Фожиа, ўлимидан кейин танасини донорликка топширган Ганира Пашаева, қамалган журналистлар – Ҳафта таҳлили

Таҳлил

Ўзбекистон тебраняпти, Ўзбекистон. Бир томонда болалар заҳарланиши, иккинчи томондан уни ёпди-ёпди қилишга уринаётган вазир ва унинг ёрдамчиси, Акфа университетининг собиқ ва ҳозирги раҳбарияти ўртасидаги можаро, Сергелидаги фожиаю унинг ортидан чиқаётган кўплаб тахминлар. Ҳар кунга бир мавзу бор. Аввалгидек, ҳафта бошида содир бўлган воқеани ҳафта охиригача муҳокама қилишга фурсат йўқ. Янгидан янгиси, оғирдан оғири ўртага чиқаётгандек, назаримда. Лекин биз кўз ўнгимизда содир бўлган воқеалар тавсилотларини жамлаш, уларни ғалвирдан ўтказишда давом этамиз. Англаганингиздек, QALAMPIR.UZ’нинг Ҳафта воқеалари таҳлили билан камералар қаршисида Қамариддин Шайхов. 

Ўзбекистон болалар ҳаётини кимларга ишонган?

Ўтган ҳафта Наманган, Андижон ва пойтахт Тошкентда юзлаб болалар заҳарланиш аломатлари билан шифохоналарга олиб келинганидан хабарингиз бор. Уларнинг ота-оналари болалари мактаб ва боғчада берилган йодга препаратини истеъмол қилгач, шу аҳволга тушганини айтмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса ярим-юмалоқ баёнотларида буни рад этди. 

Биз эса масаланинг бошқа томонига тўхталмоқчимиз. Ижтимоий тармоқларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги таъсисчилигидаги “O‘ZMEDIMPEKS” МЧЖ “Антиструмин” йод препаратини етказиб бериш эвазига “Само” МЧЖ билан жами 21 млрд сўмлик тўғридан-тўғри шартнома тузганини тасдиқловчи ҳужжатларнинг расми тарқалди. Ҳа, нима қилибди тарқалган бўлса, дерсиз. Шошманг, гапни охиригача эшитинг. 

Ҳужжатга кўра, ССВ таъсисчилигидаги ташкилот ушбу дори воситасини харид қилиш учун 2022 йил июнь ойида “Само” МЧЖ билан 5 млрд 644 млн сўмлик тўғридан-тўғри шартнома тузган. 2023 йил 11 январда эса ушбу шартномага 956 млн сўмлик қўшимча келишув қилинган.

“O‘ZMEDIMPEKS” МЧЖ 2023 йил 4 майда яна мазкур дори воситасини харид қилиш учун “Само” МЧЖ билан 15 млрд 275 млн сўмлик тўғридан-тўғри шартнома тузган. Ушбу шартномаларга кўра, жами 21 млрд 875 млн сўм маблағ эвазига “Само” МЧЖ 3 млн 550 минг миқдорда “Антиструмин” етказиб бериши кўрсатилган.

Ана энди муҳим қисмига келдик. Расман тасдиқланмаган, кейин ҳам тасдиқланиши даргумон бўлган маълумотларга кўра, “Антиструмин” дори воситасини харид қилиш учун ҳеч қандай тендер ўтказилмаган, шартномалар тўғридан-тўғри тузилган.

Энг ёмони ССВ таъсис этган “O‘ZMEDIMPEKS” шартнома тузган “САМО” МЧЖнинг таъсисчиларидан бири Нодир Юнусов АҚШ Иммиграция ва божхона хизмати расмий сайтида қидирувда экани тўғрисидаги маълумот эълон қилинган. 

Унга одам савдоси, қул меҳнати, фирибгарлик ва коррупцияга учраган ташкилот тузиш айбловлари қўйилган. 

Мазкур ҳолат юзасидан ССВнинг Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази тилга кирди. Баёнотда айтилишича, ушбу ташкилотнинг Фармацевтика фаолиятини лицензиялаш бошқармаси томонидан “Антиструмин” дори воситасини ишлаб чиқарган “САМО” МЧЖ корхонаси фаолияти бўйича текширув ишлари олиб борилмоқда. Лекин бу текширувлар қачон якунланиши, қачон натижалар эълон қилиниши айтилмаган. 

Марказ жамоатчиликка мурожаат қилиб, тегишли ташкилотлар томонидан ушбу дори воситаси билан боғлиқ ҳолат сабаблари аниқланиб, маълум қилинмагунча, асосланмаган хабарларни тарқатмасликни сўраган. Бўлди, гап йўқ, нима десангиз шу, жим ўтирамиз. 

Иноятов болаларнинг заҳарланишини ёпди-ёпди қилмоқчими?

Жим ўтиришни ваъда қилаётиб, сукут сақлашни расман буюрганларнинг видеоси тарқалганини эслатиб кетиш ёдимдан кўтирилибди. Кўрган бўлсангиз керак, ижтимоий тармоқларда ўзини соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовнинг ёрдамчисиман, деб таништирган эркакнинг Наманганда айнан болалар заҳарланиши билан боғлиқ ҳолатни ёритиш ва вазир билан суҳбатлашиш учун келган журналистларга боғча ва мактаб болаларининг оммавий заҳарланиши бўйича сукут сақлаш топширилганини айтган видеоси тарқалди.

Ушбу видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб, катта муҳокамаларга сабаб бўлгач, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди. 

“Ушбу маълумот ҳақиқатдан йироқ, Президент Администрациясида бундай топшириқ бўлмаган”.

Масъуллар ўз навбатида, болаларда аниқланган ҳолат бўйича ҳуқуқ-тартибот органлари ва тегишли ташкилотлар томонидан текширув ишлари давом эттирилаётганини эслатган ҳолда мавзуга доир савол ва мурожаатлар учун очиқлиги, ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган. 

Бироқ журналистларга ўзини Иноятовнинг ёрдамчиси сифатида таништирган шахснинг ўзи кимлиги, қайси лавозимда ишлаши ва Президент Администрацияси номидан нега бундай ёлғон ишлатгани, унга чора кўриш-кўрилмаслигига аниқлик киритилмаган.

Сергелида даҳшатли тун

Оҳ Сергели, Сергели довриғингдан ўргили. Бугун сенинг довриғинг дунёларни тутди. Инглиз матбуоти бўлсин ё турк, қўшни қозоқ, қирғиз, тожик, турман, рус, ҳатто, афғон сени билди, таниди. Портлашлар фақат биздами, деди. 

Facebook’ни-ку айтма, ўзбекистонликлардан хавотирланиб, Сергелидамасмисиз, хавфсиз жойдамисиз деган хабар юборди. 

Билсангиз ҳам яна бир бор эслатиб кетай. 28 сентябрь куни эндигина уйқига кетган сергелиликлар кучли портлаш овозидан уйғонди. Туманнинг “Қурувчилар” даҳасидаги "Inter Logistics" МЧЖга қарашли омборхонада кучли портлаш содир бўлди. Тунги соат 02:43 да ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида Фавқулодда вазиятлар бошқармасига маълумот келиб тушган. 16 та ёнғин-қутқарув экипажи ва 3 та автонарвон ҳодиса рўй берган ҳудудга етиб борган. Орадан 8 соат ўтибгина ёнғин батамом ўчирилган. Ёнғинни ўчиришга вертолётлар ҳам жалб этилган. 

Аввалига тарқатилган хабарларда, олдин портлаш содир бўлиб, кейин ёнғин чиққани айтилган эди. Кейинроқ ижтимоий тармоқларда оммалашган видеолардан кўринидаки, омборда аввал йирик ёнғин чиқиб, сўнг портлаш содир бўлган. 

ФВВ ҳодиса “cамолёт қулаши оқибатида содир бўлган”и айтилган хабарларни рад этган. 

Жароҳатланганлар 163 нафар. Улар орасида болалар ва кексалар ҳам бор. 1 киши – 2006 йилда туғилган Аброрхўжа Аббосхўжаев портлаш зарбидан дераза ойнаси қулаб, бўйнидан кесиб кетиши оқибатида воқеа жойида вафот этди. 

26 та кўп қаватли уйнинг 592 та хонадони, 8 та хизмат кўрсатиш шохобчаси, 1 та мактаб ва 2 та боғча биноларининг фасад қисми ҳамда дераза-ромларига зарар етган. 24 та кўп қаватли уй ва 25 та ҳовлининг фасад, ойна-ром ва том қисми зарар кўрган. Портлаш омборхонадан 5-6 километр узоқдаги ҳудудларда ҳам сезилган. Тошкентни қора булут қоплаган. 

Портлаш содир бўлган жойга Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов, Бош вазир Абдулла Арипов етиб борди. Шундан сўнг, Шавкат Умрзоқов портлаш зарарлари қопланишини маълум қилди.

“Сергели туманида юз берган кучли портлаш оқибатида келиб чиққан ёнғинни тўлиқ бартараф этиш ҳамда жароҳатланганларга ёрдам бериш баробарида, ҳодиса оқибатида етказилган зарарни баҳолаш ва босқичма-босқич қоплаш юзасидан ишлар бошланди”, дейилади пойтахт ҳокимлиги хабарида.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида Ҳукумат комиссияси тузилди.

Портлаш ортидан Жиноят кодексининг 259-моддаси (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми “а” ва ”б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Закадр: Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти

“Ҳозирда жиноят иши юзасидан тегишли идораларнинг мутахассисларидан иборат тергов-тезкор гуруҳи тузилган бўлиб, ёнғин келиб чиқиши сабабларини аниқлаш мақсадида судга оид тегишли экспертизалар тайинланган ҳамда кечиктириб бўлмайдиган тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда”.

Орадан уч кун ўтди. На дастлабки хулосалар, на ёнғин қандай келиб чиққани ва на ушбу омборхона кимга тегишли бўлгани, унда нималар сақлангани, кимёвий моддалар бўлган бўлмагани ҳақида маълумотлар бор. Расмий идоралар сукут сақлашда давом этмоқда. Сергелида эса ҳа бараккалла деб ободонлаштириш ва тиклаш ишлари бошлаб юборилган, авжига чиққан. Бир томонда тўй бўлаётгандек қўй сўйиляпти, иккинчи томонда ошпазлар ош дамлаяпти. Биз ўзбеклар ҳар қандай фожиани тўйга, ошхўрликка айлантириб юборишга устамиз. Дардлар тез унутилади, яралар тез битади. 

Бошқа томонидан мени яна бир савол қийнаяпти: омборхонада камида битта қоровул бўлгандир. Унинг аҳволи ҳақида нега маълумот берилмаяпти? Қаерда у? Одамларнинг омборхонадан шунча узоқ уйига шу даражада зарар етиб, шунча киши жароҳатланган, бир йигит ўлган бўлса, омбор ичидаги қоровул ёки қоровулларнинг аҳволи қандай? Нега журналистлар омборхонага киритилмади? Афсуски, жавоб берадиган одам йўқ. 

Журналистлар қамалди

Тугаётган ҳафтада “Kompromat иши” бўйича суд ҳукми эълон қилинди. Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида журналист, “Human” ахборот портали директори Хуршид Далиев, “Ўзбекнефтгаз” компанияси матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимов, Далиевнинг жияни Аҳмадулло Аҳмаджонов ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг собиқ матбуот котиби Мавжуда Мирзаевага оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича ёпиқ суд жараёни тугаб, суд ҳукми эълон қилинган.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра Хуршид Далиев ва Сиёвуш Ҳошимовга 3 йилга оммавий ахборот воситаларида ишлаш ҳамда журналистика ва блогерлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида жарима ва 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланди. Тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси умумий тартибли колонияларда ўттатирилиши белгиланган.

Хуршид Далиевнинг жияни Аҳмадулло Аҳмаджоновга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.  

Журналист, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг собиқ матбуот котиби Мавжуда Мирзаевага эса 3 йилга оммавий ахборот воситаларида ишлаш ҳамда журналистика ва блогерлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Шу билан бирга жиноят иши доирасида жабрланувчиларга етказилган моддий зарарни судланувчилардан солидар тартибда ундириш белгиланган.

Ушбу жиноят иши ва судга оид батафсил маълумотлар жамланган видеони QALAMPIR.UZ’нинг YouTube каналида жорий ҳафтада эълон қилинган видеода томоша қилишингиз мумкин. 

Арманлар Қорабоғни буткул тарк этяпти

28 сентябрь куни Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ раҳбари Самвел Шаҳраманян республикани тугатиш ҳақидаги фармонни имзолади. Ҳужжатда келтирилишича, тан олинмаган республика 2024 йил 1 январгача ўз фаолиятини тўхтатади.

Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ аҳолиси, шу жумладан, унинг чегараларидан ташқарида бўлган арманларга минтақада қолиш ёки у ерга қайтиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун Озарбайжон томонидан реинтеграция шартлари билан танишиш таклиф қилинган.

Қайд этилишича, қарор ҳозирги мураккаб ҳарбий-сиёсий вазият муносабати билан, тан олинмаган Тоғли Қорабоғ халқининг жисмоний хавфсизлиги ва ҳаётий манфаатларини таъминлаш устуворлигидан ҳамда Озарбайжон билан Россия тинчликпарвар кучлари воситачилигида эришилган келишувларни ҳам ҳисобга олган ҳолда қабул қилинган.

Тоғли Қорабоғдаги сўнгги вазият сабаб минглаб арманлар ҳудудни тарк этишни бошлади. Бундан 30 йил аввал Қорабоғдан озарлар ҳайдаб чиқарилган эди. Улар бугунги арманлар каби машинада, эмин-эркин манзилга отланмаган. Озарлар арманлар қўлида мудҳиш ўлим топган қардошлари, фарзандлари, яқинлари учун кўз ёш тўкиб, юпун ва оёқяланг Қорабоғни тарк этган. 

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян эса яқин кунларда Тоғли Қорабоғда бирорта ҳам арман аҳолиси қолмаслиги, Озарбайжон у ерда этник тозалаш олиб бораётганини иддао қилиб чиқди. 

“Таҳлил шуни кўрсатадики, яқин кунларда Тоғли Қорабоғда бирорта ҳам арман қолмайди. Бу бевосита этник тозалаш ва депортация ҳаракатидир. Биз халқаро ҳамжамиятни узоқ вақтдан бери огоҳлантириб келаётган эдик”. 

Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги эса жазавага тушаётган Пашиняннинг айбловларини рад этди. 

“Биз Арманистон Бош вазири Никол Пашиняннинг 28 сентябрь куни Озарбайжоннинг Қорабоғ вилояти арман аҳолиси гўёки этник тозалашга учраётгани ҳақидаги баёнотини кескин қоралаймиз ва рад этамиз”. 

Расмий Бакуга бугунгача Тоғли Қорабоғда яшаб келаётган арманлар Озарбайжон паспортини олиб, мамлакат қонунларига мос равишда истиқомат қилишда давом этсалар, уларнинг барча ҳуқуқлари таъминланишини ваъда қилмоқда. 

Чўкаётган одам хасга ҳам ёпишади деганларидек, Ереван Тоғли Қорабоғдаги арманларга нисбатан ирқий камситишлар айблови билан Озарбайжонга қарши Гаага халқаро арбитраж судига даъво аризаси киритди.  

Мурожаатга кўра, Озарбайжондан фуқаролик объектларидан ҳарбийларни олиб чиқиб кетиш, газ ва электр таъминотини тиклаш ҳамда Қизил Хочнинг минтақадаги ишига аралашмаслик талаб қилинмоқда.

Арманистон шунингдек, суддан Бакуга “Тоғли Қорабоғдаги арманларни сиқиб чиқаришга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатлардан воз кечиш” мажбуриятини юклашни сўрамоқда.

Ереван Бакунинг Тоғли Қорабоғнинг амалдаги ёки собиқ сиёсий вакиллари ёки ҳарбий хизматчиларига нисбатан жазо чораларини қўллашидан хавотирда. 

Ганира Пашаеванинг васияти

Қорабоғ ва унинг 30 йилдан кейин адолатни тиклаган ҳақиқий эгаси Озарбайжондан узоқлашмаймиз. Бу ҳафта Озарбайжонда мотам. Халқнинг суюкли фарзанди, туркий дунё овози, Қорабоғ ҳақиқатларини 30 йил давомида дунё минбарларида янграшига сабабчи бўлган сиёсатчи, журналист ва шоира, Озарбайжон Миллий Мажлиси депутати, ўзбекистонлик зиёлиларнинг яқин дўсти Ганира Пашаева 48 ёшида вафот этди. 

Ҳаётини, фаолиятини Қорабоғга, унинг озодлигига бахш этган, Қорабоғ ҳақида ўнлаб асарлар ёзган, мамлакат ва унинг ташқарасида “темир хотин” номини олган Ганира Пашаева Қорабоғ озод бўлганидан кўп ўтмай, 24 сентярь куни комага тушгани айтилди. Унга келиб чиқиши номаълум гипотоник ҳолат ташхиси қўйилди. Пашаеванинг шифохонага тушишига дорилар сабаб бўлгани маълум қилинди. Бакудаги Марказий клиник шифохонага ётқизилган Ганира Пашаеванинг даволаниши мамлакат вице-президенти Меҳрибон Алиеванинг шахсий назоратига олинди. Шунга қарамай, 4 кун давом этган муолажалар ўз натижасини бермади ва 28 сентябрь куни Ганира Пашаеванинг вафот этгани маьлум қилинди. 

Пашаевани Ҳукумат ва парламент вакиллари, ижтимоий соҳа, адабиёт, маданият ва санъат вакиллари ва минглаб оддий озарбайжонликлар, уни 4 муддат депутат бўлишини истаган сайловчилар сўнгги манзилга кузатди. 

Бунинг бизга нима қизиғи бор дерсиз? Йўқ, ўлган Озарбайжоннинг оддий депутати эмасди. У Туркий дунёда катта шуҳрат қозонган аёл эди. Шу боис кўплаб мамлакатлар оммавий ахборот воситалари Пашаеванинг вафотини эълон қилди, Туркия ва Озарбайжондаги телеканаллар Ганира Пашаеванинг дафн маросимидан бир неча соатлик жонли эфирга чиқди, хорижий мамлакатлар вазирлари ва элчилари таъзия мактубларини йўллади. 

Маҳаллий матбуот эса ўлимига қадар иш жойида бўлган, сўнгги дақиқаларгача Арманистон қаршисида тик турган депутатнинг васиятини ёйинлади. Васиятномадан кўринадики, Ганира Пашаева вафотини аввалдан билган. 

У васиятномасида ўз тана аъзоларини муҳтож беморларга топшириш ҳақида ёзган. Пашаеванинг айтишича, бу унинг дунёга бериши мумкин бўлган сўнгги фойдаси бўлиши мумкин.

“Кўпдан бери мени ўйлантириб келаётган бир масала бор ва мен унга юрагимдан жой бердим. Бу масалада биринчи навбатда ўзим қарор қилишим керак эди. Бир қарорга келганимга ишонч ҳосил қилган заҳоти, ниҳоят, онам, синглим, қисқаси, оилам билан очиқ суҳбат қуришга, аҳдимни айтишга қарор қилдим. Бундай суҳбат улар учун психологик жиҳатдан оғир кечган бўлса-да, шукрки, қарорим моҳиятини (узоқ баҳс-мунозаралардан сўнг бўлса ҳам) тушунишди.

Орган донорлиги – бу инсоннинг ўлимидан кейин унинг аъзоларини бошқа одам учун ишлатишга рухсат бериш ҳаракати. Масалан, ҳаёти диализ аппаратига боғлиқ бўлган буйрак касалига чалинган одамга қабрда ҳеч бир ўлган одамга керак бўлмайдиган буйраклар билан ҳаётга қайтишига ёрдам бера оламиз. Ҳа, азиз ўқувчи, мен аъзоларимни ҳадя қилдим! Мен буни амалга оширадиган муассасани ҳам аниқладим. Ўлимдан кейин баъзи аъзоларим бошқа одамнинг яшаши учун ишлатилишини яхшилик деб биламан. Ўлганимдан кейин ҳаётга қайтмайман, лекин бир неча ўлаётган одамларга, оғир аҳволда бўлган бир неча кишига аъзоларим билан яшашга ёрдам бера оламан. Мен уларга яна табассум қилишларига ва бахтли бўлишларига ёрдам бера оламан. Бундан яхшироқ нима бўлиши мумкин?! Ҳа, мен бу ҳақда ўз васиятимни ёзганман. Чунки ҳаёт шу қадар ғалатики, сиз ҳозир шу ердасиз, лекин атиги 5 дақиқадан сўнг сиз дунёда йўқ бўлишингиз мумкин”.

Гулнора Каримованинг иши судга юборилди

Ким ўзидан боғ қолдиради, ким доғ. Швейцарияда Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага ва Россия телекоммуникация компаниясининг Ўзбекистондаги шўъба корхонасининг собиқ бош директорига қарши иш Жиноят ишлари бўйича Федерал судга юборилди. 

Швейцария Бош прокуратурасига кўра, икки айбланувчи турли мамлакатларда, жумладан, Швейцарияда фаолият олиб борган жиноий ташкилотда иштирок этгани айтилмоқда. Айбловлар 2005 йилдан 2013 йилгача бўлган даврда жиноий ташкилотда иштирок этиш, жиноий даромадларни легаллаштириш, хорижий давлат амалдорлари сифатида пора олиш ва ҳужжатларни қалбакилаштиришни ўз ичига олади.

2012-2014 йиллар оралиғида суд жараёни Гулнора Каримованинг қўл остидаги ходимлари ва ва унинг ўзини ҳам қамраб олган. Чунки ўшанда унинг БМТнинг Женевадаги ваколатхонасидаги дипломат сифатидаги фаолияти билан боғлиқ иммунитети бекор қилинган.

“2018-2021 йилларда тергов доирасида тўрт нафар шахс жиноий даромадларни легаллаштириш ва ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбдор деб топилган. 340 миллион Швейцария франкидан ортиқ маблағ Ўзбекистонга қайтариш мақсадида қатъий равишда мусодара қилинган. Айни пайтда Гулнора Каримова ва иккинчи айбланувчига қарши суд жараёнида 440 миллион Швейцария франкидан ортиқ мол-мулки мусодара қилинмоқда”.

Бундан ташқари, Гулнора Каримова 2001 йилдан 2013 йилгача бир неча ўнлаб шахслар ва кўплаб компанияларни ўз ичига олган “Офис” деб номланувчи иерархик жиноий ташкилот тузганлик ва унга раҳбарлик қилганликда айбланган. Билдирилишича, Швейцарияда ушбу ташкилот ўз фаолиятини 2005 йилда банк ҳисоблари ва сейфларидаги жиноий операцияларидан келиб чиқадиган капитални яшириш ва кўчмас мулк сотиб олиш учун бошлаган.

“Ўзбекконцерт” Нилуфар Ҳамидовани огоҳлантирди

Актриса ва бошловчиликка даъвогар Нилуфар исмли аёл ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари ва турли концертлардаги иштироки давомида одоб-ахлоқ қоидасини бузгани учун “Ўзбекконцерт” томонидан огоҳлантирилганмиш. Ўзи шу “Ўзбекконцерт” огоҳлантиришдан бошқа нарсага ярамай қўйдиёв. Ҳа майли, бу алоҳида мавзу. 

“Сўнгги пайтларда концерт-томоша соҳасида Нилуфар Ҳамидованинг одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган хатти-ҳаракатлар қилиши ҳамда томошабинларнинг ҳис-туйғуларини ҳақорат қилувчи ҳолатлари кенг жамоатчиликнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлган”, 

дейилади ташкилот баёнотида. Айтилишича, ҳалиги аёл “Миллион” жамоасининг концерт дастурида ташкилотчилар қарши бўлса-да, ярим-яланғоч кўринишда саҳнага чиққан. Тушунмадим. Нима? Нима энди ташкилотчилар қарши бўлса у шунда саҳнага ўзи югуриб чиқиб кетганми? Қарши бўлса нега чиқди? Ким қўйди уни концерт саройига? 

Хуллас, ўша аёл бу ҳаракати билан концерт-томоша фаолияти учун берилган лицензия талаб ва шартларини бузганмиш ва буни “Ўзбекконцерт” энди пайқабди. “Ўзбекконцерт” масъул ходимлари у билан билан суҳбат ўтказиб, бундан буён лицензия талаб ва шартларига риоя қилиши, агарда шу каби ҳолат яна такрорланса, қонуний чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирган.

Шунингдек, “Миллион” ижодий жамоаси раҳбари Даврон Кабулов билан ҳам суҳбат ўтказилиб, унга ҳам жамоанинг кейинги дастурларига Нилуфар Ҳамидовани таклиф қилмаслик тайинланган. Агааааар ўтган сафарги концертда ташкилотчиларнинг қаршилигига қарамай, бу аёл саҳнага чиқиб кетган бўлса, бу сафар “Миллион” концертига таклиф қилмаслик ҳам фойда бермайдиёв. 

Фарҳод Маннопов ўлими бўйича икки киши айбланмоқда

Mittivine тахаллуси билан ижтимоий тармоқларда фаолият олиб борган марҳум блогер Фарҳод Маннопов вафот этганлиги билан боғлиқ жиноят иши айблов хулосаси билан судга юборилди. 

Жиноят иши доирасида 2 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 116- (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) ва 117- (Хавф остида қолдириш) моддалари билан айблов эълон қилинган.

Эсингизда бўлса, жорий йилнинг 5 март куни Фарҳод Маннопов 27 ёшида вафот этган эди. У бир неча кун аввал дўстлари билан бассейнда сузаётган вақтида боши ва бурнидан жароҳат олган. Шу сабаб у бурнини операция қилдириш мақсадида Тошкентнинг Чилонзор туманида жойлашган "Star med center" хусусий клиникасига мурожаат қилган. Ўшанда Бош прокуратура ҳолатга алоқадор шахсларни батафсил сўроқ қилиш, қўп вақт талаб қилинадиган мураккаб экспертизалар тайинлаш ва бошқа бир қатор тергов ҳаракатларини ўтказмасдан қонуний тўхтамга келиш имкони йўқлиги сабабли Жиноят кодексининг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган.

Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилган текширув натижаларига кўра, Манноповнинг операциясида  иштирок этган анестизиолог ва реаниматолог, пластик жарроҳ шифокори, лаборант шифокорининг малакавий тоифалари ва сертификатлари йўқлиги маълум бўлган эди.

*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*-*

Хайрлашиш олдидан бир нарсани айтиш ёдимдан чиқмасин деб ўтирибман боядан бери. Тугаётган ҳафтада Тошкент халқаро кино фестивали очилди. Унга ўша сиз “Такси” фильми орқали таниган Фредерик Дифенталь келди. Шу ўринда Дефенталь келди деб соч юлаётганлар диққатига: А нима келган бўлса? 2012 йилда ҳам келган. Гулнора Каримованинг “Олтин гепард” кинофестивалига келганди. Фалон пулга. Яна келибди. Қанчага билмадим. 

Ман шу келди-кетдиларга ҳайрон қоламанда. Нима беради? Киномиз ривожланиб қоладими? Ё ривожланиб қолганмиди ўша пайтлар? 

Пулни керакли жойга сарфлаш керакдир, балки. Ўтган ишлардан хулоса қилмадикми? Мана, масалан Маданият вазирлигининг ҳозир биноси йўқ. Улар ўтирган бино Туризм қўмитаси билан ўртада талаш. Лекин биз фестиваль қиламиз. Кўришгунча!
 


Мақола муаллифи

Теглар

Акфа университети Ганира Пашаева Ҳафта таҳлили Сергелидаги фожиа

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made