“Бировнинг ишига бурун суқма”. Қозоқларни манқуртга ўхшатган журналистга қаттиқ жавоб қайтарилди

Таҳлил

image

Халқимиз орасида тирноқ ичидан кир қидирмоқ ибораси бор. Айб қидирадиган одам арзимаган нарсалардан ҳам барибир айб топади. Аммо айб топиш билан бирга арини инига чўп суқиб қўядиганлар ҳам йўқ эмас. Гап шундаки, жорий йилнинг 9 январь куни Қозоғистоннинг “Очиқ юридик ҳужжатлар” порталига айрим вилоят ва шаҳарларда темир йўл вокзалларини номини ўзгартириш лойиҳаси жойлаштирилди. Ушбу лойиҳада бир қанча темир йўл вокзалларининг рус тилидаги номи ўзгартирилиши қайд этилган. Қозоғистонда таклиф этилган бу ўзгариш россиялик телебошловчи Тина Канделакига ёқмади чоғи бирданига дод-вой солиб чиқди, камига қозоқларни манқуртга ҳам ўхшатди.

Унинг айтишича, исмларни ўзгартириш қозоқларнинг хотирасини ўчириш билан баробар.

"Ҳурматли қозоқлар, сизда оддий, аммо кенг қамровли тушунча бор – “менгу” деган. Манқурт тушунчаси – хотирасини, ўзлигини, баъзан ақлини йўқотган одамга нисбатан қўлланилади. Ўтмишни унутиш, тарихнинг барча кўринишидан, шу жумладан, тарихий номлардан воз кечиш нафақат саводсизлик, балки ундан ҳам баттардир. Айниқса, ер юзида яшайдиган ва осмонга учмайдиган одамлар учун”, деб ёзган рус сухандони.

Бутун бир миллатни манқуртга ўхшатгани етмаганидек телебошловчи 2022 йилда юз берган "Қонли январь воқеалари"да Қозоғистонга агар “қўшнилари ёрдам бермаганида” мамлакатдаги бугунги вазият анча ёмон бўлиши мумкинлигини ҳам писанда қилган.

"Ўтмишни эсламаслик, икки йил аввал қўшнисининг кўмаги бўлмаганида Қозоғистон давлати деярли йўқ бўлиб кетишини унутиш демакдир", деган Канделаки.

Телебошловчи шунча нарсага бурнини суққани етмаганидек, учинчи дунё мамлакатлари, жумладан Қозоғистондаги “қолоқ”ликни кулги остига олган “Борат” фильмини ҳам танқид қилган.

“Ўтмишни эсламаслик “Борат”ни ҳам олқишлашдир. Қозоғистондан ташқари уни яна ким тақиқлаган – Россия ва Форс кўрфази мамлакатлари.  Ғарбнинг маърифатли “элфлари” учун қозоқлар кимлар? Фильмда бунга аниқ жавоб берилган", дея қўшимча қилган Тина.

Унинг бу гапларига қозоғистонликлар ҳам жим қараб турмади. Тўғрида бутун бир миллатни манқуртга қиёслашадию ҳеч ким индамайдими. Қозоғистонлик телебошловчи Динара Сатжан россиялик ҳамкасби Тина Канделакининг баёнотига қаттиқ жавоб қайтарди.

"Ҳурматли Тина! Аввало, биз мустақил суверен давлатмиз. Русларнинг бировнинг ишига бурун суқма деган бир яхши мақоли бор. Келинг, қандай темир йўл станциясини номлашни ўзимиз ҳал қилайлик. Иккинчидан, Қозоғистон ўзининг мустақиллик йилларида Совет ҳокимияти даврида йўқолган она тилини босқичма-босқич тиклаб келмоқда. Учинчидан, рус тили мамлакатимизда миллатлараро мулоқотнинг расмий тили, қозоқ тили эса давлат тили ҳисобланади. Бу эса Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган”, деб жавоб берган Сатжан.

Қозоғистонлик телебошловчининг қайд этишича, вокзаллар ўзларининг тарихий ҳудудий номларини қайтармоқда.

"Бунинг рус тилининг кўчишига нима алоқаси бор? Бизда эса нафақат давлат тилида, балки рус ва инглиз тилларида ҳам гаплашамиз. Бу бизнинг кучимиз!" дейди Сатжон.

Бундан ташқари, Тина Канделакининг ушбу гапларига қозоғистонлик депутат Константин Авершин ҳам жавоб қайтарган.

“Давлат тилини оммалаштириш борасидаги ҳар қандай қарор қабул қилинади. Биз ўз суверенитетимизни қўлга киритдик, биз мустақил давлатмиз ва ўз ҳудудимизда зарур деб билган ишни қилишга ҳақлимиз. Мен унинг кимлигини ҳам билмайман. Агар бирор нуфузли шахс гапирса, бу ҳақда фикр билдириш мумкин эди”, дейди Авершин.

Депутат Мақсат Тўлиқбай эса ҳозирда Қозоғистон аҳолисининг 70 фоиздан ортиғини этник қозоқлар ташкил этишини ва қозоқ тили мамлакат туб аҳолисининг катта қисмини бирлаштирганини таъкидлаган.

"Биз умумий тилга эга бўлишимиз керак. Биз шу йўлдан кетяпмиз. Аввало, давлат хизматчилари олдида мажбурият бўлиши керак, чунки аҳолимизнинг 70 фоиздан ортиғини қозоқлар ташкил этади. Биз ҳеч кимга босим ўтказмаймиз. Шунчаки, Конституцияда фақат давлат тилини қолдириш масаласини кўтариш вақти келди. Ҳозир аниқ саналарни айта олмаймиз, лекин тил масаласини албатта кўтарамиз”, дейди Мақсат Тўлиқбай.

Канделакининг юқоридаги айтган гапларига қозоқ ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳам жим қараб турмади. Бир фойдаланувчи "Тина, ўз жойингни бил, Қозоғистонда нима қилишимиз сенга боғлиқ эмас", дея изоҳ ёзган бўлса яна бир тармоқ фойдаланувчиси Миллий ўзлигини, она тилини йўқотган манқурт айнан сенсан дея изоҳ ёзган. 

Ҳа айтганча ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари уни асли рус эмас, грузин эканини ҳам унутмаган. Масалан, бир қозоқ фуқароси Instagram’да "Тина, Россия қўшни давлатнинг қонли урушини, тажовузкорлигини, босиб олишини ва геноцидини бошлаб берди", дея Украинани мисол қилиб келтирган ва Россия унинг асли ватани Грузияни ҳам босиб олганини эслатган. Аммо Канделакининг интернетдаги саҳифалари остига ёзилган изоҳлар дарров ўчирилиб юборилмоқда.

Эътиборли жиҳати, Тинанинг бундай айбловлари россияликлар томонидан биринчи марта айтилиши эмас.  Ўтган йилнинг охирида Россия Давлат Думаси депутати Евгений Федоров Қозоғистоннинг СССР таркибидан чиқишини ноқонунийлигини айтиб чиққанди. Журналист Дмитрий Стешин эса Қозоғистоннинг шимолий ҳудудлари тарихан Россияга тегишли эканини иддао қилганди.

Қозоғистон россияликлар томонидан таҳдид қилинган, айбловлар қўйилган Марказий Осиёдаги ягона давлат эмас. Хабарингиз бор яқинда “Путин жамоаси” ижтимоий ҳаракати аъзоси Захар Прилепиннинг Ўзбекистонни Россияга қўшиб олиш ҳақидаги гаплари ҳали эсимиздан чиққани йўқ, чиқмаса ҳам керак.

Расмий Москва эса Прилепин, Федоров каби одамларнинг бундай гапларини "уларнинг шахсий фикри", дея хаспўшлашдан чарчамайди. Бироқ россиялик машҳур шахсларнинг Марказий Осиё давлатларига таҳдидлари кўпайса-кўпайдики, асло камаймаяпти. Балки бу жиддий сигналдир, яна билмадик. “Ўзингни эҳтиёт қил, қўшнингни ўғри тутма” мақолига амал қиламиз, ҳозирча. Ҳа айтганча, сиз ҳам ўзингизни эҳтиёт қилинг ва QALAMPIR.UZ'ни кузатишда давом этинг.


Мақола муаллифи

Теглар

Тина Канделаки Динара Сатжан Мақсат Тўлиқбай

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг