Америкалик генерал — Ўзбекистонда!
Жамият 21 Февраль 09:06 1158
image

Кеча, 20 февраль куни Америка Қўшма Штатлари Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлик қўмондони генерал Жозеф Вотел бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди. Шу куни Ўзбекистон Мудофаа вазири, генерал-мойор Баҳодир Қурбонов ва генерал Жозеф Вотел учрашуви бўлиб ўтди. 

Учрашувда мудофаа соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати муҳокама қилиниб, ҳарбий таълим ва мудофаа соҳаларида истиқболдаги режалар белгилаб олинган. Ўзаро манфаатли ҳамкорликларни кучайтириш борасида фикрлар алмашилди. Суҳбатда мамлакатлар ўртасида ҳарбий соҳада ҳамкорлик йўналишларида ўсиш суръатлари ортиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

АҚШ томони ҳарбий ва ҳарбий-техника соҳасида, шунингдек, минтақада хавфсизликни таъминлаш борасидаги долзарб масалаларига ва Ўзбекистон-Америка мудофаа идоралари ўртасидаги келишувларга Ўзбекистон алоҳида эътибор қаратаётганини эътироф этган. 

Генерал Жозеф Вотел генерал-майор Баҳодир Қурбановни мудофаа вазири лавозимига тайинлангани табриклади. Суҳбатда у, мазкур ташриф Тошкентга тўртинчиси бўлганини айтиб ўтди. Шунингдек, генерал Вотел ўтган ташрифидан қолган таассуротларидан энг ёрқини – Самарқанд шаҳрига саёҳати ва тарихий обидалар билан танишуви эканини мамнуният билан билдирди.

Учрашув давомида Афғонистондаги вазиятни ўнглаш, халқаро терроризмга барҳам бериш ҳамда минтақада тинчликни барқарор ушлаб туриш бўйича фикрлар алмашилди.
 
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон минтақанинг барқарорлиги ва ривожланишига сезиларли даражада таъсир кўрсатадиган қўшни Афғонистон давлатида тинчлик ва хавфсизлик йўлидаги барча ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди.

2018 йилнинг март ойида Тошкент шаҳрида Афғонистон масалалари бўйича “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” халқаро анжуманининг ўтказилгани, шунингдек, унинг якунида “Тошкент декларацияси” қабул қилинганининг ўзи Ўзбекистон терроризмнинг бошқа мамлакатларда тарқалмаслиги тарафдори эканлигини кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг май ойида Ўзбекистон мудофаа вазири Жозеф Вотел бошчилигидаги делегацияни кутиб олган эди. Шу йилнинг январь ойида эса Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги делегацияси АҚШда бўлиб, мамлакат махсус бўлинма ҳарбий хизматчилари иштирокида Кемп-Шелби ҳарбий базасида ўтказилган “Жанубий зарба” ҳамкорликдаги машғулотларни кузатди ҳамда CENTCOM қўмондонлиги билан икки томонлама ҳарбий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган эди. 
 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 12
Рейтинг: 2.8