Содиқ Сафоев: “Илгари хавфсизлик, ташқи сиёсат ижро ҳокимиятининг мутлақ ваколати эди”
Жамият
−
18 Февраль 2020
4552Аввалроқ, Тошкентда “Ўзбекистон Республикасида давлат ва жамият қурилишининг янги босқичи, мамлакатни демократик модернизациялашда парламент ва ҳокимлик вакиллик органларининг ролини ошириш” мавзусидаги халқаро конференция ўз ишини бошлагани ҳақида хабар берган эдик.
Конференцияда Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев нутқ сўзлаб, парламентнинг ижро ҳокимиятига таъсирини орттириш ва аҳолини қийнаётган муаммоларга вакиллик органида ечим топишнинг самарали тизимини йўлга қўйиш кераклигини таъкидлади.
“Давлат бошқарувида аҳолининг кенг иштирокини таъминлаш мақсадида “Менинг фикрим” портали ишга туширилди. Мамлакат бюджетини шаклланиши ва ижросида шаффофликни таъминлаш учун OpenBudget информацион портали таъсис этилди. Аммо жамиятимиз олдида турган стратегик мақсад: “Замонавий барқарор ривожланиб бораётган ижтимоий бозор иқтисодига асосланган демократик-ҳуқуқий давлат қуриш” парламентнинг тутган ўрни ва таъсирини янада оширишни талаб этади”, дейди сенатор Сафоев.
У сўзида давом этиб, давлат ҳокимиятининг аҳоли олдида ҳисобдорлигини ошириш кераклигини айтиб ўтди.
“Халқаро тажриба шуни яққол кўрсатадики, жамият иқтисодий ривожланишини таъминлаш учун замонавий сиёсий тузилмалар, қонун устуворлиги зарур. Замонамиз учун ниҳоятда муҳим яна бир масала: давлат ҳокимиятининг аҳоли олдида жавобгарлиги ва унинг фаолиятининг шаффофлигидир. Бунга эришиш эса биринчи навбатда халқ вакиллари фаолияти билан боғлиқ. Бу ўз навбатида ҳукумат ва жамият ўртасида ижтимоий ишончни шакллантириш омилидир. Бусиз эса ушбу ислоҳотларни ўтказиб бўлмайди”, деб фикр билдирди Содиқ Сафоев.
Сенатор нутқи давомида мамлакатда қонун ижодкорлиги соҳасида янгича ёндашув қўллаш пайти келганини таъкидлади.
“Олдимизда турган долзарб ва мураккаб вазифа қонун ижодкорлиги соҳасидаги ишни бутунлай янгича ташкил этишдан иборат. Асосий эътиборни қонунлар халқ манфаатини қанчалик ифода этишига қаратиш керак. Қонунлар қабул қилиш ва яратишда соҳавий мутахассис етарли билимга эга бўлиши керак. Етук экспертлар фикрига таяниш лозим. Сенатда раис ташаббуси билан ҳар бир қўмита қошида экспертлар кенгаши ташкил этиляпти.
Парламентнинг аналитик салоҳиятини мустаҳкамлаш энг долзарб масаладан бири бўлиб, бу борада биз БМТ ривожланиш дастурига техникавий кўмак бераётгани учун миннатдорлик билдирамиз”, дейди Сафоев.
Унинг сўзларига кўра, ҳар бир қонун қабул қилинаётганда унинг ижросини таъминловчи механизм аниқ белгиланиши керак. Шунингдек, қўшимча қонуности ҳужжатларисиз ишловчи қонунларни ишлаб чиқиш вақти келган.
“Ҳар бир қонунни қабул қилишда уни келгусида ишлашини таъминлайдиган механизм ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлишимиз лозим. Менимча, тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунларни ишлаб чиқиш амалиётини кенг жорий қилиш вақти келди. Бугунги кунда парламент назорати ўз эътиборини қаратмайдиган соҳа қолмади. Илгари хавфсизлик, ташқи сиёсат ижро ҳокимиятининг мутлақ ваколати эди. Бугунги кунда парламент иштирокисиз бу соҳалардаги фаолият самарали бўлиши мумкин эмас, деган ёндашув исбот талаб қилмайдиган аксиома сифатида қабул қилиняпти”, дейди сенатор.
У аҳоли далват ҳокимитига нисбатан талабчан бўлиб бораётганини қайд этиб, эндиликда парламент солиқ тўловчиларнинг пуллари қаерга кетаётганини қаттиқ назорат қилиши кераклигини айтиб ўтди.
“Бугунги кунда давлат бошқарув тизими илгаригиа нисбатан анча мураккаблашмоқда. Аҳоли тобора ахборотга эга бўлиб, ҳукуматга нисбатан талабчан бўляпти. Ҳокимият нафақат давлат бошқарув тизими, балки фуқаролар ва бизнесга хизмат кўрсатиш маркази сифатида кўрилмоқда. Парламент назоратининг энг муҳим йўналишларидан бири бу – бюджет, яъни солиқ тўловчиларнинг маблағларини тўғри сарфлаш борасидаги жавобгарликни таъминлашдир.
Олдимизда турган нисбатан янги вазифалардан бири бу, шу йилдан бошланади десак бўлади, мансабдорларнинг лавозимга тайинлаш жараёнида нафақат иштирок этиш, уларнинг фаолиятига баҳо бериш билан боғлиқ. Парламент назорати натижалари асосида фаолияти “қониқарсиз” деб топилган раҳбарларнинг лавозимда қолиш ёки қолмаслик масаласини кўриб чиқиш вакиллик органи мавқеъйини янги поғонага кўтариш омили бўлиши муқаррар”, деб таъкидлади Сафоев давлатни хизмат кўрсатувчи ташкилотга қиёслаб.
Шунингдек, аҳолини қийнаётган муаммоларни парламент усуллари билан ҳал этишнинг самарали тизимини яратиш лозимлиги таъкидланди.
“Айниқса, бу борада Сенатнинг БМТ томонидан қабул қилинган Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш бўйича қабул қилинган индикаторларга эътибор қаратиш керак”, деди Содиқ Сафоев.
LiveБарчаси