... Qalampir - Ҳақиқат аччиқ бўлади
МЕНЮ
ONLINE TV

Ўзбек дипломатларининг мавқеи янада кўтарилади


14:07, 12.04.2018 Жамият
 1 623

“Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” тамойили жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилган. Шундай экан, Ташқи ишлар вазирлиги тизими фаолиятида ҳам мазкур йўналишга алоҳида эътибор қаратилди.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда ҳар томонлама вазмин, очиқ ва амалий ташқи сиёсат шаклланди. Кейинги пайтларда эса, хорижий мамлакатлар, шу жумладан, Марказий Осиё давлатлари билан ўзаро манфаатли алоқаларнинг фаоллашгани кузатилмоқда. Албатта, бу жараёнда Ўзбекистоннинг иштирокини муносиб ҳамда юқори даражада таъминлашда биринчи ўринда Ташқи ишлар вазирлиги ва мамлакатимизнинг хориждаги муассасаларининг самарали фаолияти муҳим аҳамият касб этади.
 
Глобаллашув жараёни ҳамда дунёдаги сиёсий-иқтисодий вазият шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги даврда Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг устувор вазифаларидан келиб чиқиб, давлатимизнинг, энг аввало, ташқи иқтисодий манфаатларини илгари суришга йўналтирилган фаол, самарали ва мутаносиб ташқи сиёсатни амалга ошириш талаб этилади.
 
Таъкидлаш жоизки, Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1994 йил 25 февралдаги Фармонига асосан, ўз фаолиятини амалга ошириб келаётган эди. Бироқ халқаро майдонда рўй берган кескин ўзгаришлар, рақобат, қарама-қаршилик, геосиёсий зиддиятлар тобора кучайиб бораётган бир пайтда Ташқи ишлар вазирлиги тизимини чуқур қайта кўриб чиқиш ҳамда оптималлаштириш зарурати юзага келди.
 
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2018 йилнинг 5 апрелида имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг устувор йўналишларини амалга оширишда унинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон Ватанимиз манфаатларини халқаро миқёсда қатъий ҳимоя қилиш ҳамда уни илгари суриш борасидаги амалий қадам бўлди.
 
Мазкур ҳужжатда Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб, тизимни ислоҳ этишнинг энг муҳим йўналишлари аниқлаштириб берилди. Авваламбор, мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда республикамизнинг хориждаги муассасаларига нафақат ташқи сиёсий, балки ташқи иқтисодий йўналиш ҳам устувор вазифа этиб тайинланди. Чет эл инвестицияларини жалб қилиш, республикамизнинг экспорт салоҳиятини ошириш, туризмни ривожлантириш, хорижий ҳамкорлар билан мақсадли алоқаларни юритиш ва амалий натижаларга эришишга қаратилган масалалар асосий вазифаси бўлган Ташқи иқтисодий ҳамкорлик бош бошқармаси ташкил этилди.
 
“Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” тамойили жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилган. Шундай экан, Ташқи ишлар вазирлиги тизими фаолиятида ҳам мазкур йўналишга алоҳида эътибор қаратилди. Дипломатик ҳамда халқаро меъёрий воситалар орқали Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини амалда ҳимоя қилишни таъминлаш вазирлик ҳамда мамлакатимизнинг хориждаги муассасаларининг асосий вазифалари сифатида белгиланди.
 
Ҳозирги халқаро муносабатларнинг жадал ривожланиши натижасида кўплаб юртдошларимиз хориж сафарида турли мураккаб вазиятларга тушиб қолаётгани сир эмас. Шу боис Ташқи ишлар вазирлиги тизимида алоҳида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими ҳамда унинг таркибида мурожаатларни қабул қилиш сектори (call-center) ташкил этилиши диққатга сазовордир.
Давлатимизнинг ташқи сиёсатини самарали юритиш ва бунда Ташқи ишлар вазирлиги тизими салоҳиятини янада оширишда кадрлар тайёрлаш муҳим аҳамиятга эга.
 
Президентимиз таъбири билан айтганда, “Дипломатия, дипломатлик — оддий касб эмас, балки инсондан жуда кўп фазилатларни талаб этадиган ноёб санъатдир”. Ташқи ишлар вазирлигининг кадрлар сиёсатига ҳам алоҳида эътибор берилиши, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети фаолиятини тубдан такомиллаштириш борасидаги режалар, ўйлайманки, яқин келажакда ўз самарасини беради ҳамда ҳақиқий ватанпарвар, юртимизнинг чинакам фидойиси, касбига садоқатли, профессионал ёш кадрлар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.
 
Юртбошимиз ташаббуси билан бошланган мазкур хайрли ишлар мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириш, инвестициялар ҳамда технологияларни жалб қилиш, туристлар оқимини кенгайтириш учун қулай ташқи сиёсий шароитлар яратади. Энг муҳими, ташқи оламда Ватанимизнинг ижобий имиджини юксалтириш, халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг хориждаги фуқаролари ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини самарали ҳимоялаш ва ўзбек дипломатларининг мавқеини янада кўтаришга хизмат қилади.
Раҳматилла НАЗАРОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси

Теглар:Ташқи ишлар вазирлиги Элчилар дипломат 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар