... 2018 йил – “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”
МЕНЮ
ONLINE TV

АҚШдаги ўзбекистонликларнинг эгаси йўқми? Ёхуд ОВИРини янгилолмаётган фуқаро ўзини яна қайси эшикка урсин?


18:54, 26.01.2018 Жамият
 6 042

АҚШ ривожланган мамлакат! Бу мамлакатдаги Ўзбекистон элчихонаси, консуллик фаолиятига ҳам мамлакатга берилгандек баҳо берарсиз. Бироқ...

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг сентябрь ойида АҚШга қилган ташрифи давомида мамлакатда истиқомат қилаётган ўзбекистонликлар билан учрашиб, уларни Ватанга қайтишга чорлаган эди.
 
Давлат раҳбари жорий йилнинг 11 январь куни Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари фаолияти таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказиб, унда қатор муаммоларга эътиборини қаратган эди. Бунда Президент хорижда юрган Ўзбекистон фуқароларнинг муаммоларига ечим топишга алоҳида тўхталганди.
 
Айни дамда Ўзбекистоннинг ўқиш ва иш сабаблари билан океан ортида яшаётган фуқаролари жуда кўп. АҚШ ривожланган мамлакат! Бу мамлакатдаги Ўзбекистон элчихонаси, консуллик фаолиятига ҳам мамлакатга берилгандек баҳо берарсиз. Ҳар ҳолда биз асли Ўзбекистон фуқароси бўлган, айни дамда АҚШда яшаётган Малика Шарипованинг фикр-мулоҳазаларини, у дуч келган қийинчиликлар ҳақидаги ҳикояни ўқиб, бундай фикрга бормадик. Шарипова ижтимоий тармоқларда шундай ҳикоя қилади:
 
“Яна қалбдаги оғриқлар ёки Ўзбекистоннинг АҚШ даги консулхонасига кириш учун бесамар уринишлар ҳақида.
Мени бир савол қийнайди, нима учун Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги консулхонасига йўлланган саволларга бирон-бир жавоб олиш учун жуда кўп асаб сарфлашим ва сочларимнинг оқини кўпайтиришим керак? Шунинг учун бир неча ташкилотларга мурожаат қилишга қарор қилдим, кўрамиз, қанақа жавоб бўларкин?
 
Сизларга ҳозирги вақтда АҚШ ҳудудида яшайдиган, АҚШ резиденти (грин кард эгаси) бўлган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси мурожаат қилмоқда.
 
Мен кейинги 4,5 йилда Ўзбекистонга бормаганим, менинг паспортимга қўйилган ОВИР муддати тугагани учун, мен масофадан туриб Тошкентдаги яшаш жойимдан рўйхатдан чиқиб, АҚШдаги консулхонада рўйхатдан ўтишга ҳаракат қилдим. Бу билан мен бутун дунё бўйлаб эркин ҳаракатланиш давомида Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини бузмасликни, хусусан, ЖКнинг 223-моддаси 1-қисми бўйича айбланмасликни хоҳлаган эдим.
 
Мен бир ҳафта давомида консулхонанинг кўрсатиб қўйган телефонига қўнғироқ қилдим, афсуски, ҳеч ким телефон гўшагини кўтармади, гарчи консулхонада иш вақти эрталабки соат 10:00 дан 13:00 гача, 15:00 дан 17:00 гача деб ёзиб қўйилган бўлсада. Менинг уринишларим самарасиз якунлангандан кейин консулхонанинг кўрсатилган электрон манзилига хат йўлладим. Ҳанузгача жавоб олганим йўқ.
 
Шундан сўнг, мен АҚШ ҳудудида яшайдиган танишларимга маслаҳат сўраб мурожаат қилдим. Ва шу баҳона консулхона хизматидан норози бўлганларнинг кўплаб одамларнинг узундан-узоқ тарихини эшитдим. Улар ҳам ҳафталаб телефон қилиб тушолмаган, бошқа Штатлардан “учрашиш” учун келганида кечикса ёки вақтида келмаса консулхона ходимлари томонидан дакки эшитгани ҳақидаги хотираларини сўзлаб беришди. Алоҳида таъкидлашни истардимки, мен ҳеч кимдан консулхона шаънига биронта ҳам ижобий фикр эшитмадим.
 
Консулхона ходимларининг шунақа ҳурматсизлик, бефарқлик билан қилган муносабатларидан кейин кўпгина ватандошларимиз иккиланмасдан, афсусланмасдан бошқа давлат фуқаролигини қабул қилмоқда. Чунки улар бунақа муносабатга тоқати ҳам вақти ҳам йўқ.
 
Мен тушунаман, АҚШ ҳудудида жуда кўп Ўзбекистон фуқаролари истиқомат қилади, шу сабабли элчихона ва консулхона уларнинг мурожаатларини қисқа муддат ичида кўриб чиқиши жисмонан иложсиз. Лекин бу ҳолат расмий ходимларнинг табиясизлиги, бефарқлиги ва расво тизимни барпо этганини оқламайди. 
 
Биринчидан, ҳозирги вақтда ҳар бир ташкилот ўз электрон почтасида хатларнинг олингани ҳақида хабар берадиган автоматик жавоб берадиган воситани ўрнатиб қўяди. Консулхона фуқароларни қабул қилиш бўйича виртуал қабулхона жорий қилиши ҳам мумкин. Майли, одамларниг саволига жавоб бериш кўп вақтни олсин, лекин одамлар ўзларининг навбати қачон келиши, муаммоси ўрганилаётгани ва қачон жавоб олиши мумкинлигини билиб туради.
 
Иккинчидан, мен ишонаманки, ташриф буюрадиганларнинг аксарияти ўхшаш саволлар билан мурожаат қилишади. Шундай экан, улар қиладиган муаммоларни ўрганиб, уларни ҳал қилиш бўйича йўриқнома ишлаб чиқиб қўйса бўлади-ку. Бу ходимларнинг ҳам, ташриф буюрувчи фуқароланинг ҳам ҳаётини енгиллаштиради.
 
Учинчидан, менга бир ҳолат юзасидан тушутириш беринг: Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисидаги қонуннинг 21-моддасида белгиланган “агар чет элда доимий яшовчи шахс уч йил ичида узрли сабабларсиз консуллик ҳисобига турмаган бўлса” фуқароликнинг йўқотилишига олиб келади, дейилганда консулхоналарнинг қонунда белгиланганидек ишламаслиги “узрли сабаб” ҳисобланадими ёки йўқми?  
 
Ўзбекистоннинг хорижда яшаётган фуқароси сифатида давлат томонидан қандайдир ёрдам берилаётганини умуман ҳис қилмайсан, муаммолар чиқиб қолса кимга мурожаат қилишни ҳам билмайсан, билганинг “ўзимизникилар” аниқ ёрдам бермайди.
 
Мен жуда ҳам кўп иқтидорли ва катта муваффақиятларга эришган, ўзларининг Ўзбеклигидан фахрланадиган одамларни биламан. Улар ҳам ўз ватанига ёрдам бергиси, ривожланишига ҳиссасини қўшгиси келади, лекин, оддий саволларига суюкли ватанимизнинг ҳокимият вакилларидан жавоб эшитмаганидан кейин, ноиложликдан  таслим бўлишади. Ҳеч қанақа қўллаб-қувватлаш йўқ, бирлашиш йўқ ва ҳеч ким масъулиятни ўз зиммасига олишни хоҳламайди.
 
Мен бу мурожаатим билан биздаги тизимни қуруқ танқид қилиш ниятим йўқ. Мен ўз ватанимни севаман, чиқиб кетганимнинг эса сабаблари бор. Бугун кўпчиликда катта ўзгаришларга умид пайдо бўлди, кимлардир бу ўзгаришлардан баҳра олишга ҳам улгурди. Лекин ўз ватанини яхши томонга ўзгартириш ёшидан, мавқеидан, лавозимидан қатъи назар ҳар бир одамда бўлиши керак. Бу фазилат давлат хизматчисида эса янада кўпроқ бўлиши керак. Чунки, улар ўзларини тутиши ва ўзгаларга муносабати билан бизнинг ватанимиз ҳақидаги тасаввурни пайдо қилади, афсус билан қайд этиш керакки, бу тасаввурлар ҳозирча яхши эмас.
 
Шавкат Миромонович ўзининг дипломатик корпус вакиллари билан ўтказилган учрашувида хорижда ишлаётган кўплаб консуллар ва элчилар ҳақида ўзининг фикрларини билдирди. Шунда Шавкат Миромонович ўзбекларни ватанига қайтариш учун шароитлар яратиш истагини баён қилди. Агар бизнинг ваколатхоналардаги ходимлар ўз фуқароларининг дардини тингламаса ва ўз лавозим вазифаларига беписандлик билан муносабатда бўлса ёрқин келажаклар ҳақидаги гаплар бизнинг орзуимизда қолиб кетишидан қўрқаман”.
 
Малика Шарипова ўз ёзларида маълум қилишича, бугунги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги элчихонаси, Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги  консулхонасига расмий мурожаатлар билан чиққан. 

Теглар:АҚШ Ўзбекистон элчихонаси Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар