... 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”
МЕНЮ
ONLINE TV

Фоҳишабозлик билан бировнинг оиласини бузаётган ва фарзандига алимент тўламаётганлар ҳақида маълумотлар тарқатилди


15:52, 22.12.2016 Жамият
 9 207

2016 йилнинг 11 ойи давомида Тошкентда 3988 та оила бузилди. Бу кўрсаткич нафақат шаҳар вакилларини, балки ҳукуматни ҳам ташвишга солмоқда.

Ўзбекистонда туғилиш ва никоҳлар сони йил сайин ортиб бормоқда. Ҳар йили мамлакатимизда 300 мингга яқин янги оила барпо этилади. 600 мингдан ортиқ чақалоқ дунёга келади. Республикамиздаги 7,5 миллиондан зиёд оилаларнинг 16 фоизини эса ёш оилалар ташкил этмоқда.
 
Бироқ ўсиш суръатлари қанчалик юқори бўлмасин, оилавий ажримлар сони йил сайин ортиб бормоқда. Энг ачинарлиси, ажрим бўлаётган оилаларда етим қолаётган, туғилибоқ етимлик юкини гарданига олаётган болалар ҳам бор.
 
Юқоридаги каби фактлар кеча, 21 декабрь куни Тошкент ирригация ва мелиорация институтида ўтказилган йиғилишда айтилди.
 
Унда Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Мирзоҳид Обидов, Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Фарида Абдураҳимова, Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосари Ирода Болтаходжаева, Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг Тошкент шаҳар вакили ўринбосари, “Хўжа Аламбардор” жоме масжиди имом-хатиби Раҳимберди Раҳмонов, Тошкент шаҳар Адлия бошқармаси бошлиғи Абдураҳмон Сафоев ҳамда Тошкент шаҳридаги ФҲДЁлар ходимлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари, прокуратура, ички ишлар, солиқ органлари ходимлари, туман ҳокимликлари вакиллари иштирок этдилар.
 
Тошкент шаҳар ҳокими Мирзоҳид Обидовнинг сўзларига қараганда, ўтган вақт мобайнида Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан тузилган ишчи гуруҳ оилалардаги ажримларнинг сабаблари ва оқибатларини ўрганиб чиққан. Статистик маълумотлар эса ўта аянчли.
 
2016 йилнинг 11 ойи давомида Тошкент шаҳрида 3988 та оила ажралган.
 
Бу кўрсаткич айни дамда бутун ҳукуматни, хусусан, Тошкент шаҳридаги ваколатли идоралар вакилларини ташвишга солмоқда. Маҳалла, туман ҳокимияти, ФҲДЁ, ички ишлар, прокуратура, суд органларига майда баҳоналар билан ажримга ариза бераётганларни фикридан қайтариш, ажраштирмаслик бўйича аниқ кўрсатмалар берилган.
 
Ажрим фақатгина аёл ва эркак ўртасидаги муносабатларнинг қонуний тарзда узилиши бўлса майлига эди. Бу жараён ортидан ота-она, амма-ҳола, акакию почча, хуллас, ҳамма сарсон. Ўртадаги фарзандларни айтмайсизми... Ота ўз йўлидан кетади. Қарамоғида 2-3 боласи билан она ўзи қолади. Бемеҳр айрим оталар ўз фарзандига алимент тўлашдан ҳам бўйин товлайди.
 
Сўнгги маълумотларга қараганда, Тошкент шаҳрида етарли шароити бўла туриб, оиласи, фарзандларини уй-жой билан таъминламаган фуқаролар сони  151 тани, имконияти бор бўлса ҳам алимент пулини тўламасдан юрган фуқаролар 153 тани ташкил этмоқда. Энг аҳамиятлиси шундаки, уларнинг 259 та вояга етмаган фарзандлари бор.
 
Фоҳишабозлик билан шуғулланиб, бировнинг оиласи бузилишига сабаб бўлаётганлар эса Тошкент шаҳрида 21 нафарни ташкил этмоқда. Балки бу кўрсаткич ундан ҳам юқори, кимлардир панада қолган бўлиши ҳам мумкин. Бироқ бундай қабиҳ кимсалар ҳақида яна маълумотлар тўпланмоқда.
 
Бугунги кунда Тошкент шаҳрида оилавий ажрим сабабли уй-жойга, етарли яшаш шароитига эга бўлмаган нотўлиқ оилалар сони 229 тани ташкил этмоқда. Уйга киритиб қўйиш бўйича суднинг ижро ҳужжатлари мавжуд, аммо ижро этилмаган оилалар сони эса 50 тага етган.
 
Тошкент шаҳар ҳокимияти ташаббуси билан ташкил этилган йиғилишда шулар ҳақида сўз бор экан, оилавий ажрим масалаларига панжа ортидан қарашга чек қўйиш, масала судларга етиб боргунга қадар маҳалла фуқаролар йиғинида ҳал этилиши кераклиги талаб қилинди.
 
Мавзуга яна қайтамиз.
 

Теглар:Фоҳишабозлик Алимент Оила Ажрим 

Дўстларингиз билан бўлишинг:


Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар