“Чироқчи воқеаси” эффекти: ИИБ бошлиқлари ишдан олинди, 2 нафари ИИОдан ҳайдалди
Жамият
−
08 Март 2020
13722Кеча, 7 март куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов иштирокида танқидий руҳда йиғилиш бўлиб ўтди.
Қашқадарё вилоят ИИБ матбуот хизматининг хабарига кўра, йиғилиш вақтида Чироқчи туманида ИИБ биносида тергов қилинган фуқаро вафот этиши воқеаси муҳокама қилинган. Чироқчи тумани ИИБ бошлиғи Фазлиддин Юсупов вазифасидан озод этилди.
Шунингдек, Чироқчи тумани ИИБ бошлиғининг Ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Норбек Қобилов, Тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари Нодир Исматов, Тергов бўйича ўринбосари Дилшод Расулов эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
“Бундан ташқари, 1-ўринбосар Юнус Мингноров, 4-сонли ИИО ФМБ катта профилактика инспектори Шерзод Раҳмонов ички ишлар органлари сафидан четлаштирилди”, дейилади хабарда.
Маълумот ўрнида, Жорий йилнинг 23 январь куни соат 01:50 да Чироқчи туманнинг Лангар қишлоғида содир этилган чорва моллари ўғриликларини фош этиш борасида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида ўғирликда гумон қилиниб Чироқчи тумани ИИО ФМБ биносига олиб келинган Ю.А вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан 23 январь куни Чироқчи тумани ИИО ФМБнинг 2 нафар ходимига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаркатлари олиб борилаётгани маълум қилинган эди.
Шундан сўнг, ушбу воқеа кенг жамоатчилик диққат марказига тушди ва турли фикр-мулоҳазалар билдирилди. Жумладан, ИИВ Матбуот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсов ҳодисага шундай муносабат билдирди: “ИИБ биносида одам ўлиши янгилик эмас, бу табиий ҳолат, олдин ҳам бўлган. Айримлар ўз жонига қасд қилади, айримларнинг тоби қочиб қолади. Бу ҳолат ички ишлар вазирлиги томонидан назоратга олинади. Чироқчидаги воқеадан сўнг ҳам эртаси куниёқ ИИВ вакиллари етиб келган. Текшириш бошланган. Олдиндан текширмасдан туриб баҳолашга ҳаққимиз йўқ. Одам айбдорлигини фақат суд белгилайди”.
Ғиёсовнинг изоҳидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев шокка тушганини яшириб ўтирмади: “Бугун мен учун ҳаммасидан ҳам ғалати ва шок хабар ички ишлар вазири матбуот котибининг қуйидаги гаплари бўлди”.
Шундан сўнг, ИИВ мулозими Кушербоевга жавоб қайтарди.
LiveБарчаси