COVID-19 ва дунё – сўнгги 24 соат ичида рўй берган янгиликларнинг қисқа дайжести

Олам

image

Дунё бўйича коронавирусга чалинганлар сони бугунга келиб 1 698 271 нафарни ташкил этмоқда. Ҳозирга қадар 102 753 бемор вафот этди. Инфекциядан 376 669 киши шифо топиб, тузалиб кетди.

Ўзбекистонда 10 апрель куни соат 22:00 ҳолатига кўра беморлар 641 нафарни ташкил этган бўлса, соат 23:00 га келиб улар 28 нафарга ортиб, 669 кишига етди.  Бугунгача уларнинг 42 нафари даволанди ва 3 нафари вафот этди.

Қозоғистонда бугун, 11 апрель куни инфекциядан зарарланганлар сони 4 нафарга ошиб, умумий ҳисобда 812 беморни ташкил этмоқда. Бугунги касалланганлар мамлакатнинг 8 та ҳудуди, жумладан, пойтахт Нур-Султонда қайд этилган. Коронавирусдан 10 киши вафот этган бўлса, 64 бемор ундан шифо топган.

АҚШ ҳукумати коронавирусга қарши курашиш учун Италияга ёрдам беришга тайёр эканлигини маълум қилди. “Қўшма Штатларнинг энг асосий вазифаси ўз фуқароларини коронавирусдан ҳимоя қилиш. Бироқ Италияга ёрдам қўлини чўзиш, кучли инқирознинг олдини олади ва АҚШнинг дунё етакчилиги мақомини мустаҳкамлайди”, дейилади Оқ уй баёнотида.

Хитой, ўз навбатида, Россияга ўз тиббиёт ходимларини жўнатди. Улар бугун, 11 апрелда Россияда бўлади. Икки мамлакат соғлиқни сақлаш вазирликлари келишувига асосан, хитойлик тиббиёт ходимлари коронавирусга қарши курашда россиялик ҳамкасблари билан ҳамкорликда ҳаракат қилишади. 

Беларусь Россиядан коронавирусга қарши 30 мингта тест сотиб олишни рад этди. Аввалроқ, ҳукумат, мамлакатда ҳам миллий, ҳам замонавий тестлар мавжуд эканлигини маълум қилган эди. Аммо апрель бошидан бери Минскка турли йўллар билан 10 мингта тест олиб кирилгани ҳақида маълумотлар мавжуд.

Жаҳоннинг бошқа мамлакатларида қуйидаги ҳолат кузатилмоқда: Аргентинада коронавирус сабабли жорий этилган карантин режими яна икки ҳафтага – 26 апрелга қадар узайтирилди. Хитойда эса сўнгги 24 соат ичида 46 нафар шахс инфекциядан зарарланди. Жанубий Кореяда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 10 480 нафарга етди. АҚШда бу кўрсаткич ярим миллиондан ошди. 


Мақола муаллифи

Теглар

дайжест

Баҳолаганлар

407

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг