Эронга нисбатан санкциялар кенгайтирилди – нишонга БААдаги компаниялар тушди

Олам

image

Бугун, 19 март куни АҚШ ҳукумати Эроннинг БААдаги бешта компаниясига санкция киритди. Бу ҳақда Қўшма Штатлар Молия вазирлиги маълум қилмоқда.

Чекловлар Alam Althrwa General Trading L.L.C, Alphabet International Dmcc, Alwaneo L.L.C. CO., Petro Grand FZE ва Swissol Trade DMCC компаниялари учун жорий этилган. Вашингтоннинг маълум қилишича, уларнинг барчаси “Эрон ҳукумати режимига нефть ва нефть-кимё маҳсулотларининг олди-сотдиси билан ёрдам бермоқда”.

“2019 йилда ушбу бешта компания ўзаро ҳамкорликда Эроннинг миллий нефть компаниясидан юз минг тонналаб нефть маҳсулотлари сотиб олди. Нефть ва нефть-кимё саноати Эрон режимининг асосий даромад манбаидир. Ундан тушаётган маблағлар Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпусининг ёвуз фаолиятларини қўллаб-қувватлаш учун ишлатилади. Бунга Яқин Шарқдаги террорчи гуруҳларни маблағ билан таъминлаш ҳам киради”, дейилади Молия вазирлиги баёнотида. 

Вазирлик, шунингдек, “ушбу компанияларнинг камида учтаси маҳсулотларни Эрондан чиқишини таъминлаш ва уни яшириш учун ҳужжатларни қалбакилаштирган”, дея таъкидлади.

АҚШ қора рўйхатига тушиш жисмоний ва юридик шахсларнинг Қўшма Штатлардаги активларини музлатиш ва Aмерика фуқаролари ёки компанияларининг улар билан бизнес муносабат қилишларига тақиқ қўйилишини англатади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон БАА

Баҳолаганлар

122

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг