Қашқадарёда масъулларнинг эътиборсизлиги қимматга тушди
Жамият
−
27 Сентябрь 2019
5609Шу йилнинг 23 сентябрь куни Қашқадарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари томонидан Қашқадарё вилоят давлат ўрмон хўжалигининг "Қизилтом" ўрмон бўлими ҳудудларида ўрмон қоидабузарликларига қарши курашиш мақсадида назорат тадбири ўтказилди. Қашқадарё давлат ўрмон хўжалиги мутасаддиларининг ўз ишига эътиборсизлиги ҳамда масъулиятсизлиги оқибатида қатор қонун бузилиш ҳолатлари содир этилгани аниқланди.
Хусусан, ўрмон ходими Бозор Шаймуродов билан биргаликда Қашқадарё давлат ўрмон хўжалиги "Қизилтом" ўрмон бўлими ҳудудлари кўздан кечирилганда жами 101 (бир юз бир) туп турли диаметрдаги зарафшон арча дарахтлари таг қисмидан кесиб тахлаб қўйилгани, шундан: "Зардолисой" массивида 16,1-20 сантиметрлик 30 туп, 20,1-24 сантиметрлик 12 туп табиий ўсган зарафшон арча дарахтлари таг қисмидан кесилгани, "Алмардон" массивида 16,1-20 сантиметрлик 19 туп, 12 сантиметрлик 7 туп зарафшон арча дарахтлари таг қисмидан кесиб, тана қисмини арчиб, ёғоч қилиб тайёрлаб қўйилганлиги, маҳаллий номи "Шўрбулоқ" массивининг юқори қисмида 8,1-12 сантиметрлик 15 туп, 12,1-16 сантиметрлик 18 туп зарафшон арча дарахтлари таг қисмидан кесиб, ёғоч қилиб тайёрлаб қўйилгани ҳолатлари аниқланган ва бу ҳақда далолатнома расмийлаштирилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги 290-сонли қарори билан тасдиқланган "Ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш ва ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги Низом"нинг 14-иловасига асосан табиатга, ўсимлик дунёсига етказилган зарар миқдори 129 миллион 228 минг 500 сўмни ташкил қилди.
Юқорида аниқланган ҳолатлар бўйича белгиланган тартибда чора кўриш учун тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим қилиш учун расмийлаштирилмоқда.