“Ўзбекистон темир йўллари“ қайта тикланган қатнов вақтларини эълон қилди
Жамият
−
16 Май 2020
14926Аввалроқ, Коронавирусга қарши курашиш ва уни олдини олиш бўйича Республика махсус комиссияси томонидан Карантин даврида маҳаллий йўналишларда темир йўл қатновларини йўлга қўйишнинг Вақтинчалик тартиби тасдиқланганди ва унга кўра жорий йилнинг 18 май кунидан бошлаб, карантин даврида маҳаллий йўналишларда авиа ва темир йўл қатновларини амалга ошириш бошланади. Мазкур тартибга биноан, темир йўлларда Тошкент шаҳридан Навоий, Бухоро, Қарши шаҳарларига “Афросиёб” тезюрар поезди ҳамда Фарғона водийсига темир йўл қатнови (бориш ва қайтиш) қайта йўлга қўйилади. Бу ҳақда бугун, 16 май куни “Ўзбекистон темир йўллари“ ўз сайтида маълум қилди.
Таъкидланишича, темир йўл қатновларини ташкил этишда барча карантин қоидаларига амал қилиш, шу жумладан, йўловчилар сонини камайтириш, дезинфекция қилиш ва бошқа санитария талаблари сўзсиз бажарилиши талаб этилади. Шунингдек, поездларга чиқаётган йўловчилар учун муҳим шартларидан бири – Санитария-эпидемиологик осойишталиги маркази томонидан коронавирус инфекциясига тест таҳлиллари олинганига 120 соатдан кўп бўлмаган ва таҳлил натижаси “манфий” эканлиги ҳақидаги маълумотномага эга бўлишлари керак.
Поездларга электрон чипталар онлайн тарзда сотилади. Электрон чипта олиш имконияти бўлмаган йўловчилар, ўрнатилган тартибда дезинфекция ишлари амалга оширилгандан темир йўл вокзал кассаларидан чипта расмийлаштиришлари мумкин. Чипта олган йўловчилар томонидан йўловчилар сўровномаси (маршрут варағи) тўлдирилади.
Шундай қилиб, қуйидаги жадвал бўйича қатновларни амалга оширилади:
2020 йил 18 май куни соат 07:00 дан Тошкент – Навоий – Бухоро йўналишида №762-сонли “Афросиёб” юқори тезликда ҳаракатланувчи поезд “Тошкент-Марказий“ темир йўл вокзалидан жўнаб, ўша куни соат 16:28 дан Бухоро – Навоий – Тошкент йўналишида №761-сонли “Афросиёб” юқори тезликда ҳаракатланувчи поезд Тошкентга қайтади.
2020 йил 18 май куни соат 08:00 дан Тошкент – Қарши йўналишида №760-сонли “Афросиёб” юқори тезликда ҳаракатланувчи поезд “Тошкент-Марказий“ темир йўл вокзалидан жўнаб жўнайди ва ўша куни соат 17:58 дан Қарши – Тошкент йўналишида №759-сонли “Афросиёб” юқори тезликда ҳаракатланувчи поезд Тошкентга қайтади.
2020 йил 18 май куни соат 08:05 дан “Тошкент-Жанубий“ вокзалидан Тошкент – Андижон йўналишида №60-сонли поезд жўнайди ва ўша куни соат 15:33 дан Андижон – Тошкент йўналишида №59-сонли тезюрар йўловчи поезд Тошкентга кириб келади.
Эслатиб ўтамиз, кеча “Uzbekistan Airways“ авиакомпанияси ҳам қайта тикланган парвозлар вақтини эълон қилган эди.
LiveБарчаси