Жанубий Кореяга кириш тартиби ўзгарди. Ўзбекистон фуқаролари жиддий огоҳлантирилди

Жамият

image

Коронавирус пандемиясининг тарқалиши сабабли хориж фуқароларини Корея Республикасига кириш тартибига ўзгариш киритилди.

Унга кўра, 2020 йил 1 апрелдан Корея Республикасига ишчи визаси (Е-9) орқали борган фуқаролар учун мажбурий кўниктириш дарслари бекор қилинади.

Шунингдек, Корея Республикасига ишчи визаси (Е-9) орқали борган фуқарода Корея Республикаси Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ёрдам вазирлиги томонидан тиббий кўрик натижасига кўра, вирус аниқланган тақдирда, фуқаро тиббиёт муассасасига ётқизилади. Харажатлар вазиятга қараб кириб борувчи фуқаро ҳисобидан бўлиши мумкин.

Шундан сўнг, тиббий хулосага кўра, фуқарода кассалик аломати мавжуд бўлмаган тақдирда, 14 кунлик мажбурий карантинда сақланади. Яшаш жойига эга бўлган фуқаролар мустақил равишда уйида 14 кунлик мажбурий карантинда бўлиши ва карантин кўрсатмаларига қатъий риоя қилиши шарт.

Яшаш жойига эга бўлмаган фуқаролар 14 кунлик мажбурий карантин даврида махсус пуллик тиббиёт муассасаларида сақланади. Фуқаро сақлаш харажатларини ўз ҳисобидан амалга оширади (кунлик тахминий харажат 100 000 вон – ҳозирги курсда 834 000 сўм).

Бундан ташқари, фуқаролар СОVID-19 вирусининг тарқалишини ва масофавий режимини кузатувчи махсус дастурни мобиль алоқа воситасига ўрнатиб, унга уланишлари шарт.

Янги қоидага кўра, карантин бўйича кўрсатмаларга риоя қилмаган фуқароларга нисбатан бир йилгача қамоқ жазоси ёки 10 000 000 корея вони (83 400 00 сўм) миқдорида жарима қўлланилади.

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мамлакат фуқароларини Корея Республикасининг “Иммиграция тўғрисида”ги қонунига кўра, юқоридаги талабларга риоя қилмаган фуқароларнинг визаси бекор қилиниши, Корея Республикасидан мажбурий чиқариб юборилиши (депорт) ёки ушбу давлатга кириши тақиқланиши каби оқибатларга олиб келиши тўғрисида огоҳлантирди. 

Маълумот учун, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг (71) 202-33-55 телефон рақамига мурожаат қилиш мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Жанубий Корея

Баҳолаганлар

548

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг