БМТ муҳожирлардан сиёсий мақсадларда фойдаланишга қарши чиқди

Олам

image

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қочқинлардан сиёсий мақсадларда фойдаланишга қарши. Бу ҳақда БМТ Бош котибининг Матбуот котиби Стефан Дюжаррик Польша-Беларусь чегарасида тўпланган муҳожирлар билан боғлиқ вазият кескинлашгани ҳақидаги хабарларни изоҳлаб, айтиб ўтди.  

“Биз бир қанча вақтдан бери Польша ва Беларусь чегарасида содир бўлаётган воқеалар ҳақида хабарларни кўриб турибмиз. Бир қатор фундаментал тамойиллар мавжуд — одамлар ҳеч қачон сиёсий мақсадларга эришиш учун восита сифатида фойдаланилмаслиги керак, айниқса улар заиф ҳолатда бўлса. Тегишли тамойиллар 1951 йилдаги Қочқинлар бўйича конвенцияда белгиланган ва улар ҳамма томонидан ҳурмат қилиниши керак”, деган у. 

Аввалроқ, айни вақтда Беларусь-Польша чегарасида 1-5 минг нафар муҳожир йиғилгани ҳақида хабар берилганди. Польша ҳукумати чегара қўриқлаш кучайтирилгани, у ерда чегарачилардан ташқари ҳарбийлар ва полиция ходимлари ҳам хизмат қилаётганини маълум қилди. 

Шунингдек, ноқонуний муҳожирларнинг Польша-Беларусь чегарасини мажбуран кесиб ўтишга уринишлари ҳақида хабарлар тарқалди. Чегаранинг Польша томонида уларга ҳимоя дубулғаси ва жилет кийган полиция вакиллари, чегара қўшинлари ва Қуролли Кучлар вакиллари қаршилик кўрсатган. Ҳозиргача Польшага бостириб киришга уринишларнинг олди олинган.

Эслатиб ўтамиз, Литва айни вақтда Беларусь билан чегарада баландлиги 4 метрни ташкил қилган темир тўсиқ қурмоқда. Ушбу лойиҳа айнан мигрантларнинг ноқонуний оқимига қарши қаратилган.  

Ўз навбатида, Беларусь Президенти Александр Лукашенко ғарбий қўшниларига ноқонуний мигрантлар ҳамда наркотрафик оқимини назорат қилмаслиги билан таҳдид қилганди. Бундай “дағ-дағаларнинг” илдизи эса Ғарб давлатлари билан расмий Минск ўртасидаги муносабатларнинг совуқлашишига бориб тақалади.  

Маълумот ўрнида, Беларусда 2020 йили бўлиб ўтган президентлик сайловидан сўнг, мамлакатни қамраб олган қўзғалон ва норозиликлар, бундан ҳам ёмонроғи – куч ишлатар тузилмаларнинг намойишларни бостириши, Лукашенконинг барча сиёсий рақиблари қамалиши ёки мамлакатдан қочиб кетиши ҳамда ОАВ вакилларининг тақибга учраши Беларуснинг Ғарб давлатлари томонидан изоляция қилинишига олиб келди. Бунга жавобан Лукашенко айни вақтда қўлидаги “козырь карта”сини ишга солмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Польша Беларусь

Баҳолаганлар

37

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг