Алиев қуролли тўқнашув бўйича мурожаат билан чиқди
Олам
−
27 Сентябрь 2020
14798Бугун, 27 сентябрь куни Озарбайжон ва Арманистон қуролли кучлари ўртасида содир бўлган ва давом этаётган қуролли тўқнашув хусусида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат қилди. Унинг мурожаати барча маҳаллий телеканаллари орқали намойиш этилди.
Озарбайжон армияси душманга қаттиқ зарба бераяпти, дейди Президент Илҳом Алиев халққа мурожаатида.
"Ҳозирда Озарбайжон армияси душманнинг ҳарбий позицияларига зарбалар бермоқда ва ушбу зарбалар натижасида душманнинг кўплаб ҳарбий техникалари яроқсиз ҳолга келтирилди", дейди Озарбайжон Қуролли Кучлари Олий қўмондони.
Давлат раҳбари Арманистон азалдан Озарбайжонни атайлаб провокация қилиб келганини эслади.
Президентнинг айтишича, бугун, 27 сентябрь куни эрталаб Арманистон Озарбайжонга қарши навбатдаги ҳарбий провокацияни бошлаган.
Унинг қайд этишича, Арманистон қуролли кучлари турли хил қуроллардан, шу жумладан оғир артиллериядан фойдаланган ҳолда бир неча йўналишлардан аҳоли пунктларига, бир вақтнинг ўзида ҳарбий позицияларга қарата ўқ узган. Озарбайжоннинг тинч аҳолиси ва ҳарбий хизматчилари орасида қурбонлар ва ярадорлар бор.
Расмий Ереван эса қуролли ҳужум Озарбайжон тарафидан бошланганини айтиб келмоқда.
“Озарбайжон ҳеч қандай провокация қилмади. Биз ўз ҳудудимизда жанг қилмоқдамиз. Бугун Озарбайжон армияси, Озарбайжон ерларида, душманга қаттиқ зарба бераяпти”, дейди Илҳом Алиев Ереванга жавобан.
Давлат раҳбари, агар хоҳласа, Озарбайжон томони жангларни Арманистон ҳудудига ўтказиши мумкинлигини таъкидлади: "Аммо Арманистон ҳудудида бизнинг ҳарбий мақсадларимиз йўқ".
Эслатиб ўтамиз, расмий Бакуга кўра, Тертер минтақасидаги Гапанли қишлоғи, Агдам вилоятининг Чирагли ва Ўрта Гервенд қишлоқлари, Физули вилоятининг Алханли ва Чукурбейли қишлоқлари ва Жеброил вилоятининг Жожуг Маржанли қишлоғига Арманистон томонидан интенсив ўқ отилган. Натижада тинч аҳоли орасида ўлдирилган ва яраланганлар бор. Фуқаролик инфратузилмасига жиддий зарар етказилган.
Мазкур ҳолатга нисбатан аллақачон Россия ва Туркия Ташқи ишлар вазирликлари муносабат билдирди.