Давлат харидларида хорижий товарлар олишни чеклаш режалаштириляпти

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган лойиҳада 302 номдаги хорижда ишлаб чиқарилган товарлар ва хорижий шахслар томонидан бажариладиган хизматларни давлат хариди доирасида сотиб олишни вақтинчалик тақиқлаш ёки чегаралаш таклиф қилинмоқда.

Қайд этилишича, қарор лойиҳаси коронавирус пандемиясининг иқтисодиётга салбий таъсирини камайтириш, сотув бозорларининг қисқариши оқибатида иқтисодиётнинг қатор тармоқ ва соҳаларидаги корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаоллигини чекловчи омилларни қисқартиришга қаратилган. Қарор билан:

•    Давлат харидларидаги иштироки вақтинчалик тақиқланган ва чегараланган, хорижда ишлаб чиқарилган товарлар, шунингдек, чет эл юридик ва жисмоний шахслар (бундан буён матнда хорижий шахслар деб юритилади) томонидан бажариладиган ишларнинг (хизматларнинг) рўйхатини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом;
•    Давлат харидларида маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларга (ишларга, хизматларга) преференциялар бериш тартиби тўғрисидаги низом;
•    Давлат харидларидаги иштироки вақтинчалик тақиқланган ва чегараланган, хорижда ишлаб чиқарилган товарлар, шунингдек, хорижий шахслар томонидан бажариладиган ишларнинг (хизматларнинг) рўйхатини (жами 302 номдаги) тасдиқлаш режалаштирилмоқда.

302 номдаги товарлар сирасига гўшт маҳсулотларидан тортиб қурилиш молларию автомобиллар ҳам киритилган. Рўйхатда канцелярия буюмлари ва болалар таглигини ҳам кўриш мумкин.

Қарор Президентнинг 2020 йил 21 августдаги “Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-4812-сон қарорини амалга ошириш доирасида тайёрланмоқда.

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимчалар киритилиши ёки рад этилиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

давлат хариди

Баҳолаганлар

34

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made