Роналду: “Коронавирус мени хавотирга соляпти”
Спорт
−
14 Март 2020
21579CoVID-19 пандемияси дунё бўйлаб шиддат билан тарқалмоқда. Айни дамда коронавирус кириб борган давлатлар орасида Италияда вазият жуда ҳам оғир. Футбол учрашувлари тўхтатилди. Мамлакатга кириш ва чиқиш ёпиб қўйилди.
Туриннинг “Ювентус” клуби футболчиси португалиялик Криштиану Роналду ушбу вазиятга ўз муносабатини билдирди.
“Дунё жуда ҳам оғир даврни бошидан кечирмоқда, бу ҳаммамиздан эътиборли бўлишимизни талаб этади. Мен ҳозир сизларга футболчи эмас, коронавирус билан боғлиқ воқеалардан хавотир олаётган оддий инсон сифатида гапиряпман.
Бундай вазиятда барчамиз Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва бошқарув органларининг тавсияларига амал қилишимиз муҳим. Инсон ҳаётини ҳимоя қилиш бошқа барча манфаатлардан устун бўлиши керак. Жамоадошим Даниеле Ругани каби коронавирус билан курашаётган инсонларга тезроқ соғайиб кетшини тилайман“, деб ёзди Криштиану Роналду ўзининг Instagram'даги саҳифасида.
Эслатиб ўтамиз, бироз аввал Италиянинг “Фиорентина” клуби футболчисида ҳам коронавирус аниқлангани ҳақида хабар берган эдик.
Маълумот ўрнида, айни дамда Италия А серияси, Ла Лига, АПЛ, Европа чемпионлар лигаси, Европа лигаси ва бир қатор йирик мусобақалар коронавирус сабаб тўхтатилди.
Ҳозирга қадар 145 681 киши коронавирусни юқтириб олган. 5436 киши эса ушбу касаллик оқибатида вафот этган. 72 532 киши касалликни енгиб ўтиб, буткул соғайиб кетган.