Ким бўлишидан қатъи назар қонунбузарга нисбатан жазо муқаррар – Мирзиёева Самарқанддаги ҳолат ҳақида

Жамият

image

Аввалроқ, Самарқандда 13 яшар бола оёғидан кишанланган ҳолда топилгани ҳақида хабар берган эдик. Воқеа юзасидан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кенжа қизи – Ижтимоий ҳимоя агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева ҳам муносабат билдирди. 

"Жамоатчиликни ларзага келтирган бу ҳодиса кўрилаётган чора-тадбирлар болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига барҳам бериш учун ҳали етарли эмаслигини кўрсатиб қўйди. Қолаверса, бу қонунбузарлик барчамиз учун муборак Рамазон ойида содир этилгани кишини баттар қайғуга солади", дейди Мирзиёева.

У мамлакатда бирорта ҳам вояга етмаган шахс бундай ҳолатга тушиб қолмаслиги учун жамиятда болаларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз муносабат шаклланиши йўлидаги саъй-ҳаракатларини давом эттиришини таъкидлаган. Шунингдек, Мирзиёева мазкур жиноят фош бўлишига ҳисса қўшган, ўз вақтида ички ишлар органларига хабар берган жамоатчилик вакилларига миннатдорлик билдирган.

"Самарқандда рўй берган воқеа Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан назоратга олинган. Бироқ биз қуруқ баёнот билан чекланиб қолмай, жабрланувчининг соғломлаштирилиши, таълим олиши ва нормал шароитда яшаши учун барча зарур шароитлар яратилиши учун ғамхўрлик кўрсатади. Ким бўлишидан қатъи назар қонунбузарга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланишига ишонтириб қоламан", дейди Мирзиёева. 

Болалар омбудсманининг маълум қилишича, 2011 йилда туғилган Ш.Ш. Пахтачи тумани “Қалқон-жасорат ҳарбий спорт мактаби”нинг 6-синфида ўқийди. Ш.Ш. нинг васийлари Ж.С. ва Э.М. лар мазкур мактаб ўқитувчиси Х.Ш. ни чақириб, хулқи оғирлиги туфайли болани Самарқанд вилояти “Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш Маркази”га олиб боришни сўраган. 2024 йил 16 март куни ўқитувчининг машинасига боланинг васийси Ж.С. гўёки автомашинадан тушиб қочиб кетмасин деган важ билан машинанинг орқа ўриндиғида ғайриқонуний тарзда боланинг оёқларини темир занжир билан боғлаб қўйганлиги аниқланган.

Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 138-моддаси (Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) билан жиноят иши қўзғатилгани ҳамда ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қонун жазо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг