Азамат Акбаровнинг дипломини сохтага чиқариш кимга керак бўлганди? Олим билан суҳбат 

Интервью

Жорий йилнинг бошларида Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” туризм халқаро университетининг биринчи проректори Азамат Акбаровнинг дипломи сохта эканлиги ҳақидаги хабарлар эълон қилинган эди. Орадан 8 ой вақт ўтиб эса, унга қўйилган айбловлар бекор қилинди ва дипломнинг сохта эканлигига оид маълумотлар ўз исботини топмади. Бугун айнан мана шу мавзу юзасидан QALAMPIR.UZ таҳририяти Азамат Акбаровнинг ўзлари билан суҳбат қилишга қарор қилди. 

— Келинг, биринчи навбатда бўлган воқеани ўзингиздан эшитсак! Бу воқеа қачон содир бўлди ва дипломинингизнинг сохта ёки сохта эмаслиги кимга керак бўлди? Шулар ҳақида батафсилроқ сўзлаб берсангиз.

— Таклиф қилганингиз учун ўз ташаккуримни билдираман, ўтган 9 ой давомида илк бор бу мавзуда интервью беряпман. Келинг, авваламбор университетнинг тарихига бир назар ташласак, яъни университет қандай мақсадларда очилган эди?! 2018 йилнинг 9-10 июнь кунлари Президентимиз Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Циндао шаҳрида бўлиб ўтган саммити чоғида ушбу университетнинг очилиши ҳақида эълон қилган эдилар. Демак, ШҲТ доирасидаги университет сифати нафақат Ўзбекистон ёки Марказий Осиё стандартларига, балки жаҳон стандартларига мувофиқ келувчи университет бўлиши керак эди. Президентимизнинг олий таълимни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида таъкидланганидек, Ўзбекистондаги олий таълим тизими жозибадор бўлиши керак, яъни университетлар жаҳон стандартларига мос ва пухта тайёрланган ўқув режалари, мукаммал дастурлари ҳамда ўзининг олимлари билан илғор бўлиши керак ва бу, ўз навбатида, Ўзбекистондаги университетларни Марказий Осиё “таълим хаби”га айлантириш ва буни келажакда дунё стандартларига олиб чиқиш режа қилиб қўйилган эди. Биз “Ипак йўли” туризм халқаро университетининг очилиши шундай муҳим тадбир доирасида эълон қилингани ва Ўзбекистондаги университетлар орасида бундай имкон фақатгина шу университетга берилганини унутмаслигимиз керак. Тасаввур қилинг, шунча давлат Президентлари ўтирган бир стол атрофида бу университет ҳақида эълон қилиняпти. 2018 йилда университет фаолияти йўлга қўйилиб, у ерга жуда кўп ходимлар ишга олинди. Албатта, қисқа муддатда ходимларни ишга олиш, уларнинг аввалги тажрибалари,  аввалги иш берувчилари уларнинг фаолиятидан қониққанми-йўқми – шу йўналишда баъзи бир камчиликлари бор эди. 2019 йилнинг августида Президентимизни жуда муҳим сўзлари жаранглаган, яъни Ўзбекистондаги  кадрлар масаласи ва шунга жавобан,  мен ишлаб турган университетим – Пусан чет тиллар университетидан мана “Ипак йўли” туризм халқаро университетига таклиф қилиндим. Мен бир дақиқа ҳам ўйлаб ўтирмай, у ердаги бор имкониятларни ташлаб, Самарқанддаги университетга ишга келдим. 

Университетнинг 2019 йилдаги ҳолатига қайтадиган бўлсак: 

Биринчидан, у ердаги жуда кўплаб ходимлар (инглиз тили ўқитувчилари ёки халқаро бўлимда ишлаган ходимлардан ташқари) инглиз тилини билмас эди. Халқаро мақомдаги, халқаро андозаларда ишлашга тайёр бўлган университет ўз ўқув режаларини ривожланган давлат университетларига мувофиқ жорий этиб, ўқув йилини бошлаши керак эди. 

Иккинчидан,  ходимларнинг эгаллаб турган лавозимларига жавоб бера олмасликлари масаласи. Умуман фикримча, кадрлар муаммоси барча университетларда мавжуд. Мисол тариқасида айтадиган бўлсам, университетнинг қалби ҳисобланган “Ахборот ресурс маркази” директори аслида ё кучли кутубхоначи, ё кучли IT мутахассиси бўлиши керак, чунки бу марказ одатда журналларда чиқадиган мақолалар, уларга бу мақолалар қандай ёзилишини, резюмелар қандай ёзилишини ўргатувчи, тренинг вазифасини бажарувчи бир марказдир.  Лекин бу марказнинг бошлиғи – мутахассислиги бўйича физика мутахассиси, боз устига чет тилини ҳам билмайди... Тасаввур қилинг, университетнинг энг муҳим ҳисобланган яна бир бўлимида ишлайдиган бир ходим мутахассислиги бўйича  – ветеринар. Ёки, масалан, айтайлик Президентимизнинг 3815-сонли қарорида университетда “Туризм соҳасида инновациялар маркази” ташкил этилиши масаласи бўлган, бу марказга ҳам олдин фақат мактаб ва коллежларда ишлаб келган ҳамда туризмга мутлақо алоқаси бўлмаган инсон бўлим бошлиғи сифатида қабул қилинган. Проректорларни оладиган бўлсак, уларнинг етарли даражада хорижий тилни билмасликлари, хорижий университетда ишлаш тажрибалари йўқлиги... Хорижий тил сифатида инглиз тилини билмаган кишиларнинг маълумот оладиган каналлари ҳам чегараланган бўлади. Демак, улар хорижий стандартларни жорий этиш давомида қатор тўсиқларга дуч келиши мумкин. 

2019 йилнинг 17 августидан ўз фаолиятимни энг асосий, амалга ошмаган вазифаларни бажаришдан бошладим. Бу – университетни кредит-модуль тизимига ўтказиш, Болонья декларациясига хос ўқув дастурини яратиш, таълим тизимини инглиз тилига ўтказиш, зеро бу халқаро мақомдаги университет. 2022 йилда Самарқандда бўлиб ўтадиган ШҲТ саммити Самарқандда бўлади. Демак, ушбу тадбирга мос равишда мазкур университет илғор фаолият юритиб, талабга жавоб берадиган мутахассисларни етказиб бериши керак. 

— Уларни танқид қилганингиз учун ҳам сизнинг пайингизга тушишди деб ўйлайсизми?

— Шундай, албатта. Биринчи мулоқотлардан кейин баъзи университет ходимлари билан йўлимиз айрилди. Бир йил давомида уларга бириктирилган вазифалар бажарилмаган эди, уларнинг тажриба ва кўникмалари эгаллаб турган лавозимлари ҳамда университетнинг халқаро мақомига жавоб бермас эди. Бу – биринчи масала. Иккинчи масала, бир гуруҳ университет ходимлари вақти келиб улар ҳам ишдан кетишлари мумкин эканини ҳис қилган ҳолда, ноябрь ойида Президент виртуал қабулхонасига шикоят хати ёзиб чиқишган. 

Шикоят хати шундай мазмунда: Нима учун университетда юқорида айтиб ўтилган ислоҳотлар амалга ошяпти? Нима учун университетда дарс жараёнини 50 дақиқагача қисқартирдик? ( бизда 80 дақиқа эмас, 50 дақиқага ўтказилганди). Педагогика жиҳатидан қарайдиган бўлсак, ўзимиз ҳам маълум бир муддатдан кейин маъруза ва семинарларда ё мажлисларда баъзан кишиларнинг кўзи уйқуга илинаётганини кўрамиз. Бу – инсоннинг фитрати. Ривожланган давлат ҳисобланган Жанубий Кореяда ҳам дарслар  50 дақиқадан. Шу масалани Президент виртуал қабулхонасига ёзиб чиқишган. Ёки, нима учун биз кредит тизимига ўтдик, нима учун таълим инглиз тилида, нима учун университетнинг эски тузилмаси ўрнига янги тузилма жорий этилди, нима учун сенат жорий этилди? Улар XXI асрга хос бўлган университетлар трендларини муҳокамага олишди. Буни ким қилди? Ўша 10 кишидан иборат гуруҳ: ғазначи, ёнғиндан сақлаш бўйича бўлим ходими, техник ходимлар ва ҳ.к. Тасаввур қиляпсизми, таълимга тўғридан-тўғри алоқаси бўлмаган инсонлар университетнинг келажагини белгилаб берувчи ислоҳотларга қарши чиқишди. 

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, 30-йилларда қатағон йилларида кечган вазият ҳам айнан шундан келиб чиққанди. Жадидларнинг янги бир ислоҳот, таълим ислоҳоти йўлида давлатни ривожлантириш бўйича берган фикрлари мавзудан умуман кўникма ҳамда тажрибаси бўлмаган инсонлар томонидан танқид остида қолиб кетган. Бу иккинчи босқичда. 

Учинчи босқичда булар нима учун хориждан ўқитувчи таклиф этилганини Вазирлар Маҳкамасига ёзиб чиқишди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, мана яқинда Тошкентдаги бир университетда проректор Жанубий Кореядан таклиф қилингани ҳақида маълумот тарқалди. Биз ҳозирги давр талабидан келиб чиққан ҳолда, илғор давлатларнинг университетларидан таклиф этилган профессорлардан имкон қадар самарали фойдаланишимиз керак. Уларнинг билимларни таълим стратегиясига жорий этишимиз керак. Охир-оқибат, улар университетда ёзилган шикоятларга жавобан уларга қониқарли жавоб берилмаганлиги учун бу номақбул курашни Facebook ижтимоий тармоғи орқали давом эттиришди. Ҳозирди ҳамма нарсани ҳал қиладиган суд органларимиз бор, ёки масалан маълум бир ташкилотлар бор. Бироқ Facebook орқали ректорни, проректорни, университет ходимларини номақбул сўзлар билан ҳақоратлаш, уларни оиласи ҳақида ҳар хил гапларни ёзиб чиқиш ёки номақбул суратларни жойлаш кабилар ўзини “ислоҳотчи” деб ҳисоблаган инсонлар томонидан амалга оширилмоқда. Аслида, бу жуда аянчли ҳолат. Мен таълим тизими бундан ривожланмаслиги керак, деб ўйлайман. 

— Айнан дипломнинг сохта эканлигига оид маълумотларга тўхталиб ўтсак. Нима учун дипломингизни сохта деб айтишди ва бу ким томонидан айтилди? 

— Баъзи университетларда таниш-билишчилик, уруғ-аймоқчилик жуда кучли ривожланган. Масалан, шундай университетлар борки, турмуш ўртоғи – проректор, хотини эса, айтайлик, декан ёки кафедра мудираси. Ёки масалан, мен ишлаган университетда ҳам мана шунақа таниш-билишчилик, уруғ-аймоқчилик шартлари билан ишга олинган ходимлар кўп эди. 

— Улар ким томонидан ишга олинган?

— Собиқ проректор томонидан ишга олинган. Ходимларнинг тажрибаси, илмий салоҳиятига қарамай, уларни “садоқатига”, яъни “тизим”ни сақлаб қолиш, рус ва инглиз тилларида status quo (статус кво – мавжуд тизим) дейишади, олдиндан муҳрлаб берилган “тизим”ни сақлаб қолиш учун “содиқ” инсонлар ишга олинган. Уларнинг билим даражасига эса жуда кўп шубҳа бор. 

Маълумот учун: Университетнинг собиқ проректори Баҳодир Тураев Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 29 майдаги 65-сон Раёсат мажлиси баёнига мувофиқ, “Ипак йўли” туризм халқаро университетида қурилиш-таъмирлаш ишларини, ўқув жараёнини,  талабалар ва педагоглар ўртасида маданий ва маънавий барқарор муҳитни яратиш ишларини ташкил этиш бўйича сусткашликка йўл қўйгани, юклатилган вазифаларни ўз муддатида ва сифатли ижро этмагани, университет таркибига кадрларни тажрибаси, малакаси ва билимига эътибор қаратмасдан қабул қилгани, амалдаги қонунчилик талабларини қўпол бузган ҳолда ишга ўзининг яқин қариндошларини олганлиги, ваколати доирасидан ташқари бўлган ҳужжатларни раҳбарият билан келишмасдан расмийлаштиргани ва ҳужжатларни имзолашда қўпол равишда хатоликларга йўл қўйгани ҳамда ҳужжатларни қасддан йўқ қилганлиги оқибатида университетга моддий зарар етказганлиги сабабли лавозимидан озод қилинган.

— Умуман шу каби воқеалар сиз яшаган давлатда ҳам бўлганми? Чет элда ҳам бу каби ҳолатлар кузатиладими, яъни бир-бирини кўра олмаслик, орқадан иш қилиш  деган нарсалар борми у ерда ҳам?

— Йўқ, умуман йўқ бундай нарсалар. Биласизми, чет эл университетлари тўртинчи авлод университетлари. Бу тўртинчи авлод университетларини ўқув режалари ўша давлатнинг ишлаб чиқариш маҳсулотига тўғридан-тўғри таъсир қилади, яъни Samsung, iPhone, LG’ларнинг ривожланиши шу университетларнинг салоҳиятини кўрсатиб беради. Университетда ишлаб турувчи ходимларнинг ҳаммаси ё университет профессори ёки битирувчилари. Уларнинг бу каби ўтган аср бошларидаги тенденцияларга вақти ҳам йўқ. Aфсус, бизнинг кўплаб университетларимиз биринчи авлод университетларидир, яъни, биз фақатгина дарсга кириб, маълумотни талабаларга етказиб, дарсни битириб, талабаларни имтиҳонга боғлаб, яъни, уларнинг ижодкорлик руҳиятини эмас, ҳофизасини ривожлантирамиз. Тажрибасиз, сифатсиз кадрларнинг университетларга ишга жойлашуви мана шу каби оқибатларга олиб келади. Номақбул йўллар билан университет нуфузига путур етказиш, ислоҳотларга тўсқинлик қилиш, булар ҳаммаси, афсуски, мана шу биринчи авлод университетларида кузатилади. Шу ўринда бир нарсани таъкидлашни истардим: “Ипак йўли” туризм халқаро университетида бўлиб ўтган воқеалар бутун олий таълим тизими учун маҳорат дарси вазифасини ўташи даркор.

— Маълумки, ҳар бир университет, ҳар бир олий таълим муассасасининг ўз йўналиши бор. Туризм, юридик, санъат ва ҳ.к. Уларнинг барчасида дарс жараёнлари деярли бир хил кечади. Дарсга боришади, ўқишади, “зачет” топширишади, биринчи, иккинчи, учинчи курсларни шу тарзда тамомлашади. Бироқ, мана сиз янгилик қилдик, дарсларнинг соатини қисқартирдик ёки бошқа тажрибаларни олиб кирдик деб айтяпсиз. Бунга талабалар қандай муносабатда бўлишди? 

— Энди тасаввур қилинг, 2018 йилда халқаро университет очилган ва халқаро мақомдаги университет маҳаллий университет андозаси асосида ўқув режасини бошлаган. Демак, университетнинг пойдевори нотўғри қўйилган. Масалан, ўша вақтда, айтайлик, 94 та миллий даражадаги университет бўлган, нега биз 95-си бўлишимиз керак? Яъни биз бошқа университетлардан ажралиб турадиган бирор янгиликни кирита олмасак, унда Президентимизнинг ушбу халқаро университетга ишониб топширган вазифалари қаерда қолади? 

2018 йилда бошқа университетлар қаторида бу университетда ҳам бир семестрда 10-12 та фан ўқитилган. Агар бир семестрда 12 та фан бўладиган бўлса, нима учун халқаро мақом берилган бу университетга Жанубий Кореядан, Япониядан талабалар келиб ўқиши керак? У ерларда бир йилда 12 та фан ўқитилади. Ортиқча фанлар охир-оқибат коррупцияга олиб боради. Буни мен жуда оддий мисоллар билан тушунтириб беришим мумкин. Биз 2019 йилда университетни янги тизимга ўтказганимизда жамоа билан фанларни 5 тагача қисқартирдик. Бунинг арифметикаси жуда осон. Масалан, битта фанни оладиган бўлсак, бир фанда, масалан, 500 саҳифали китобни ўқиш учун ҳар бир талабага 150 соат керак бўлади. Чунки талаба маълумотни ўзлаштириши учун бир соатда 5-6 саҳифа ўқиши керак. Демак, 150 соат. Талаба мустақил тарзда 10 бетлик реферат, мустақил ишни ёзиши учун камида 1 000 бетлик маълумотдан фойдаланиши керак. Бу журналлар, газеталар, мақолалар тўпламлари, бошқалар, конференциядан, китоблардан 1 000 бетлик маълумотни ўқиб, 10 бетлик бир ижодкорлик руҳида бир реферат ёки мустақил иш ёзиши мумкин. Бунга 300 соат кетар экан. Тасаввур қилинг, 300 га 150 ни қўшсак 450 соат бўлади. 450 соатни 1 суткада 24 соатга бўлсак, 18 сутка чиқяпти. Бу ёққа мен ҳали тақдимотлар (презентация) ва  бошқа амалий машғулотларни қўшмаяпман. Фақатгина бир дарсдан талабани мустақил тарзда ўтиши учун 18 сутка керак. 18 ни 12 та дарсга кўпайтиринг 220 сутка чиқяпти! Бир семестрда эса 120 сутка бор. Демак, талаба 4 - 5 та дарсни ўзлаштиргандан кейин қолганини ўзлаштириш учун вақт етмайди ва у бошқа йўлларни излашга тушади.

— Нима деб ўйлайсиз бизда таълим сифати ривожланмаслигига асосий сабаб нима? 

— Жуда қизиқ савол. Кўп универстетларда ҳали ҳам ўша 70-80-90 йилларда чиққан дарсликлардан фойдаланишади. Табиий савол туғилади: сўнгги 30 йилда фанда ҳеч қандай ўзгариш бўлмадими? Ёки баъзи ўқитувчилар сарғайиб эскириб кетган конспектлардан талабаларга нуқта-вергулигача ўқитиб, конспект ёздириб, имтиҳон вақтида худди шундай айтиб беришни талаб қилишади. Биз худди талабаларнинг ҳофизасини ривожлантираётганга ўхшаймиз. Ҳозир дунёда шундай тенденция бор, Европада бакалавр йўналишидаги таълим 3 йиллик бўлди. Савол: Нима учун бошқа жойларда 4 йил, уларда 3 йил? Чунки улар шундай хулосага келишган. Талабаларга 1-курсда бериладиган маълумотлар 3-курсга бориб эскиряпти. Яъни, Европа бугунги кунда берадиган дипломи камида 5-6 йил ўз кучини йўқотмаслиги керак, деяпти. Бизда баъзан талаба битирганидан кейин, ишлаб чиқаришга борганида умуман ўша ишга нолойиқ эканини сезиб қолади. Унга бериладиган таълим сифати эскирган бўлаяпти. Натижада ишсизлик сони ошяпти. Ёки яна бир мисол, талаба иккинчи мутахассисликка бориши мумкин. Бу эса вақт йўқотиш дегани. Аслида бу жуда катта муаммо. Шунинг учун таълим сифатини мониторинг қиладиган ташкилотлар бор. Биз бир қарашимиз керак, нима учун талабалар дарсда мутахассислиги бўйича керакли маълумотларни ололмайди. Бу жуда ҳам муҳим. Урушдан чиққан давлатлар, яъни Япония, Жанубий Корея, Германияни оёққа турғизган ўша таълим тизими ва университетлар бўлади. Давлат бор кучини университетларга ҳамда у ердаги таълим сифатини оширишга қаратди, шунинг учун ҳам у ердаги университетлар ҳозир 4-авлод университетлари ҳисобланади. Германия, Япония, Жанубий Кореяда ишлаб чиқаришни тамомила университетлар бошқаради. Бир соат дарсга кириш учун ўқитувчи камида 3 соат тайёргарлик кўриши керак. Минглаб маълумотни ўқиб, 
1 соатда айтиб бериши керак, тасаввур қилинг, бу дарсларнинг савиясини ва 80-йилда чоп этилган, китобдан нуқта вергулигача айтиб берилган конспект дарсларни... Мен 2 соатда айтиб бериш мумкин бўлган бир мавзуни бутун бир фан сифатида семестрга қўйишганининг гувоҳи бўлганман. Тасаввур қилинг, 16 ҳафта. Нима ҳожат 2 соатни 16 соатга чўзишга?

— Aгар сиздан таълим тизимига қайтишингизни сўрашса, қайтасизми? 

— Олий таълим тизимида фаолият юритаётганимга 21 йил бўлди. Шунинг 15 йилида мен хорижий университетларда ишладим. Ўтган йили қайтишимнинг сабаби асли – ўша хорижда орттирилган тажрибамни ўз Ватанимда жорий этиб, таълим тизимининг ривожлантиришга ҳиссамни қўшишда эди! Бундай таклиф бўлган тақдирда, албатта, ўша амалга оширолмай қолган режаларимни охирига етказар эдим.


Мақола муаллифи

Теглар

Азамат Акбаров “Ипак йўли” туризм халқаро университети сохта дипломи

Баҳолаганлар

272

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг