“Беш қўл баробар эмас”. Санъаткорларга уй учун субсидия берилишига изоҳ берилди

Маданият-санъат

image

Аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси узоқ йиллардан буён санъат соҳасида самарали фаолият олиб борган маданият ва санъат соҳаси вакилларига ҳамда истеъдодли ёш ижодкорларга уй учун субсидия ажратмоқчилиги ҳақида маълум қилган эдик. Шундан сўнг ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари санъаткорлар тўй-ҳашам, туғилган кунлардан қўшимча даромад топиши, уларга субсидия керакмаслигини айтиб, ўз норозиликларини билдиришди. Ушбу хабарлар фонида Маданият вазирлиги муносабат билдириб чиқди. 

Ўзбекистон Республикасининг “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги Қонуни 3-моддасида ўз касбий фаолиятини маданият ташкилотларида амалга оширувчи жисмоний шахс маданият ходими, касбий ёки нокасбий асосда (ҳаваскорлик асосида) маданий фаолиятнинг бир ёхуд бир неча йўналиши бўйича ижодий фаолият билан шуғулланувчи жисмоний шахс ижодкор эканлиги кўрсатиб ўтилган.

Маданият ва санъат соҳаси вакиллари, ижодкорлар, шунингдек, ушбу соҳада фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчи ва ходимларни моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш “2022 – 2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”нинг 76-мақсадида белгиланган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 2 февралдаги қарори 11-бандида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари қарори билан маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ушбу ҳудудда узоқ йиллар самарали фаолият олиб борган маданият ва санъат соҳаси вакилларига ҳамда истеъдодли ёш ижодкорларга ипотека кредити асосида сотиб олинаётган уй-жой қийматининг 50 фоизи миқдорида, бироқ Президентнинг 2021 йил 9 декабрдаги Фармонига мувофиқ белгиланган уй-жой ҳисобланган қийматининг 50 фоизидан юқори бўлмаган миқдорда субсидия берилиши белгилаб қўйилган.

Қайд этилишича, бугунги кунда маданият ва санъат соҳасида 36 мингдан ортиқ ходимлар фаолият олиб боради. Улардан 850 нафардан зиёди олий таълим тизимида, 2500 нафари ўрта ва ўрта махсус таълим тизимида, 12 минг нафардан ортиқ ўқитувчилар болалар мусиқа ва санат мактабларида, 9 минг нафардан кўпроқ мураббийлар маданият марказларида, 6 минг нафардан ортиқ ижодкорлар театр ва цирк соҳасида, 2 900 нафардан ортиқ санъаткор ва ижодкорлар концерт-томоша соҳасида  меҳнат қилиб келмоқда.

Вазирликнинг билдиришича, халқаро миқёсдаги кўрик-танловлар ва фестивалларда юқори ўринларни эгаллаб, Ўзбекистон номини улуғлашга ҳамда маданият ва санъат соҳаси ривожига катта ҳисса қўшаётган маданият ва санъат соҳаси вакилларининг аксарияти узоқ йиллардан буён оилавий ётоқхоналарда ва ижара уйларда яшаб келишмоқда.

“Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда иддао қилинаётганидек, маданият ва санъат соҳаси вакилларининг ҳаммаси ҳам бир хилда тўй-ҳашам, туғилган кун ва ёки бошқа тадбирларда хизмат кўрсатиш, қўшимча даромад топиш имкониятига эга эмас. Интернет сайтлари, ижтимоий тармоқ саҳифалари, расмий нашрлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш порталида маданият ва санъат соҳаси вакиллари шаъни ва қадр-қимматини камситиш ёки ёлғон, шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш каби ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаган ҳолда қонунчилик ҳужжатлари юзасидан асосланган таклиф ва мулоҳазалар билдирилишини сўраб қоламиз”, дейилади вазирлик муносабатида.


Мақола муаллифи

Теглар

Маданият вазирлиги субсидия Санъаткорлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made