Миср Президенти Ғазони қайта тиклаш учун қанча маблағ керак бўлишини айтди

Олам

image

Исроил босқинчиларининг бузғунчилиги оқибатида вайрон бўлган Ғазо секторини тиклаш учун 90 миллиард доллардан ортиқ маблағ керак бўлади. Бу фикрни Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси бугун, 9 март куни "Al Ekhbariya" телеканалида қилган чиқиши давомида айтиб ўтди.

"Ҳозирда Ғазо сектори катта фожиага гувоҳ бўлмоқда, минглаб одамлар ҳалок бўлди ва бу вазиятни ўнглаш учун 90 миллиард доллардан кўпроқ маблағ керак бўлади", деган у.

Сисининг таъкидлашича, Миср Фаластин халқига ҳеч қачон хиёнат қила олмайди ва уларни ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш учун қўлидан келганини қилади. Шу муносабат билан Миср раҳбари Қоҳира Ғазода ўт очишни тўхтатишга эришиш ва минтақа аҳолисига гуманитар ёрдам кўрсатиш учун барча саъй-ҳаракатларини амалга ошираётганини таъкидлаган.

Президентга кўра, Миср гуманитар ёрдамларни қуруқликдан ташишда юзага келган қийинчиликлар туфайли анклав аҳолисига ҳаво орқали ёрдам етказа бошлаган. Шу билан бирга, сектор билан чегарадаги Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти кунига 24 соат очиқлигини ва Миср расмийлари бу имкониятлардан максимал даражада фойдаланишга ҳаракат қилаётганини тасдиқлаган. 

Қолаверса, ас-Сиси Ғазодаги можаро мамлакатга салбий таъсир кўрсатаётганини ва Миср учун ҳам, бутун минтақа учун ҳам бу улкан синов эканлигини қайд этган. Унинг қўшимча қилишича, ҳар қандай шароитда ҳам Миср минтақада барқарорлик ва тинчлик омили бўлиб қолади.

"Биз инқирозларни бошдан кечирмоқдамиз, лекин биз жанубда ҳам, бошқа йўналишларда ҳам мамлакат чегараларини сақлаб қолишда давом этамиз", деган у. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ғазо секторидаги шаҳар ва аҳоли пунктлари кўчаларида камида 12 миллион тонна чиқинди тўпланиб қолгани, мутахассисларнинг хулосасига кўра, йиғилиб қолган чиқиндиларни тозалаш тўрт йилдан кўпроқ вақтни олиши мумкинлиги ҳақида маълум қилган эдик.


Мақола муаллифи

Теглар

Миср Ғазо Абдулфаттоҳ ас-Сиси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг