Ҳиндистон ва Покистон муносабатларида Ўзбекистон яна янги саҳифа оча оладими?

Таҳлил

image

Бугунги кунда дунё ҳамжамиятининг диққати Ҳиндистон ва Покистонга қаратилган. Жорий йилнинг 27 февраль куни Ҳиндистон ва Покистон минтақа хавфсизлигига раҳна солувчи, қонли ҳарбий қарама-қаршиликни бошлаб юборди.

Осиё қитъасидаги бу икки давлат Буюк Британия Ҳиндистонга мустақиллик берган 1947 йилдан бери бир-бирига нисбатан душман кайфиятида бўлиб келади. 1947 йилда ҳинд мусулмонлари Ҳиндистондан ажраб чиқиб, Покистон Ислом Республикасини тузган. Уларнинг душманлик муносабатларининг манбаи эса дунёнинг энг “қайноқ” нуқталаридан бири Кашмир ҳудуди ҳисобланади.

Бугунгача Ҳиндистон ва Покистон ўртасида учта йирик ҳарбий тўқнашув юз берган:
1. 1947-1949 йиллардаги биринчи Ҳиндистон-Покистон уруши. 
2. 1965 йилдаги иккинчи Ҳиндистон-Покистон уруши.
3. 1971 йилдаги учинчи Ҳиндистон-Покистон уруши.

Бу икки давлат ўртасида ярим асрдан ортиқ вақт мобайнида давом этиб келаётган кескинликни турли вақтларда, дунёнинг турли ташкилот ва қудратли мамлакатлари юмшатишга уринган. Баъзи вақтларда бунинг уддасидан чиқилган ҳам.

1966 йилдаги Тошкент саммитини шундай самарали уринишлардан бири дейиш мумкин. Собиқ Иттифоқ Вазирлар Кенгашининг раиси Алексей Николаевич Косигин ташаббуси билан Покистон Президенти Муҳаммад Айюбхон ва Ҳиндистон Бош вазири Лаъл Баҳодир Шастри Тошкентда учрашганди. Учрашув якунида “Тошкент декларацияси” имзоланган.

Мазкур учрашув 1965 йилнинг август-сентябрь ойларида Кашмир ҳудудида Ҳиндистон ва Покистон ўртасида рўй берган қуролли тўқнашув туфайли юзага келган кескинликни тинч йўл билан ҳал қилиш мақсадида уюштирилган.

Тошкент декларацияси бу хусусда бир қанча амалий тадбирларни кўзда тутган. Жумладан, ҳар иккала мамлакат қуролли кучларини қуролли тўқнашувдан олдин эгаллаб турган жойларига қайтариш, дипломатик ваколатхоналар фаолиятини, ҳар икки давлат ўртасидаги иқтисодий ва савдо муносабатларини тиклаш белгиланган. Тошкент декларацияси Ҳиндистон билан Покистон муносабатларидаги жанжалли масалаларни тинч йўл билан ҳал этишга асос бўлган.

Декларация имзоланганининг эртаси куни Ҳиндистон Бош вазири Лаъл Баҳодир Шастри Тошкентда вафот этган.

XXI асрда Ҳиндистон-Покистон можароси янада авж олди. Бунга ҳар икки давлатнинг ядро қуролига эга бўлиши сабаб бўлди. Улар доимий равишда ўзларининг ҳарбий қудратини ошириб келади. Бу эса минтақада тинчлик ва барқарорликка жиддий хавф солиши шубҳасиз.

Шундай бир кескинлик ҳукм сурган даврда Ҳиндистон ва Покистон муносабатларида илиқ муҳитни шакллантириш ҳамда икки томонга ҳам ўзига хос мажбуриятлар юклаш масаласи яна Тошкентда ҳал этилди. 2016 йилда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Тошкентда ўтган саммитида ушбу икки ядровий қуролга эга давлатларга аъзолик мақомини бериш тўғрисида қарор имзоланган.

Тошкент шаҳрида ўтган ШҲТ саммити доирасида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг ўзаро мулоқоти бўлиб ўтганди.

Ислом Каримов ўша учрашувда ядровий қуролга эга Ҳиндистон ва Покистон давлатларининг ШҲТга аъзо бўлиши дунё харитасини ўзгартирибгина қолмай, жаҳон аренасидаги кучлар тақсимотига ҳам таъсир қилишини таъкидлаган.

“Ислом Абдуғаниевич бу қандай кўринади: Ўзбекистон Президенти Каримов Ҳиндистон ва Покистонни ШҲТга олиб келди ҳамда янги дунё сиёсий реаллигини барпо қилди. Келинг шу ҳақда суҳбатлашамиз”, деб жавоб қайтарганди Путин кулимсираб.

Ҳиндистон ва Покистон ШҲТга аъзо бўлиш билан бирга ташкилотнинг мақсад ва вазифалари ҳамда тамойилларига риоя қилишга ҳам розилик берган. Шундай экан бугун бу икки қўшни давлат ўртасида қуролли тўқнашувлар чиққан бир вақтда ШҲТ нега сукут сақлаяпти?

ШҲТ Хартиясининг 1-моддасида давлатлар орасида ишончли, дўстона ва яхши қўшничилик алоқаларини ўрнатиш ташкилотнинг асосий мақсад вазифаларидан бири экани аниқ ва равшан белгиланган.

Шунингдек, минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш учун кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, террорчилик, экстремизм ва сепаратизмга қарши биргаликда курашиш ҳамда ХХI асрда юзага келадиган муаммоларга биргаликда ечим топиш ҳам Хартияда белгилаб қўйилган.

Ҳўш, бугунги кунда ШҲТ минтақа ёки дунёда юзага келган муаммоларни ечиш у ёқда турсин ташкилотга аъзо икки давлат ўртасидаги зиддиятларга барҳам бериш учун қандай чоралар кўряпти?

Ҳозиргача ташкилотнинг у ёки бу идораси вакили мавжуд масалага доир фикр билдирганини кўрмадик, эшитмадик. Аммо АҚШ ва Россия каби йирик “держава” давлатлар доимгидек можаронинг устида ҳозиру нозир. Ҳа айтганча, бу ўринда Хитойни ҳам ёддан чиқармаслик керак.

АҚШ Президенти Дональд Трамп Покистон ва Ҳиндистон чегарасидаги қуролли тўқнашувларни тўхтатиш кераклигини таъкидлади. Россия эса бу икки давлатни яраштириб қўйиш ниятида экани ҳақида баъзи хабарлар тарқалди. Хитой эса, ҳозирча сукутда.

Очиғини айтиш керакки юқоридаги уч давлат – АҚШ, Россия, Хитой қайсидир томонлама Ҳиндистон ва Покистоннинг қуролли тўқнашувидан манфаатдор. Негаки, қуролли тўқнашувлар вақтида ҳар икки давлатда ҳам қурол-яроғга бўлган эҳтиёж ортади. Бу эса юқорида номи келтирилган давлатларга қўл келиши турган гап. Хитой қурол етказиб бериш бўйича Россия ва АҚШдан сустроқ ҳаракатланиши мумкин, аммо бошқа ҳар қандай саноат маҳсулотларни етказиб бериш бўйича ХХРнинг олдига тушадигани топилмайди. 

Эндиликда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг сукутига тўхталсак. Бу сукутнинг боиси ШҲТнинг қудратли аъзолари Россия ва Хитойда можаронинг барҳам топишига қизиқиш йўқлиги билан боғлиқми ёки ташкилотнинг муаммоларга таъсирчанлиги қуруқ гапми...?

Шундай бир вазиятда расмий Тошкентда яна масъулиятни ўз бўйнига олиш имкониятлари қандай?

2016 йилда Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти бўлгач, мамлакатда чорак аср давом этган вазият ўзгарди. Ўтган икки йил давомида чегарадош ва чегараорти, ҳатто, океанорти мамлакатлари билан ҳам алоқалар яхшиланди. Шу билан бирга, Ўзбекистон жаҳон сиёсатида Россия ва АҚШнинг бирини танламасдан, уларнинг ҳар бири билан манфаатли алоқа ўрнатишга уриняпти.

Дунё сиёсатининг фаол иштирокчисига айланган Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун турли форматдаги саммитларда иштирокини орттирди ҳамда ўз таклифларини бера бошлади.

Шавкат Мирзиёев қисқа фурсатда икки марта Ҳиндистонга ташриф буюрди. Ўзбекистон-Ҳиндистон муносабатлари ҳозирда ҳар доимгидан-да яхшироқ. Шундай бир вазиятда Ҳиндистон ва Покистон муносабатларининг тикланишида Ўзбекистон воситачи бўлса-ю, бу воситачилик самарали якунланса, дунё сиёсий харитасида Ўзбекистоннинг мавқейи анчайин мустаҳкамланган бўларди, чаманда...


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳиндистон-Покистон

Баҳолаганлар

134

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг