Баҳодир Жалоловга икки хонали уй топширилди
Спорт
−
24 Май 2019
5316Сурхондарё вилояти ҳокимлиги биносида бокс бўйича Ўзбекистон мамлакатимиз терма жамоаси аъзоси, халқаро тоифадаги спорт устаси, Жаҳон кубоги соҳиби, жаҳон ҳамда Осиё чемпионатлари совриндори, кўплаб халқаро мусобақалар ғолиби Баҳодир Жалоловга Термиз шаҳридан барча шароитларга эга 2 хонали уйнинг калити тантанали тарзда топширилди.
Шу муносабат билан уюштирилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спорт федерациялари мутасаддилари, мураббийлар ҳамда спортчи ёшлар иштирок этишди.
Маълумот учун, Баҳодир Жалолов 1994 йилнинг 8 июлида Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида туғилган.
Б. Жалолов 2015 йилда Россияда ўтказилган бокс бўйича Жаҳон кубогида халқаро миқёсдаги илк зафарли жангини ўтказиб, олтин медал соҳибига айланган. У кўплаб халқаро мусобақалар қатори 2016 йилда Бразилиянинг Рио де Жанейро шаҳрида ўтказилган Ёзги Олимпия ўйинлари иштирокчиси ҳамдир.
Иқтидорли боксчи 2019 йилнинг апрель ойида АҚШнинг Нью-Йорк штатида ўтказилган баҳсларда “NABF Junior” титул камарини, Таиландда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида олтин медални қўлга киритган. У ҳозирда 2020 йилда Япониянинг Токио шаҳрида ўтказиладиган ёзги Олимпия ўйинларига пухта ҳозирлик кўрмоқда.
“Бундай эътибор ва ғамхўрлик менга нуфузли халқаро мусобақаларда Ватанимиз спорт шарафини муносиб ҳимоя қилишда зиммамда янада катта масъулият юклайди”, дейди маҳоратли боксчи Баҳодир Жалолов.