Янгийўлда юк машинаси эшак аравани босиб кетди. Икки киши ҳалок бўлди
Жамият
−
28 Май 2020
8038Жорий йилнинг 26 май куни соат 06:00 да Тошкент вилоятида икки кишининг ўлимига сабаб бўлган йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар берди.
Ҳайдовчи 28 ёшли Қ.Ж. МЧЖга тегишли HOWO русумли, оғир юк машинани М-39 “Тошкент-Термиз” Халқаро автомобиль йўли орқали “Тошкент-Чиноз” томонга бошқариб, мазкур йўлнинг Янгийўл тумани Мустақиллик кўчасида ҳаракатланиб кетаётган вақтида, ўзи билан бир йўналишда йўлнинг ўнг қисмида эшак аравани бошқариб кетаётган, фуқаро 24 ёшли Х.В. ва турмуш ўртоғи 20 ёшли О.В.ни автомашинанинг ўнг олд қисми билан уриб юборган.
Натижада Х.В. ва унинг турмуш ўртоғи О.В. олган тан жароҳатлари билан тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган, О.В.га кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай шифохонада вафот этган.
Ҳолат юзасидан Янгийўл тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
27 май куни Х.В. ҳам кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан олган оғир тан жароҳатлари оқибатида шифохонада вафот этган. Жиноят иши Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” бандига (одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) қайта малакаланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси