... 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”
МЕНЮ
ONLINE TV

Мутахассис фикри: қулоқ оққанда она сутини қулоққа соғиш тўғрими?


10:55, 10.05.2017 Саломатлик
 7 206

Кўп ҳолларда гайморитни яхши даволатмаган беморларда менингит (бош ва орқа мия қобиғининг яллиғланиши) ривожланиши мумкин.

Совуқ кунларда кўпчиликнинг организмида иммун тизимининг етишмаслиги ҳамда тумов ва грипга қарши курашолмаслиги сабабли бир неча босқичли сурункали грипп касаллигига чалинишади. Мана шундай ҳолатларни бошдан кечирмаслик учун нималарга аҳамият бериш лозим ва қандай профилактика ишларини амалга оширишимиз мумкин?
 
Бу борадаги бизни қизиқтирган саволларга Тошкент шаҳар эшитиш ва нутқни тиклаш ҳамда овоз реабилитация маркази директори Жамшид Қурбонов жавоб беради.
 
Совуқ иқлим ўлкамизга кириб келиши билан, айниқса, ёш болаларда шамоллаш асоратлари сезилади. Биринчи навбатда бурун бўшлиғимиз азият чекади. Бундай ҳолга учрамаслик учун нималарга аҳамият бериш керак?
 
– Инсон ҳар бир аъзосининг ўз вазифаси бор ва улар одам саломатлиги учун хизмат қилади. Гигиена қоидаларига риоя қилмаслигимиз, нотўғри овқатланишимиз ва ҳоказо сабаблар ана шу аъзоларимизга шикаст етказади ҳамда улар ўз фаолиятини нормал ҳолатда юрита олмайди. Шу сабабли, бизда турли касалликлар пайдо бўлади. Бундай ҳолатларни келтириб чиқармаслик учун, аввало, тозаликка катта эътибор қаратиш лозим. Агар сиз доим тоза, озода юрсангиз ва тўғри яшаш қоидаларига риоя қилсангиз, доимо соғлом бўласиз.
 
Шамоллаганимизда бурнимиз кўп оқиб, безовта бўламиз. Касаллик вақтида даволанмаса гайморит касаллиги келиб чиқадими? Биз уни оддий грипдан қандай фарқлаймиз? Унинг асоратлари қандай бўлади?
 
– Гайморит юқори жағ ва бурун атрофи бўшлиғининг яллиғланиши бўлиб, кўпинча бурун бўшлиғига турли микроорганизмлар кириши натижасида юзага келади. Масалан, грипп вируси, стрептококк, стафилококк, диплококк, кўк йиринг таёқчалари, анаэроб инфекциялар ва ичак таёқчалари гайморитни қўзғаши мумкин.


Дастлаб касалликнинг ўткир тури намоён бўлади. Бу вақтда беморнинг юқори жағ соҳаси қўл билан босиб кўрилганда оғрийди, бурнидан шиллиқ ажралади. Аслида бурундан шиллиқ ажралиши грипп касаллигида ҳам кузатилади. Лекин грипда пайдо бўладиган шиллиқ суюқлик сувга ўхшаш оқ рангда бўлади. Гайморитда эса бурундан йиринг аралаш ажралма чиқади.
 
Гайморитга чалинган беморнинг қон таҳлилида лейкоцитлар миқдори ошгани сезилади. Шундай вақтда зудлик билан шифокорга мурожаат этиш лозим. Агар кечиктирмай даво чоралари кўрилса, бемор бутунлай тузалиб кетади.
 
Бошқа хасталиклар каби гайморит ҳам ўз вақтида даволаб тузатилмаса, оғир асоратлар қолдиради. Яъни гайморит билан оғриб ўтгандан кейин мия пардасида ўзгаришлар кузатилади.
 
Кўп ҳолларда гайморитни яхши даволатмаган беморларда менингит (бош ва орқа мия қобиғининг яллиғланиши) ривожланиши мумкин.
 
Шунингдек, касалликдан сўнг арахноидит (бош ёки орқа миядаги ўргимчак тўрига ўхшаш парданинг яллиғланиши) ва риноген кўз касалликлари рўй беради. Гайморит асоратлари юзага келмаслиги учун бемор қунт билан муолажани охирига етказиши зарур.
 
Ўзбекчиликда қулоқ оқиши деган касаллик бор. Бу асосан, ёш болаларда кўп учрайди. Бундай ҳолатда она сутини қулоққа соғиш тўғрими?
 
– Мувозанат деган тушунча бор. Бу мувозанат бузилгандан кейин муаммо кетма-кет келаверади. Ўрта қулоқ бурунга ўз тешигини очади. Мана шу тешик очилишининг ўз кенглиги меъёри ва даражаси бор. Бу шиллиқ ишлаб чиқаради. Мана шу ерда бирон-бир сабабга кўра ёпилиш бўлса, босим ошиб кетади. Ушбу суюқлик қаердандир чиқиб кетиши керак. Бунга ёрдам берувчи энг нозик девор – ноғорапардани итариб, тешиб чиқиб кетади. Ҳар гал ноғорапардадан оқиб чиқаётган шиллиқ, йиринг каби ажралмалар тешикни катталаштириб юборади ва бу билан эшитиш даражаси пасайиб боради.
 
Энг ёмони, эътиборсизлигимиз ёки бошқа иш билан бандлигимиз туфайли касалликни анча ўтказиб юбориб, миядаги асаб тизимигача етиб боргач, шифокорга мурожаат қиламиз. Шифокор беморга қўлидан келганча ёрдам беради, уни даволайди, аммо бола учун бу жараён қийинчиликда ўтади. Она сути жуда ҳам фойдали, аммо бу дегани қулоқдан ажралма оққанда сут соғиб даволаймиз дегани эмас. Албатта, шифокор кўригига бориш керак.
 
Жамшид Қурбонов билан суҳбатимиз қизғин тусда давом этди. Хусусан, у болани қай ҳолатда эмизиш кераклиги, оддий ва сурункали шамоллашнинг фарқлари ва бошқа кўплаб маслаҳатлари билан ўртоқлашди.
 
Суҳбатнинг тўлиқ қисмини тез кунда сайтимиз орқали ўқишингиз мумкин.
Мадина Муҳаммадиева суҳбатлашди.
Фото: Акбар Худойберганов

Теглар:Шамоллаш қулоқ ва бурун касаллиги Жамшид Қурбонов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:


Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Илхом
13:39 10.05.2017

Рахмат. Нимага кулогимдан сув чикади диган саволимга жавоб олдим.



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!