарилган “Fufang Yizhihao” препарати — 10 000 та қути. Ушбу препарат вирусли шамоллаш, томоқнинг яллиғланиши ва оғриғини босиш, бош оғриғи ва тана ҳароратини туширишда самарали восита ҳисобланади.

Ўз навбатида “Хитой-Ўзбекистон тиббиёт технология парки” тасарруфидаги даволаш-диагностика клиникасини мобиль госпиталь сифатида беморларни жойлаш ва даволашда фойдаланиш учун тақдим этишга шайлигини ҳам билдирган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача коронавирусга чалинганлар сони 624 нафарга етди. Бугунгача уларнинг 38 нафари даволанди ва 3 нафари вафот этди.

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

404

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг