Аёвсиз калтаклаб ўлдиришган – Ниғматилла Йўлдошев терговдаги қийноқлар ҳақида

Жамият

image
Махсус фильм: Бош прокуратурадаги даҳшатли қийноқлар (18+) north_east

Махсус фильм: Бош прокуратурадаги даҳшатли қийноқлар (18+)

Ўзбекистон Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев Олий Мажлис Сенатининг тўртинчи ялпи мажлисида тергов вақтида қийноққа солиш ҳолатларининг олдини олши бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида маълумот берди.

“Жиноят кодексининг 235-моддасида қийноққа солиш масалалари белгиланган. Унга кўра, эндиликда нафақат ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, улар билан биргаликда барча давлат ва маҳаллий ҳокимият органларининг ходимлари, шу билан бирга оддий фуқаролар ҳам ушбу жиноят субъекти бўлиши мумкин. 235-модда (қийноққа солиш) санкциясида озодликдан маҳрум қилиш жазоси 7 йилдан 10 йилга узайтирилди.

Содир этилган ўта оғир жиноят ишлари бўйича айрим тергов ҳаракатлари – воқеа жойини кўздан кечириш, тергов экспертизаси ўтказиш, воқеа содир бўлган жойга чиққан ҳолда ўрганиш масалаллари бевосита видеоёзув олган ҳолда ўтказилиши имкон яратилди. Ташкилий жиҳатдан ҳар бир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ички назорат тизими бор. Ушбу инспекция ходимлар устидан тушган шикоят ва аризаларни ўрганиб, номуносиб ходимларни четлатиш билан шуғулланади.

Бундан ташқари, тергов ҳибсхонаси ва тергов изолятори, вақтинча ушлаб туриш хонаси ва жазони ижро этиш муассасаларида 3 мингдан ортиқ ҳам аудио, ҳам видео ёзув ускуналари ўрнатилди”, дейди Ниғматилла Йўлдошев.

Бош прокурорнинг сўзларига кўра, қийноққа солиш ҳолатлари ўз касби бўйича етарли тажриба ва малакага эга бўлмаган, савияси паст ходимлар томонидан содир этилади.

“Терговда қийноққа солиш бўйича қонун бузилиш ҳоллари ўз касбида етарли тажриба, малакага эга бўлмаган, савияси паст ходимлар томонидан содир этилишини ҳам алоҳида таъкидлаш керак. Улар қонуний йўл билан жиноятни фош қилиш йўлини билмагани учун шунга қўл уришади”, деди Йўлдошев.

Ниғматилла Йўлдошев Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида рўй берган воқеани мисол қилиб кўрсатди.

“Чироқчи туманида туман ички ишлар бўлимининг икки нафар ходими – Жонқобилов ва Облаевлар ўғриликда гумон қилинган фуқарони ички ишлар биносида аёвсиз калтаклаб, шафқатсизларча тан жароҳати етказиб ўлдиришган. Оқибатда унинг 4 нафар фарзанди етим бўлиб қолди.

Улар жазосини олади, лекин бу билан нима ўнгланиб қолади? Шу нуқтайи назардан, давлат раҳбари томонидан бундай ҳолатларнинг сабабларини аниқлаш, кейинчалик бундай ҳолатларга йўл қўймаслик учун тергов, терговгача текширув ва суриштирув ишларини такомиллаштириш топшириғи берилди. Бу бўйича прокуратура томонидан Президент фармони ва қарори лойиҳалари ишлаб чиқилган”, деди Ниғматилла Йўлдошев.

Тергов органларидаги қийноқ масаласида сайтимизда ҳам жиддий журналистик суриштирув натижалари эълон қилинганди. “Махсус фильм: Бош прокуратурадаги даҳшатли қийноқлар (18+)” номли мақолада “Бекобод металлургия иши” жиноий иши бўйича бўйича 30 дан ортиқ фуқаролар жиноят кодексининг талон-торож қилиш ва бошқа моддалари билан айблангани ва улар Бош прокуратура биносида аёвсиз таҳқирлангани ҳамдақийноққа солингани ҳақида сўз юритилган.

Ниғматилла Йўлдошев эслатиб ўтган “Чироқчи воқеаси”га келсак, жорий йилнинг январь ойида Чироқчи туманида мол ўғирлашда гумон қилинган 32 ёшли фуқаро ИИБ биносида калтакланиб, вафот этган эди.

Шундан сўнг икки нафар ички ишлар ходими қамоққа олиниб, кейинроқ, март ойида Чироқчи туман ИИБ бошлиғи ва унинг ўринбосарлари ишдан олинганди. Жиноят иши бўйича тергов иши қай аҳволда, унинг якунлари бўйича бошқа маълумотлар берилмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Сенат ялпи мажлис Ниғматилла Йўлдоешв

Баҳолаганлар

1325

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг