Бир ой давомида ўқитувчи ва “боғча опа”лар бепул даволанади – ССВ

Жамият

image

Ўзбекистонда мактаб ўқитувчилари ва боғча тарбиячилари бир ой давомида бепул соғломлаштирилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Келтирилишича, мазкур ташаббус Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган. Унга кўра, жорий йил 1 июлдан 1 августгача Ўзбекистонда “Ўқитувчи ва мураббийлар саломатлиги ойлиги” акцияси ўтказилади.

Бу даврда республикадаги таълим соҳаси ходимлари – мактаб ўқитувчилари ва боғча тарбиячилари профилактик ва чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ҳамда скринингдан ўтказилади. Тиббий текширув натижаларига мувофиқ, аниқланган касалликлар бўйича давлат кўмагида уларнинг саломатлигини тиклаш ва мустаҳкамлаш чоралари кўрилади.

Бунинг учун дастлаб таълим соҳаси ходимлари орасидан тиббий хизматга эҳтиёжи бор контингент рўйхати шакллантирилиб, улар ёши, жинси ва саломатлик ҳолатидан келиб чиқиб, тегишли гуруҳларга ажратилади.

Шундан сўнг улар махсус тиббий бригадалар томонидан профилактик ва чуқурлаштирилган текширувлардан ўтказилади.

Тиббий кўриклар якунида:

  • ҳаётида илк бор сурункали касаллик аниқланганлар диспансер назоратига олиниб, индивидуал соғломлаштирилади;
  • ўткир ва сурункали хасталиклар қайд этилган беморлардан бир гуруҳи бирламчи бўғиндаги кундузги шифохоналарда амбулатор шароитда, стационар ёрдамга муҳтож қатлам эса туман, шаҳар ҳамда вилоят миқёсидаги тиббиёт муассасаларида даволанади;
  • юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдамга эҳтиёжи бор беморларга вилоят ва республика муассасаларига имтиёзли йўлланмалар тақдим этилади.

Ўз навбатида олис ва чекка ҳамда чегара ҳудудларда сайёр тиббий бригадалар томонидан кўриклар ўтказилади.

Маълумотларга кўра, айни дамда 10 118 та умумтаълим мактабида 6,3 миллион нафардан зиёд ўқувчига қарийб 510 минг нафар ўқитувчи таълим беради. Шунингдек, 29 420 та мактабгача таълим ташкилоти бўлиб, уларда 2,1 миллион нафар бола тарбияланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўқитувчи боғча опа

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made