“Бек Тўпи” бозори собиқ раҳбари ҳибсхонада вафот этди

Жамият

image

Жорий йилнинг 30 март “Бек Тўпи” бозори собиқ раҳбари 57 яшар Шукриллахон Эргашев тергов изоляторида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси маълум қилди. 

Қайд этилишича, 30 март куни соат тахминан 12:20 ларда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ЖИЭББга қарашли 1-сон тергов ҳибсхонасида сақланаётган, 06.02.2019 йилдан бошлаб ҳибсхонанинг Даволаш-профилактик ёрдам кўрсатиш бўлимида “Юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония-2, АГ-2, қандли диабет касаллиги 2-даражаси” ташхиси билан даволанаётган махбус Шукриллахон Эргашев “Ўткир миокард инфаркт, Ўткир юрак қон томир ва ўпка етишмовчилиги” ташхиси билан вафот этган.

Маҳбус Шукриллахон Эргашевнинг ўлими сабабларини аниқлаш мақсадида судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган. Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича Қамоққа олинганларни сақлаш ва жазони ижро этиш жойларида қонунларга риоя этилиши устидан назорат бўйича Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил август ойларида Бош прокуратура томонидан Тошкент шаҳар Савдо департаменти, хизматлар кўрсатиш ва халқ истеъмоли товарларини ишлаб чиқариш соҳасидаги корхонлар ва “Бек тўпи савдо комплекси”, “Чорсу буюм савдо комплекси”, “Чилонзор буюм савдо комплекси”, “Ўрикзор савдо комплекси” АЖ бозорлари, “Эски Жува деҳқон бозори”, “Юнусобод деҳқон бозори” ва “Сергели автотранспорт ва эҳтиёт қисмлари бозори” деҳқон бозорлари мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши очилган эди. 

Таъкидлаш жоизки, жиноят иши иқтисодиёт асосларига қарши қатор жиноятлар содир этган еттита бозорнинг раҳбарларига нисбатан қўзғатилган.
 
Уларга нисбатан қуйидаги айбловлар илгари сурилган:
 
– сифатсиз маҳсулотлар харид қилиш ва уларнинг бузилишига йўл қўйиш орқали давлатга 27,7 млрд. сўм миқдорида зарар етказиш;
 
– бозорлар ҳудудида пуллик хизматлар кўрсатиш натижасида келиб тушган 3 млрд. сўмдан ортиқ пул маблағларини инкассация қилмаслик орқали ўзлаштириш;
 
– ҳисобга олинмаган ва ноқонуний қурилмалар (омборхоналар ва енгил тузилмалар) фаолиятидан келиб тушган 2 млрд. сўмдан ортиқ пул маблағларини ўзлаштириш;
 
– савдо нуқталари фаолиятидан келиб тушган 1 млрд. сўмдан ортиқ давлат маблағларини ижара тўловларини топширмаслик орқали талон-торож қилиш;
 
– савдо нуқталарини реализация қилиш натижасида тадбиркорлардан 2 дан 5 минг АҚШ доллари миқдоригача ноқонуний пул мукофотларини олиш.
 
Мазкур ҳолатлар юзасидан Савдо департаменти ва бозорларнинг мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан айб эълон қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
 
“Юнусобод деҳқон бозори” АЖ раҳбарлари О.Мустаев ва Б.Юсуповлар томонидан етказилган 800 млн. сум атрофидаги зарар, шунингдек “Тошкент озиқ-овқат захира” ДУК директори Р.Расулов томонидан етказилган 3,9 млрд. сум атрофидаги зарарнинг тўланганлигини инобатга олган ҳолда уларга нисбатан қўлланилган эҳтиёт чораси озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёт чорасига ўзгартирилди.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

120

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг