Мадина Мухторова оналик ҳуқуқидан маҳрум этилса... Васийлик ва ҳомийлик нима?
Таҳлил
−
06 Январь 2020
20505Мадина Мухторова ва унинг фарзандлари билан боғлиқ воқеа жамоатчилик орасида катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Ички ишлар вазирлиги томонидан ўтказилган брифингда Юнусобод туман ҳокимлиги васийлик ва ҳомийлик органи вакили Мухлиса Қосимова тегишли хулосалар олингач, етарли асослар мавжуд бўлса, Мадина Мухторова, ҳатто, оналик ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилиши мумкинлигини маълум қилди. Кўпчиликда васийлик ва ҳомийлик органлари нима ва улар қандай фаолият юритади деган савол туғилаётган бўлиши табиий. Бу хусусда мақоламизда батафсил тушунтиришга ҳаракат қилганмиз.
Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида қонунда нима дейилган?
Ўзбекистон Ресупубликасида васийлик ва ҳомийлик фаолияти 2013 йил 8 ноябрда қабул қилинган қонун билан тартибга солинади. Васийлик – ўн тўрт ёшга тўлмаган етим болаларни ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни, шунингдек суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқароларни уларга таъминот, тарбия ва таълим бериш, уларнинг мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жойлаштиришнинг ҳуқуқий шакли ҳисобланади.
Ҳомийлик эса ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган етим болаларни ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни, шунингдек суд томонидан муомала лаёқати чекланган фуқароларни уларга таъминот, тарбия ва таълим бериш, уларнинг мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жойлаштиришнинг ҳуқуқий шакли. Соғлиғининг ҳолатига кўра мустақил равишда ўз ҳуқуқларини амалга ошира олмайдиган ва ўз мажбуриятларини бажара олмайдиган вояга етган муомалага лаёқатли фуқароларга бу шахсларнинг илтимосига кўра ҳомийлик белгиланиши мумкин.
Васийлик ва ҳомийлик соҳасидаги фаолиятни қайси давлат органлари амалга оширади?
Қонунга кўра, қуйидагилар васийлик ва ҳомийлик фаолиятини амалга оширувчи давлат ташкилотлари ҳисобланади:
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси;
- Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги;
- Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги;
- маҳаллий давлат ҳокимияти органлари.
Василик ва ҳомийлик бўйича фаолият туман, шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимлари томонидан — вояга етмаганларга нисбатан амалга оширилади. Шунингдек, туман, шаҳар тиббиёт бирлашмалари томонидан — суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган фуқароларга, шунингдек соғлиғининг ҳолатига кўра ҳомийликка муҳтож бўлган вояга етган муомалага лаёқатли фуқароларга нисбатан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасалари Ўзбекистон Республикасидан ташқарида яшайдиган, ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етмаган, муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, шунингдек соғлиғининг ҳолатига кўра мустақил равишда ўз ҳуқуқларини амалга ошира олмайдиган ва ўз мажбуриятларини бажара олмайдиган вояга етган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда васийлик ёки ҳомийлик белгилаш чора-тадбирларини кўради.
Васийлик ва ҳомийлик органларидан ташқари бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсларни аниқлаш ва жойлаштириш бўйича фаолият юритишига йўл қўйилмайди.
Васийлик ва ҳомийликни белгилаш қай тартибда амалга оширилади?
Васийлик ва ҳомийлик туман ёки шаҳар ҳокимининг қарорига кўра белгиланади. Туман ёки шаҳар ҳокими васий ёки ҳомий бўлиш истагини билдирган шахснинг ёзма аризасига мувофиқ васий ёки ҳомий тайинлайди. Ота-она яшаш жойида вақтинча бўлмаганда, агар бола улар томонидан олти ойдан ортиқ муддатга қариндошларининг ёки бошқа яқин кишиларининг васийлигида ёки ҳомийлигида ва назорати остида қолдирилган бўлса, бу шахсларнинг болага нисбатан васийлиги ёки ҳомийлиги белгиланади.
Ота-она яшаш жойида олти ойдан кам муддатга вақтинча бўлмаганда, башарти бола улар томонидан қариндошларининг ёки бошқа яқин кишиларининг васийлигида ёки ҳомийлигида ва назорати остида қолдирилган бўлса, васийлик ёки ҳомийлик, агар бу боланинг манфаатлари учун зарур бўлса, белгиланади.
Васийлик ёки ҳомийлик белгилаш зарурлиги ҳақида васийлик ва ҳомийлик органларига маълум бўлган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай васий ёки ҳомий тайинланиши керак. Агар васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахсга бир ой ичида васий ёки ҳомий тайинланмаган бўлса, васийнинг ёки ҳомийнинг мажбуриятларини бажариш васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахс аниқланган жойдаги тегишли васийлик ва ҳомийлик органининг зиммасига вақтинча юклатилади. Васий ёки ҳомий бўлиш истагини билдирган шахс ҳақидаги васийлик ва ҳомийлик органи томонидан олинган маълумотлар махфий бўлиб, ошкор қилинмайди.
Яшаш жойидан қатъи назар, васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахснинг қариндошлари, у яшаётган оиланинг шахслари, ака-укаларни ва опа-сингилларни улар ўртасидаги қариндошлик алоқаларини узмасдан васийликка ёки ҳомийликка олаётган шахслар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси фуқаролари васий ёки ҳомий этиб тайинланишда имтиёзли ҳуқуққа эга.
Васийлик ёки ҳомийлик қай ҳолларда тугатилади?
Васийлик қуйидаги ҳолларда тугатилади:
- васийликдаги шахс вафот этганда;
- вояга етмаган ўн тўрт ёшга тўлганда;
- вояга етмаган ота-онасига қайтарилганда;
- васийликдаги шахс фарзандликка олинганда;
- фуқаронинг муомала лаёқати суд томонидан тикланганда.
Вояга етмаган ўн тўрт ёшга тўлганлиги сабабли васийлик тугатилгач, васийнинг мажбуриятларини бажарувчи шахс белгиланган тартибда тайинланмаган ҳолда вояга етмаганнинг ҳомийси бўлиб қолади.
Ҳомийлик қуйидаги ҳолларда тугатилади:
- ҳомийликдаги шахс вафот этганда;
- ҳомийликдаги шахс вояга етганда;
- ҳомийликдаги шахс ота-онасига қайтарилганда;
- ҳомийликдаги шахс фарзандликка олинганда;
- фуқаронинг муомала лаёқатини чеклаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарори бекор қилинганда;
- вояга етмаган тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилинганда (эмансипация);
- ҳомийликдаги шахс никоҳга кирганда;
- соғлиғининг ҳолатига кўра ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахснинг соғлиғи яхшиланганда.
Васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахс тарбия, соғлиқни сақлаш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш муассасаларида ва бошқа шунга ўхшаш муассасаларда вақтинча бўлганда васийнинг ёки ҳомийнинг узрли сабабларга кўра ўз мажбуриятларини бажара олмаслиги васийнинг ёки ҳомийнинг васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсга нисбатан ҳуқуқлари ва мажбуриятларини бекор қилмайди.
Васий ва ҳомийларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари нималардан иборат?
Васийлар ўз васийлигидаги шахсларнинг номидан ёки уларнинг манфаатларини кўзлаб барча зарур битимларни тузади. Ҳомийлар ўз ҳомийлигидаги шахсларнинг ҳуқуқларини амалга оширишида ва мажбуриятларини бажаришида кўмаклашади, шунингдек уларни учинчи шахслар томонидан бўладиган суиистеъмолликлардан муҳофаза қилади.
Васийлар ва ҳомийлар:
• ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахсни унинг фикрини ҳамда васийлик ва ҳомийлик органларининг тавсияларини ҳисобга олган ҳолда тарбиялаш усулларини мустақил белгилашга;
• ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахсни қонуний асосларсиз ўзида ушлаб турган ҳар қандай шахсдан, шу жумладан ота-онасидан ҳамда бошқа яқин қариндошларидан уни қайтариб беришни суд тартибида талаб қилишга;
• ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахснинг таъминоти, унга тарбия, таълим бериш ва унинг соғлиғини сақлаш бўйича ҳуқуқий, услубий, диагностика ва маслаҳат ёрдами олишга;
• ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахс мустақил равишда амалга оширишга ҳақли бўлмаган битимларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширишга;
• зарур ижтимоий ёрдам олиш учун васийлик ва ҳомийлик органларига, таълим муассасаларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, нодавлат нотижорат ташкилотларига мурожаат қилишга;
• ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахснинг даволаниши ва соғлиғини тиклаши мақсадида даволаш, санаторий-курорт муассасаларига йўлланмалар олиш учун соғлиқни сақлаш муассасаларига мурожаат қилишга ҳақли.
Васий ёки ҳомий ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахснинг ота-онаси ва бошқа яқин қариндошлари билан мулоқотда бўлишига тўсқинлик қилишга ҳақли эмас, бундай мулоқот васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахснинг қонуний манфаатларига мос келмайдиган ҳоллар бундан мустасно. Васий ёки ҳомий, унинг эри (хотини) ва яқин қариндошлари васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахс билан битимлар тузишга, шунингдек васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахс билан васийнинг ёки ҳомийнинг эри (хотини), унинг яқин қариндошлари ўртасидаги суд ишларини юритишда васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахснинг вакили бўлишга ҳақли эмас.
Васийлар ва ҳомийлар:
• ўзининг яшаш жойи ўзгарганлиги ҳақида васийлик ва ҳомийлик органини хабардор қилиши;
• ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахсни тарбиялаши, унинг таъминоти, соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилиши, шунингдек унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши;
• ўз васийлигидаги шахснинг мактабгача таълим, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим олиши учун шароитларни таъминлаши;
• алиментлар, пенсиялар, нафақалар ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ижтимоий тўловлар тўлашни талаб қилиш юзасидан зарур чоралар кўриши;
• ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахснинг ўзларига топширилган мол-мулкини асраб-авайлаши, мол-мулкнинг қиймати пасайишига йўл қўймаслиги ҳамда ундан фойда чиқаришга имкон туғдирмаслиги;
• ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахснинг мол-мулкини бошқаришдан тушган даромадлардан ва бошқа мавжуд маблағларидан унинг таъминоти учун фойдаланиши;
• ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахснинг парвариш қилинишини, тиббий кузатувини ва даволаш-профилактика муассасаларида даволанишини таъминлаши;
• васийлик ва ҳомийлик органларига ўз мажбуриятларининг бажарилиши ҳақида ҳисоботлар тақдим этиши;
• ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахс стационарда даволаниш учун жойлаштирилганлиги ҳақида васийлик ва ҳомийлик органларини хабардор қилиши;
• агар фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топишга ёки муомала лаёқати чекланганлигига доир асослар бекор бўлган бўлса, ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги шахсни муомалага лаёқатли деб топиш тўғрисида судга ариза билан мурожаат қилиши;
• ўз васийлигидаги ёки ҳомийлигидаги вояга етмаган шахс билан бирга яшаши шарт.
Ўз ҳомийлигидаги шахс билан бирга яшаётган ҳомийнинг яшаш жойини ўзгартириши васийлик ва ҳомийлик органининг ёзма рухсати ва ўн тўрт ёшга тўлган вояга етмаганнинг розилиги билан амалга оширилади.
Ҳомийнинг ўз ҳомийлигидаги ўн олти ёшга тўлган шахсдан алоҳида яшашига, башарти бу ҳомийликдаги шахснинг тарбиясига, таъминотига ва таълим олишига, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишига салбий таъсир кўрсатмаса, васийлик ва ҳомийлик органларининг ёзма рухсати билан йўл қўйилади. Ҳомий ўз ҳомийлигидаги шахсдан алоҳида яшаган тақдирда, унинг яшаш, таълим олиш шароитларини назорат қилиши, уни атрофдагиларнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиши шарт.
Васийликдаги ёки ҳомийликдаги вояга етмаган шахснинг турар жойи мавжуд бўлмаган тақдирда, васий ёки ҳомий уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ уни олиш бўйича чоралар кўриши шарт. Муомала лаёқати чекланган фуқароларнинг ҳомийлари уларни спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни истеъмол этишдан, чекишдан ҳимоя қилишга доир зарур чора-тадбирларни кўриши шарт. Васийлик ва ҳомийлик бўйича мажбуриятлар бепул бажарилади.
Васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахслар қандай ҳуқуқларга эга?
Ўзига нисбатан ҳурмат билан ва инсоний муносабатда бўлиниши, таъминоти, тарбияси, таълим олиши ва соғлиғи ҳақида ғамхўрлик қилиниши шарт. Ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини талаб қилиши мумкин. Ўз ҳуқуқлари ва ўзларига кўрсатилиши мумкин бўлган хизматлар тўғрисида, шунингдек ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усуллари ҳамда воситалари ҳақида васийлик ва ҳомийлик органларидан ахборот олиши мумкин. Таълим олишга, соғлиқни сақлашга, ижтимоий муҳофаза қилинишга бўлган ҳуқуқларини, шунингдек ўзларининг жисмоний, ақлий ва маънавий жиҳатдан уйғун ривожланишига ёрдам берадиган бошқа ҳуқуқларни амалга ошириш учун зарур ёрдам олиш ҳамда қўллаб-қувватланиш ҳуқуқига эга.
Агар бу васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига зид бўлмаса, ота-онаси ва бошқа яқин қариндошлари билан мулоқотда бўлиш ҳам мумкин. Уларнинг шахсий ҳаётига тааллуқли ахборотнинг махфийлиги таъминланиши кафолатланади. Турар жойга бўлган мулк ҳуқуқи ёки турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек ота-онаси ва бошқа қариндошлари билан қариндошлик фактига асосланган мулкий ҳуқуқлари таъминланиши лозим.
Васий ёки ҳомийси ғайриқонуний ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қиладиган бўлса, васийлик ва ҳомийлик органига, шунингдек судга мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжуд. Вояга етмаган васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахслар васий ёки ҳомий билан бирга яшаш ҳуқуқига ҳам эга ҳисобланади.