Хитойдан келган қўқонлик йигит нега карантинга олинмаганди?

Саломатлик

image

Аввалроқ, Қўқонда Хитойдан қайтган талаба йигит вафот этгани ҳақида хабар берган эдик. Унинг вафотига ис газидан заҳарланиш сабаб бўлгани расман тасдиқланганига қарамасдан, ижтимоий тармоқларда турли миш-мишлар тарқалди. Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий баёнот берди. Унда шундай дейилади: 

Жорий йил 5 февраль куни Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани Ҳаётобод қишлоғида яшовчи, 2000 йилда туғилган Абдуқодиров Муҳаммадбобур Мунаввар ўғли ўзи истиқомат қиладиган уй ҳаммомига ювиниш учун кириб кетиб, бир неча соат давомида қайтиб чиқмаган. Шундан сўнг унинг яқинлари ҳаммом эшигини бузиб киришганида йигит жонсиз ҳолатда ётганлиги маълум бўлган.

Гарчи фуқаро ҳаммомдаёқ ҳаётдан кўз юмган бўлса-да, яқинлари Қўқон шаҳар шошилинч тиббий ёрдам бўлимига олиб боришган. Қабул диагностика бўлимида реаниматологлар томонидан жасад зудлик билан кўрилганда, биологик ўлим аллақачон содир бўлганлиги тасдиқланган. Бу ҳақда дарҳол ҳуқуқ-тартибот органларига хабар берилган ва мурда суд тиббий экспертизадан ўтказиш учун Қўқон шаҳар суд тиббий экспертизасига юборилган.Дастлабки суд тиббий текширувидан ўтказилганида марҳумда ис газидан заҳарланишга хос бўлган махсус специфик белгилар аниқланган.

Маълум бўлишича, Муҳаммадбобур Абдуқодиров тил ўрганиш мақсадида Хитой давлатига борган бўлиб, жорий йил 31 январь куни Жанубий Корея давлати орқали Ўзбекистонга қайтиб келган.

У юртимизга қайтиб келган куниёқ Ўзбекистон туманидаги 71-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасида тиббиёт ходимлари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилган ва икки ҳафталик назоратга олинган бўлиб,унда ҳеч қандай касаллик аломатлари аниқланмаган. Буни Муҳаммадбобур Абдуқодировнинг амбулатор картасидаги маълумотлар ҳамда яқинлари билан ўтказилган суҳбат ҳам тасдиқлади.

Дастлабки суд тиббий экспертиза хулосаларига кўра, Муҳаммадбобур Абдуқодировнинг ўлими ис газидан заҳарланиш оқибати бўлиб, айни пайтда Хитойда тарқалган коронавирус хасталиги билан ҳеч қандай боғлиқлик аломатлари аниқланмади”.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Хитойдан қайтган ўзбекистонликлар 14 кунлик карантинга олинаётгани, карантин ҳудудига, ҳатто, уларнинг қариндошлари ҳам қўйилмаётганини жар солаётган эди. Хитойдан Корея орқали Ўзбекистонга келган Абдуқодиров нима учун назоратдан четда қолгани ва карантинга олинмагани ҳақидаги саволлар очиқ қолмоқда. Ҳолбуки, Хитойдан учта чартер рейс орқали Тошкентга олиб келинган фуқаролар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, 14 кун давоми (касалликнинг яширин даври)да тиббий кузатувга олиш мақсадида махсус тайёрланган муассасаларга жойлаштирилди. Қолаверса, вирус янги ва унинг аломатлари дунёнинг манаман деган шифокорларига нотаниш бўлиб турган вақтда Хитойдан қайтган фуқарони қишлоқ врачлик пункти ходими қўлига топшириш қанчалик тўғри? 


Мақола муаллифи

Теглар

карантин коронавирус

Баҳолаганлар

494

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг