ЕОИИ билан ҳамкорлик Ўзбекистоннинг Тожикистон ва Туркманистон билан алоқаларига зарар бермайдими?

Жамият

image

Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик масаласи бир неча ойдирки муҳокама мавзуси бўлиб турибди. Айни вақтда ҳамкорликнинг ижобий ва салбий жиҳатларини ўрганиш Олий Мажлисга етиб келган.

Кеча, 10 апрель куни Қонунчилик палатасида шу шаклда ўтказилган “Ҳукумат соати”да ҳукумат аъзолари Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигига оид масала юзасидан депутатларнинг саволларига жавоб қайтардилар.

Хусусан, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодировнинг, ЕОИИ билан муносабатлар иттифоққа аъзо бўлмаган қўшни давлатлар – Тожикистон ва Туркманистон билан иқтисодий ва сиёсий муносабатларга қандай таъсир қилиши таҳлил қилинганми, деган саволига Бош вазири ўринбосари - Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов жавоб қайтарди.

“Таъкидлаш жоиз, ушбу икки қўшни мамлакат билан амалдаги икки томонлама ва Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги доирасидаги кенг  қамровли келишувлар доирасида ҳамкорлик олиб борилмоқда. Иқтисодий, сиёсий муносабатларимиз ривожланишида тизимли ишларнинг давом эттирилиши албатта, биз учун устувор йўналишлардан биридир. Шу ўринда алоҳида айтиб ўтиш лозим, масалан Тожикистон 2015 йилдан бери ЕОИИ интеграциялашув масаласини ўрганиб келмоқда. Шу билан бир пайтда Тожикистон ЕОИИ давлатлари томонидан ташкил этилган Евроосиё тараққиёт банки билан фаол ҳамкорлик қилиб келади. Туркманистон билан ҳам биз жуда яқин савдо-иқтисодий, инвестициявий, умуман ҳар томонлама муносабатларни давом эттиришга ҳаракат қиляпмиз. Туркманистон томонидан ҳам ҳозирги пайтда дунёда таркиб топаётган интеграцион ташкилотлар билан турли кўринишдаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ҳаракатлар олиб борилаётганини таъкидлаш лозим. Ана шу омилларни инбатга олиб, ЕОИИ билан ҳамкорлик қилмоқчи бўлган йўналишимиз бўйича режаларимиз мазкур давлатлар билан муносабатларимизга кескин салбий таъсир кўрсатмаслигига ишонамиз”, деди Умурзоқов.

Бундан ташқари, ЕОИИ билан ҳамкорликнинг чуқурлашиш даражасини ҳисобга олган ҳолда иқтисодиётнинг йирик тармоқлари, жумладан, ташқи рақобатдан нисбатан ҳимояланган саноат тармоқларининг ўрта ва узоқ муддатда ривожланиш сценарийлари ва уларнинг оқибатларини баҳолашга оид Ҳукумат вакилларининг таҳлиллари натижаларига эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, сиёсий партиялар фракциялари ва қўмиталар аъзолари томонидан ижтимоий тармоқларда ЕОИИ билан ҳамкорлик масаласи бўйича аҳоли (электорат) билан доимий мулоқотлар олиб борилаётгани ҳамда аҳолининг ушбу масалаларга қизиқиши ортиб бораётгани айтиб ўтилди.

Муҳокамалардан сўнг Ҳукумат вакилларига Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан интеграциялашувнинг ташқи савдо, божхона-тариф тизимини тартибга солиш, бюджетга таъсирини чуқур таҳлил қилиш, ҳамкорликнинг банк ва молия соҳаси, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларини янада ривожланиши истиқболларини ҳар томонлама ўрганиш, шунингдек, ушбу масала бўйича илғор хорижий экспертлар ва мутахассисларнинг асослантирилган хулосаларини умумлаштириш вазифалари юклатилди.

Қайд этилишича, яқин кунларда ушбу масала бўйича  парламент куйи палатасида “Парламент эшитуви” ўтказиш ҳам режалаштирилди.

Аввалроқ, айни масалада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз фикрларини билдириб ўтганди


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон-ЕОИИ

Баҳолаганлар

85

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг