15! Кеча коронавирус аниқланган бемор бир кун ўтиб вафот этди
Жамият
−
31 Май 2020
29779Ўзбекистонда ўн бешинчи одам коронавирус қурбони бўлди. Бу ҳақда бугун, 31 май куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, 1957 йилда туғилган пойтахтлик Х. да шу йилнинг 30 май куни COVID-19 аниқланиб, Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасига ётқизилган эди. 63 ёшли (аёл) бемор шу йилнинг январь ойида бош мия қон айланишининг ўткир бузилиши (инсульт) ташхиси билан даволанган.
Беморнинг даволаниши давомидаги кунлик аҳволи мамлакатимиздаги шу соҳага ихтисослашган тиббиёт муассасаларининг мутахассислари назоратида бўлган. Улар томонидан мунтазам консилиумлар ўтказиб турилган. Бироқ невропатолог, кардиолог, вирусолог, пульмонолог, реаниматологларнинг белгиланган стандартлар асосида ўтказган реанимацион муолажаларига қарамасдан сунъий нафас олиш аппаратида бўлган бемор бош мия қон айланишининг ўткир бузилиши, ўпка-юрак етишмовчилигидан вафот этди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Ҳозирда мамлакатда коронавирусга чалинганлар 3583 нафарни ташкил қилмоқда. Бугунгача 2837 нафар бемор соғайган.
LiveБарчаси