Бухорода ҳам коронавирусга чалинган 4 бемор соғайиб кетди
Жамият
−
12 Апрель 2020
7827Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига чалинган беморларни самарали даволаш борасида минглаб тиббиёт ходимлари матонат билан меҳнат қилишмоқда. Натижада, пойтахтдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан ташқари, Хоразм ва Наманган вилоятлари юқумли касалликлар шифохонасида ҳам коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг бутунлай соғайишига эришилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотга кўра, эндиликда уларнинг сафига Бухоро вилояти юқумли касалликлар шифохонаси ҳам қўшилди. Ушбу тиббиёт муассасасининг фидойи ва жонкуяр шифокорлари саъй-ҳаракати ўзининг дастлабки самарасини бериб, 4 нафар бемор бутунлай соғайишди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди. Ўзбекистонда коронавирусдан фориғ бўлган 65 нафарга етди.
Тузалганларнинг икки нафари (бири Андижондан, яна бири эса Тошкент вилоятидан) Туркиядан Бухорога келган бўлиб, жорий йил 26 март куни коронавирус инфекцияси аниқланган эди. Яна фарғоналик икки нафар фуқаро эса чартер рейс орқали Россиядан Бухорога келишгач, уларда ҳам коронавирус инфекцияси тасдиқланганди.
Айни пайтда вилоят юқумли касалликлар шифохонасида коронавирус инфекциясига чалинган беморларга тиббиёт ходимлари томонидан халқаро стантдартлар асосида муолажалар олиб борилмоқда. Бунда, пойтахтдаги малакали шифокорлар, шунингдек, мамлакатнинг пульмонолог, кардиолог, терапевт, эндокринолог каби етук мутахассислари билан телемулоқот ўрнатилиб, зарур тавсияларни олишаётгани ҳам қўл келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтга келиб, коронавирусга чалинганлар 833 нафарга етди. Бугунгача касалланганларнинг 4 нафари вафот этган.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси