Оҳангарондаги ЙТҲ ва ёнғиннинг янги тафсилотлари маълум бўлди
Жамият
−
29 Июнь 2020
11388Аввалроқ, Оҳангарон шаҳрида “ЗИЛ-130” русумли юк автомашинаси ва Damas тўқнашуви натижасида кўп қаватли уйнинг биринчи қаватидаги дкўонда йирик ёнғин чиққани ҳақида хабар берган эдик.
Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ушбу ЙТҲ ва ёнғиннинг қўшимча тафсилотларини маълум қилди.
Унга кўра, 28 июнь куни соат 14:10 ларда Тошкент шаҳрида яшовчи, 1992 йилда туғилган ҳайдовчи Ш.У. ўзининг бошқарувидаги “ЗИЛ-130” русумли юк автомашинасини Тошкент шаҳридан Ангрен шаҳрига йўловчисиз ва юксиз бошқариб бораётган бўлган. Оҳангарон шаҳрининг Амир Темур кўчаси “Гулистон” МФЙ ҳудудида жойлашган 3-сонли кўп қаватли уйнинг рўпарасига етганида, автомашина қўл тормозининг ички қисмида ёнғин келиб чиққанлигини пайқаб қолган. Автомобилни тўхтатишга уринган, аммо, бошқарувни йўқотиб, йўлнинг ўнг томонига ўтиб кетган. Автомашинани тўхтатолмай кўп қаватли уйнинг ёнида ҳайдовчи ва йўловчисиз тўхтаб турган хусусий корхонага тегишли Damas русумли транспорт воситасига бориб урилган.
Натижада автомашиналар тўлиқ ёниши оқибатида, 3-сонли кўп қаватли уйнинг биринчи қаватида жойлашган, енгил тамаддихона, озиқ-овқат ва хўжалик моллари ҳамда канцелярия дўкони ва дорихоналарга, шунингдек, ушбу дўконларнинг ертўлаларига ўт кетган.
Келиб чиққан ёнғинни бартараф қилишга жами 7 та ёнғин ўчириш махсус машиналари жалб қилиниб, соат 15:00 да ёнғин тўлиқ бартараф қилинган.
Мазкур ёнғин натижасида “ЗИЛ-130” русумли юк автомашинаси ҳайдовчиси Ш.У. куйиш жароҳати билан Оҳангарон туман марказий шифохонасига мурожаат қилган ва унга ўнг оёқ болдир, ўнг қўл кафт соҳаларида I-II даражали термик куйиш ташхиси қўйилган.
Мазкур ҳолат юзасидан, шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, Оҳангарон шаҳар ҳокимининг фармойиши асосида етказилган моддий зарар миқдори ва уларни бартараф қилиш борасида махсус комиссия тузилиб, ҳодиса жойида штаб ташкил қилинган.
LiveБарчаси