Биринчи сен бошладинг, йўқ сен – Қирғизистон ва Тожикистон ўзаро нота алмашди
Олам
−
09 Май 2020
16183Тожикистоннинг Қирғизистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Назирмад Ализода Қирғизистон Республикаси Давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмида содир бўлган чегара ҳодисаси муносабати билан бугун Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди. Бу ҳақда Республика Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, тожик дипломатига Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан норозилик нотаси топширилган. Айни ҳодиса 9 май байрами арафасида ва Рамазон ойида содир бўлгани қирғиз томонидан қаттиқ танқид қилинган.
“Тожикистон ҳарбийлари ва фуқароларининг қирғиз-тожик давлат чегарасидаги вазиятни издан чиқаришга олиб келадиган яққол бузғунчи ва провокацион ҳаракатлари юзасидан хавотир билдирилди.
Тожик томонининг ушбу ноқонуний хатти-ҳаракатлари Ғалаба куни арафасида ва муқаддас Рамазон ойи давомида содир этилган. Бу кўз юмиб бўлмас ҳақиқатдир.
Қирғиз томони чегара ҳудудларидаги вазиятнинг ёмонлашуви учун барча жавобгарликни Тожикистон томон зиммасига юклайди ва вазиятни янада ёмонлашишига йўл қўймаслик ҳамда айбдорларни жавобгарликка тортиш учун шошилинч чоралар кўрилишини талаб қилади“, дейилади баёнотда.
Шу билан бирга, Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги ҳам Қирғизистоннинг мамлакатдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ж.С.Рустенбековни вазирликка чақирди. Унга “қуролли воқеага олиб келган Қирғизистон фуқаролари ва ҳарбий хизматчиларининг провокацион ҳаракатлари туфайли“ норозилик нотасини топширилди.
“Элчига воқеа сабаби Қирғизистон фуқароси томонидан тожик чегарачилари ўққа тутилганлиги, шунингдек, Тожикистон чегара қўшинларининг қасос чораларини кўришга мажбур қилгани сабабли ушбу хатти-ҳаракатлари содир бўлганлиги ҳақида хабар берилди.
Қўшни мамлакат фуқаролари ва ҳарбий хизматчиларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари натижасида ҳозирда касалхонага ётқизилган икки тожикистонлик жиддий жароҳат олгани қайд этилди. Суҳбат чоғида чегараолди ҳудудлардаги вазиятни кескинлаштириш учун бутун жавобгарлик қирғиз томонига юклатилди“, дейилади Ташқи ишлар вазирлиги хабарида.
Эслатиб ўтамиз, 8 май куни кечқурун Баткен вилоятининг Чек минтақасида Чек участкасининг 50 гектар майдонидан фойдаланиш масаласида Қирғизистон ва Тожикистоннинг чегарадош минтақалари аҳолиси ўртасида можаро келиб чиққан. Можаро давомида Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари бир-бирларига тош отганлар.
Шундан сўнг, “жанг“га тожик аскарлари қўшилган ва кутилмаганда қирғиз чегарачилари ва фуқаролар томон қарата ўт очишган. Отишма пайтида Қирғизистон Давлат чегара хизматининг уч ходими ва бир фуқароси турли даражада жароҳат олган. Улар Баткен вилоят қўшма шифохонасига ётқизилган. Бири амбулатория даволанишига юборилган. Иккинчисининг аҳволи ўта оғир деб баҳоланмоқда. Қолган иккитасининг аҳволи ўртача эканлиги маълум қилинган.
LiveБарчаси