Диққат, ҳайдовчилар! Автоматик қайд этиладиган қоидабузарликлар биттага кўпайди

Жамият

image

Эндиликда 3.27 (“Тўхташ тақиқланган”) йўл белгисини эътиборга олмаслик ҳолатлари ҳам автоматик тарзда қайд этилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ Матбуот хизмати хабар берди.

AutoCon-SC/M комплексининг дастурий таъминоти модернизациялангани натижасида автоматик тарзда қайд этилувчи қоидабузарликларнинг рўйхати кенгайган. Янги имкониятнинг синови кеча, 25 март кунидан бошланган.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳри ИИББ ЙҲХБнинг баъзи махсус автомобиллари AutoCon-SC/M комплекси билан жиҳозланган. Олд томон ойна ортига ўрнатилган видеокамера 58 та давлат автомобилларининг рақамларини аниқлай олади ва йўл ҳаракати қоидаларини автоматик тарзда (инсон аралашувисиз) қайд этади. 

3.27 йўл белгисини менсимаслик ҳолатларини қайд этиш махсус автомобиль томонидан шаҳар бўйлаб ҳаракатланиш давомида амалга оширилади. Қоидабузар тўғрисидаги маълумотлар шу заҳотиёқ (онлайн тарзда) йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг компьютер тизимига келиб тушади (ЙҲХБКТ).

Қайд этилган қоидабузарлик тўғрисида прописка манзили бўйича йўлланган хат орқали, ёки 8860 рақамига Автомобиль давлат рақам белгиси пробел серия + техпаспорт рақами (масалан: 01A123AA AAC1234567) кўринишдаги SMS-сўровнома жўнатиб маълумот олиш мумкин. Бир дона кириш SMS хабарининг нархи 210 сўмга тенг. Хизмат фақат UMS, Ucell, Uzmobile ва Beeline абонентлари учун фаолият юритади. 

Автомобилнинг 3.27 йўл белгиси остида тўхташ Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128/6-моддасига мувофиқ, ЭКИҲнинг 3 баравари (608 190 сўм) миқдорида жарима солинишига сабаб бўлиши мумкин.

Тизим қуйидаги тарзда ишлайди: патруль автомобили маълум ҳудуд бўйлаб икки марта 5-10 минут вақт фарқи билан ҳаракатланади. Биринчи марта рақамлар қайд этилиб, улар қоидабузар мақомига номзод ҳисобланишади. Иккинчи марта ҳаракатланганда эса қоидубазар бўлмаган ҳайдовчилар рўйхатдан ўчирилади.

Маълум ҳудуд бўйлаб икки марта ҳаракатланиш натижасида олинган маълумотлар тизим томонидан солиштирилиб, таҳлил этилади. Агарда автомобиль пиёдани ўтказиб юбораётган бўлса, у тизимдан ўчирилиб, ҳайдовчи қоидабузар ҳисобланмайди. Агар автомобиль носоз ҳолатга келиб қолиб, тўхтаб қолган бўлса, қонун бўйича у авариявий тўхташ белгисини чиқариб қўйиши зарур, тизим эса ушбу белгини қайд этиб, автомобилни қоидабузарлар базасига киритмайди.

Тизим фаолияти 3.27 белгиси мисолида ўзини оқласа, 3.28 “Тўхтаб туриш тақиқланган” белгисини ҳам қайд этишни бошлайди. Бу ҳолларда патруль автомобили ҳудудни ўн минутдан сўнг қайта кесиб ўтади. Агарда 3.28 белгиси остида турган автомобиль рақами қайта қайд этилса – тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаси бузилганлиги аниқланади.

Эслатиб ўтамиз, камера қоидабузарликни қайд этиб, маълумотни Таҳлил марказига йўналтирганидан кейин, ҳайдовчига нисбатан бир қатор чекловлар қўйилади. Хусусан, сиз ИИББ ЙҲХБнинг туманлараро бўлинмаларида техник кўрикдан ўтишингиз ёки машинангизни сотиш мақсадида бошқа шахснинг номига қайта расмийлаштиришингиз мумкин бўлмайди. Ушбу чеклов автомобилнинг потенциал харидорини “қарздор” машина сотиб олишдан сақлайди. 

Шунингдек, 60 кунлик муддат тугаши билан ҳам жарима тўланмаган бўлса, AutoCon-SC/M тизими маълумотларни автоматик тарзда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси қошидаги Мажбурий ижро бюросига йўналтиради, сизнинг транспорт воситангиз эса, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддасига мувофиқ жарима майдончасига жойлаштирилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент Тўхташ тақиқланган қоидабузарлик

Баҳолаганлар

18

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг