“Сувсоз” Олмазордаги “ҳовуз”ни қачон беркитади? Канализацияга оққан сувнинг қадри йўқми?

Жамият

image

Ичимлик суви танқислиги бугунги кунда энг кескин тус олаётган ва ечими топилишидан дарак йўқ бўлган глобал муаммо ҳисобланади. Дунё аҳолисининг 1 млрддан ортиғи тоза ичимлик сувини истеъмол қилишдан мосуво. Кўплаб мамлакатлар эса, сувни тежаш учун миллионлаб доллар пул сарфлаяпти.

Аммо Ўзбекистонда, хусусан, пойтахт Тошкентда ичимлик суви канализацияга оқиб исроф бўляпти.

Таҳририятимизга Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани, “Мойариқ” маҳалласида ичимлик сув қувури ёрилиб, асфальтни ўпириб юборгани ҳақида мурожаат тушди. Маълум бўлишича, маҳалладаги ичимлик суви оқиб ўтувчи қувур ёрилиб бир ҳафатадан бери сув оқиб исроф бўляпти. Натижада кўчанинг ўртасида “ҳовуз” пайдо бўлган.

“Труба бундан 6 кун аввал кечаси ёрилиб кетди. Сув асфальтни ўпириб юборди. Кўчага оқиб чиқа бошлагандан кейин, “Сувсоз”га мурожаат қилдик. Улар келиб, бутун маҳалланинг сувини ўчириб кетди. Бир сутка сув бўлмади. Кейин эса келиб, пластик трубага темир трубани улашди. Улар бир-бирига мос келмайди, труба ёрилиб, аҳвол ёмонлашди. Шу билан кетишди. Ҳозирча ҳеч ким қайтиб келмади. “Сувсоз” деган белгини қўйишган, шу билан ётибди”, деди QALAMPIR.UZ манбаси.

“Мойариқ”даги вазият юзасидан “Сувсоз” ДУК Олмазор тумани сув тармоқларини эксплуатация қилиш бўлими раҳбари вазифасини бажарувчи Луқмон Ҳакимов билан боғландик.

“Мойариқ” маҳалласига бордик. У ерда маҳалланинг ўзи қўйган пластик труба бор экан. Унга темир труба улагандик, яхши жойлашмади. Ҳозир материални қидиряпмиз. Трубаси ностандарт бўлгани учун топилмаяпти. Бугун ёки эртага бу муаммони ҳал қиламиз”, деди масъул.

Ёз охирлаб қолган бўлса-да куннинг асосий қисмида ҳаво иссиқ бўляпти. Шундай вазиятда одамларни бир суткага сувдан узиб қўйишни мантиқли қарор деб, бўлмайди.

Кўчанинг ўртасида пайдо бўлган “ҳовуз”нинг атрофи ўраб ҳам қўйилмаган. Ўйнаб юрган болалар ва қоронғуда кўчадан ўтган автомобиль бу ҳовузга тушиб, сувга бўкиши ёки ундан аянчлироқ оқибатларга дучор бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.

Муаммони ҳал қилиши керак бўлган ташкилотнинг лоқайдлиги эса масаланинг чўзилиб, байрам кунларига уланиб кетишига сабаб бўлди. Байрам кунлари ҳамма дўконлар ҳам ишлайвермайди. Демак, “Мойариқ”даги масаланинг ечими яна кечикади. Минглаб куб метр сув исроф бўлишда давом этади.

QALAMPIR.UZ “Мойариқ”да сув исрофи тўхтатилмагунча, вазиятни кузатиб боради. Кўрамиз, ёрилган труба муаммосининг ечими ўзини қанча куттирар экан... Ҳа яна бир гап, сувдан ҳосил бўлган ховузни тўлдириб, ўпирилган асфальтнинг текисланиши учун ойлар керак бўлармикан ёки йиллар, буниси янада қизиқ.

Бир нарсага эътибор қаратмасак бўлмас. Олмазор тумани бир неча ҳафтадирки барчанинг диққат марказида бўлиб турибди. Аввалига туман ҳокими ўринбосари мурожаат юзасидан келган журналистга ташланиб, қувиб юборди. Кейинроқ эса туман ҳокими Бахтиёр Раҳмонов банк раҳбарларини сўкиб, ҳақорат қилган аудиоёзув тарқалди. Навбатдаги “сюрприз” нима бўларкин?


Мақола муаллифи

Теглар

Сувсоз Олмазор

Баҳолаганлар

36

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг